Хитойнинг Гуандун провинциясида бир ҳафта ичида чикунгуня иситмаси билан касалланишнинг 2 892 та янги ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Global Times хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, 27 июлдан 2 августгача бўлган даврда 3 000 га яқин иситма ҳолати қайд этилган. Уларнинг 2 770 таси Фошан шаҳрида, яна 65 таси Гуанчжоуда аниқланган.
Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси Фошанда вирус тарқалишининг олдини олиш учун санитария ва эпидемиологик чораларни кучайтириш, шунингдек, чивинлар кўпаядиган жойларни йўқ қилишга чақирган.
Чикунгуня — чивинлар орқали юқадиган Аэдес авлодига мансуб ўткир юқумли касаллик бўлиб, унга қарши аниқ дори мавжуд эмас. Касаллик қуйидаги симптомлар билан кечади:
- тана ҳароратининг кўтарилиши,
- бўғимлардаги кучли оғриқ,
- терида тошмалар.
- Баъзи ҳолларда касаллик сурункали шаклга ўтиши ёки оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Мутахассислар аҳолига қуйидаги чораларни кўришни тавсия қилмоқда:
- чивинларга қарши дорилар ва махсус воситалардан фойдаланиш,
- дераза ва эшикларга чивинга қарши панжара ўрнатиш,
- очиқ ҳавода енгил, узун кийим кийиш,
- сув тўпланадиган жойлар ва чиқиндиларни мунтазам тозалаш.
Шунингдек, май ойи охирида Россиянинг Шри-Ланкадаги элчихонаси оролда чикунгуня безгаги авж олаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Дипломатик ваколатхонага кўра, бу сўнгги 20 йилдаги энг йирик эпидемия ҳисобланади.
Изоҳ (0)