Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Божхона йиғимлари ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Гап автотранспорт воситасини бир календарь йил давомида 90 календарь кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганлик учун олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун йиғим ундириш ҳақида кетмоқда. Ҳозирда у двигатель қувватига боғлиқ — ҳар бир от кучи учун БҲМнинг 0,7 баробари (2310 сўм).
Ўзгартириш билан ушбу миқдорни кунига БМҲнинг бир баравари (330 минг сўм) этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ставканинг умумий миқдори, аввалгидек, автомобилнинг тўлиқ божхона расмийлаштируви нархидан ошмаслиги керак.
Таъкидланишича, бу божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона ва юк операцияларини амалга ошириш жараёнларини янада соддалаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 21 февралда “Автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Киритилган ўзгартиришларда автомобилларни олиб киришдаги божхона тўловлари ставкалари икки босқичда пасайтирилиши белгиланган. Ҳужжат имзоланган пайтдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар божлар икки ёки ундан ортиқ бараварга пасайтирилди.
2023 йилнинг июнь ўрталарида эса президент айрим тоифадаги машиналар учун божхона тўловларини кескин камайтириш бўйича узоқ кутилган қарорни имзолади. Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигатель ҳажми 1 200 см кубдан юқори бўлмаган янги енгил автотранспорт воситалари учун (ТN TIF коди 8703 21 10, 8703 22 10 ва 8703 31 10) 2026 йил 1 январга қадар янгича божхона божи ставкалари белгиланмоқда.
Изоҳ (0)