Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларга 13 июнь куни огоҳлантириш билан чиқди.

Унда Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши, ракета отишмалари кутилиши муносабати билан Эрондаги Ўзбекистон фуқароларига хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, Эрон ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини мунтазам равишда кузатиб бориш тавсия қилинди.
“Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо ўзингиз билан олиб юринг”, дейилади хабарда.
Агар сизга шошилинч ёрдам ёки маслаҳат керак бўлса, Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилиш мумкин:
Фавқулодда ёрдам телефонлари:
- 22299780
- 22832025
Электрон почта: ири.uzembassy@mfa.uz
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси эҳтимолий ракета ҳужумлари сабаб билан ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилганди.
Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга йирик кўламда ҳужум уюштириб, мамлакат ядровий дастурининг асосий объектлари ва юқори мартабали ҳарбий раҳбарларини нишонга олди. Исроил кейинги ҳаракатларга тайёргарлик кўриш мақсадида ўн минглаб аскарларни жалб қилаётгани таъкидланган. Мамлакат фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳаво ҳудудини ёпди. Исроил Эрондан жавоб ҳужумини кутмоқда.
Эрон Исроил ҳужумларига қатъий жавоб қайтаришни ваъда берди. “Душманлар қуролли кучлардан қатъий жавоб кутсин. Қуролли кучларимиз бунга ҳар томонлама тайёр ва албатта қатъий жавоб беради”, деган Эрон қуролли кучлари генерали Аболфазл Шекарчи.
Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб 13 июнь куни Uzbekistan Airwaysʼнинг Тошкент—Жидда рейси ва Fly Dubaiʼнинг Тошкент—Дубай рейси ортга қайтарилди. Шунингдек, Аir Cаiroʼнинг Олмаота—Шарм аш-Шайх рейси ва Qatar Airwaysʼнинг Сеул—Доҳа рейси Тошкентга фавқулодда қўнди.
Изоҳ (0)