Президент қарори билан Ўзбекистонда ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодларининг рўйхати тасдиқланиб, импорт божхона божи ставкаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнини жадаллаштириш, импорт божхона ставкаларини қўллаш самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлаш учун амалдаги божхона тарифларини Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига (ТИФ ТН) мувофиқлаштиш мақсад қилинган.
Асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб қуйидагилар белгиланди:
- Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг кодларини Жаҳон божхона ташкилоти ва ЖСТ қоидалари асосида юритиш;
- Импорт божхона божлари ва Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодларини ягона ҳужжат асосида тизимлаштириш.
2027 йилдан Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳисобига ТИФ ТН бож тарифи билан биргаликда юритилади.
Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг маълум қилишича, ТИФ ТНнинг 6 та хоналик кодлари Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ҳар беш йилда ишлаб чиқилади ҳамда барча давлатлар учун мажбурий ҳисобланади. МДҲнинг ягона ТИФ ТН кодлари тўғрисидаги келишувига асосан 9 та хоналик ТИФ ТН кодлари асосида миллий бозорда товарларнинг хусусиятидан келиб чиқиб Ўзбекистонда 10 хоналик ТИФ ТН жорий этилди.
Унинг қайд этишича, божларнинг турлича қўлланишини бартараф этиш мақсадида ТИФ ТНнинг 87 (автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари) гуруҳидаги подсубпозициялар рақамлари ўзгартирилиб, ишлаб чиқарилганига 3 йилгача бўлган янги автомобиллар учун икки хил импорт божи ўрнатилди. Амалда бу битта кодда таснифланарди.
Янги автомобилларга (3 йилгача бўлган) 2 хил импорт божи ўрнатилган:
- ишлаб чиқарилганига 1 йилгача бўлган;
- ишлаб чиқарилганига 3 йилгача бўлган.
Ваҳолангки, улар бугунги кунда битта кодда таснифланади — 8703 21 10.
Автомобиль эҳтиёт қисмларига 2 хил импорт божи ставкаси ўрнатилган:
- янгисига — 5 фоиз;
- илгари фойдаланилганига — 15 фоиз.
Бироқ улар ҳам битта ТИФ ТН кодда таснифланади. Уларнинг янги ёки ишлатилган эканлигини аниқлайдиган мезон эса аниқ белгиланмаган. Шу сабабли 3 ой муддатда автотранспорт воситаларининг эҳтиёт ва бутловчи қисмлари янги ёки аввал фойдаланишда бўлганлигини аниқловчи мезонларни ва тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)