Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб 13 июнда Тошкентдан учадиган бир нечта рейслар бекор қилинди.

Uzbekistan Airports матбуот хизматининг хабар беришича, булар:
- FlyDubai авиакомпаниясининг Дубай—Тошкент—Дубай йўналиши бўйича ФЗ-1945/1946 рейслари;
- Аir Arabia авиакомпаниясининг Шаржа—Тошкент—Шаржа йўналиши бўйича Г9-270/271 рейслари;
- Asia Union авиакомпаниясининг Тошкент —Мадина—Тошкент йўналиши бўйича 7қ-141/142 рейслари.
Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб шу куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент—Жидда йўналишидаги HY5343 рейси, Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкент—Дубай йўналишидаги FЗ1942 рейси Тошкентга қайтишга мажбур бўлганди.
Air Cairo авиакомпаниясининг Олмаота—Шарм аш-Шайх йўналиши бўйича СМ882 рейси ва Qatar Airways авиакомпаниясининг Сеул—Доҳа йўналиши бўйича QR8985 рейси Тошкент аэропортига фавқулодда қўнди.
Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга йирик кўламда ҳужум уюштириб, мамлакат ядровий дастурининг асосий объектлари ва юқори мартабали ҳарбий раҳбарларини нишонга олди. Мамлакат фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳаво ҳудудини ёпди. Исроил Эрондан жавоб ҳужумини кутмоқда. Эрон Исроил ҳужумларига қатъий жавоб қайтаришни ваъда берди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси эҳтимолий ракета ҳужумлари сабаб билан ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилди. Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси ҳам фуқароларга хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни, шунингдек, Эрон ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини мунтазам равишда кузатиб боришни тавсия қилди.
Изоҳ (0)