Ўзбекистон ҳудудига автомобиллар олиб кириш учун бож нархлари пасайиши импорт ҳажми ортишига олиб келди. Бу ҳақда 27 сентябрь куни Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Анжуманда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов бож ставкаси пасайтирилиши кутилаётган бошқа товарлар ҳақида ҳам гапирди.
«Шу йилнинг ўзида транспорт воситаларининг божхона тўловларини 2 карра қисқартирилишига эришилди. Бунинг натижасида енгил транспорт воситаларининг импорти кескин ошиши кузатилди. Биз нафақат транспорт воситалари, балки барча божхона божлари юқори белгиланган товарлар бўйича ўз таклифларимизни берганмиз. Лекин божхона иджрочи орган ҳисобланади. Биз белгиланган ставкада бож ундирамиз. Имтиёз берилса, имтиёз қўллаймиз. Яъни биз фақатгина таклиф билдира оламиз.
Ҳукуматга ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига бир қатор таклифлар берганмиз. Яқин кунларда вазирлик кенгаши йиғилишида қўшимча тариф ставкаларини пасайтириш масаласи кун тартибига қўйилиши кутилмоқда. Транспорт воситалари бўйича тарифлар масаласи ҳам кўриб чиқиладими йўқми хабардор эмасмиз. Аммо кийим-кечак, ҳозирда долзарб бўлган озиқ-овқат товарлари тарифларини пасайтириш бўйича янгиликлар бўлади», – деди мутахассис.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев 21 февралда «Автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Киритилган ўзгартиришларда автомобилларни олиб киришдаги божхона тўловлари ставкалари икки босқичда пасайтирилиши белгиланган. Ҳужжат имзоланган пайтдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар божлар икки ёки ундан ортиқ бараварга пасайтирилади.
Изоҳ (0)