Европанинг айрим давлатлари, жумладан, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Франция Ғазодаги можарони якунлаш мақсадида Исроилга нисбатан савдо санкциялари ва қурол-яроғ савдосига чекловлар киритиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб хабар берди Bloomberg агентлиги.
Bloomberg маълумотларига кўра, Берлинда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумати борасидаги норозилик кучайган.
Бу норозилик, айниқса, май ойининг ўрталарида Исроил ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётларни кучайтиргани ва Ғазога гуманитар ёрдамни тўсишда давом этгани ортидан ошган.
Германия канцлери Фридрих Мерц аввалроқ берган баёнотида Ғазодаги гуманитар вазиятни эндиликда “ҲАМАС терроризмига қарши кураш” билан оқлаб бўлмаслигини айтган эди.
Агентликнинг ёзишича, тобора кўпроқ давлатлар Исроилга нисбатан санкциялар жорий этишга чақирмоқда ва Европа Иттифоқини бу борада чоралар кўришга ундамоқда.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас май ойида кўпчилик давлатлар Исроил билан мавжуд савдо битимини қайта кўриб чиқиш тарафдори эканини маълум қилганди.
Шундан сўнг Германия канцлери Фридрих Мерц Германия — Исроилнинг асосий қурол етказиб берувчиларидан бири сифатида — ҳарбий экспортга чекловлар киритиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирган эди.
Изоҳ (0)