Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида электр энегиясидан ноқонуний фойдаланган корхона аниқланди. Бу ҳақда Ўзэнергоинспекция матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан бир қатор назорат тадбирлари ўтказилган. Тадбирлар давомида Сайхунобод туманида фаолият юритувчи “Д. П. Т.” МЧЖ электр қурилмаларини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, электр энегиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
“Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 609 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.
Бундан аввал Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган “I.С.С.” МЧЖга қарашли мебел ишлаб чиқариш корхонаси 1,1 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани фош бўлганди.
Изоҳ (0)