Беларусь президенти Александр Лукашенко чорвачиликдаги вазиятдан жиддий хавотир билдирди ва озиқ-овқат тақчиллигига йўл қўймаслик учун вазиятни зудлик билан тузатишга чақирди. Бу ҳақда унинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича йиғилишидаги нутқига таяниб, “Пул Первого” хабар берди.

Агар ҳозиргидек ёки кечагидек чорва нобуд бўлиши давом этаверса ва чорва қирилиб кетаверса, биз шундай аҳволга тушамизки, ейишга ҳеч нарса қолмайди, деди Лукашенко.
У йиғилишда аграр секторнинг қониқарсиз фаолияти сабаб бўлганини таъкидлади. Сиёсатчи қишлоқ хўжалигидаги беқарорлик сақланиб қолаётгани, бу меҳнат интизомининг сустлиги билан боғлиқ эканини айтди. Мисол тариқасида Лукашенко ўзи самарали деб ҳисоблаган совет бошқарув тизимини келтирди.
Совет даврида ҳам одамларни ишлашга мажбур қилганимни эслайман. Натижа бўларди. Интизом бўлиши шарт. Озгина бўшаштирса, ҳаммаси издан чиқиб, қулаб тушади, дея тушунтирди у.
Беларусда картошка ва баъзи сабзавотларнинг етишмаслиги фонида чорвачилик соҳасидаги муаммолар ҳам кескинлашди. Май ойи охирида Лукашенко чорва моллари нобуд бўлиши кўламига эътибор қаратган эди. У бу антирекордга етганини айтганди.
Сиёсатчи тезкор чоралар кўришни талаб қилиб, ечим вариантларидан бирини таклиф қилган. Бу “самарасиз хўжаликлар”дан ҳайвонларни сотиб олиш ва уларни тегишли сақлаш шароитлари ҳамда ветеринария назоратини таъминлай оладиган хўжаликларга топширишни назарда тутади.
Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда чорва молларининг нобуд бўлиши 2023 йилга нисбатан кўпайиб, 147,9 минг бошни ташкил этган. 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида бу кўрсаткич 52 мингга етган.
Изоҳ (0)