24 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан маршал Неделиннинг ва бошқа юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган Бойқўнғирдаги портлаш, император буйруғи билан Эрмитажга олиб келинган мушуклар ва Клеопатранинг дунёдаги ягона дастхатига оид фактлар ўрин олган.
Юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган Бойқўнғирдаги портлаш
1960 йилнинг 24 октябрь куни Бойқўнғир космодромида Р-16 ракетаси синов вақтида портлаш ва ёнғин юз берганди. Турли маълумотларга кўра, 126 киши, жумладан, Стратегик ракета қўшинлари бош қўмондони артиллерия бош маршали Митрофан Неделин ҳалок бўлган. Ракета ихтирочиси Михаил Янгел парвоз бошланишидан олдин сигарет чекиш учун чиқиб кетгани боис, бахтли тасодиф билан омон қолган. Бу СССР ракета тарихидаги энг кенг кўламли ҳалокат ҳисобланади.1956 йилнинг 17 декабрь куни СССР Вазирлар Кенгашининг «Р-16 қитъалараро баллистик ракетани яратиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Биринчи қитъалараро баллистик ракетани яратишга Михаил Янгел масъул этиб белгиланган. Лойиҳа эскизи 1957 йилнинг ноябрида тайёр бўлган. 1958 йилнинг январида эса уни академик Мстислав Келдиш бошчилигидаги эксперт комиссияси маъқуллаган.
Р-16 икки поғонали ракета эди — бўғинлари кўндаланг бўлинувчи ва моноблок бош қисм. Янгел юқори қайноқ компонентли ракеталар тарафдори бўлган. Парвоз синовларининг бошланиши борасида Р-16 ракетаси илгарилаб кетган. Стратегик ракета қўшинлари Янгелни ҳар томондан қўллаб-қувватлаган. 1960 йилнинг августида Р-16 нинг биринчи ва иккинчи бўғинлари двигателлари синовлари бошланган. Сентябр ойида Бойқўнғир полигонига конструкторлик синовлари учун биринчи синов ракетаси етиб келган. Бу вақтда полигонда ер усти старт майдони ва техник позиция қуриб бўлинган.
Фожиа 41 майдончада Р-16 нинг биринчи парвозига тайёргарлик вақтида содир бўлган. Ракетасозликка қизиқиб кетган Никита Хрушчёв муҳандисларни шоширган. 1960 йилнинг 25 октябрь куни СССР Олий кенгашининг навбатдаги сессияси бошланиши керак эди, шу сабабли биринчи котиб Бойқўнғирдаги маршал Митрофан Неделинга тинмай қўнғироқ қилиб, «синовларни тезлаштиришни» буюрган. Шунингдек, Октябрь инқилобини нишонлаш санаси ҳам яқинлашиб қолганди.
Дастлаб парвоз 23 октябрга режалаштирилган. Эрталаб ракетани монтаж-синов корпусидан стартга олиб чиқиш бошланган.
«Ракеталар ўзига хос маросим орқали кузатиладиган космик стартлардан фарқли ўлароқ, мазкур ҳолатда барчаси одатдаги зайлда амалга оширилган. Оғир юк ортилган тиркама бетон йўлак бўйлаб ҳаракатланиб, дарвозадан кирган ва старт майдончасида тўхтаган. Ўққа ўрнатилган махсус трослар тизими уни вертикал ҳолатга келтирган», — дейди «Ракета ҳалокатлари сирлари» китоби муаллифи муҳандис-физик Александр Железняков.
Ёнилғи қуйиш муваффақиятли якунланган, аммо кейин двигателлар автоматикаси электросхемасида носозлик пайдо бўлган. Бак ёнилғига тўла бўлган ҳолатда нуқсонни бартараф этиш бўйича қарор қабул қилинган. Парвоз кечиктирилган ва Янгел ёнилғини тўкишни, ракетани заводга қайтаришни, Бойқўнғирдан эса бошқа Р-16 ни учиришни таклиф қилган. Бироқ иккинчи ракетани тайёрлашга вақт йўқ эди.
Маршал Неделин Хрушчёвнинг топшириғини бажаришга тиришган. Шу сабабли парвоз бир кун кейинга — 24 октябрь душанба кунига кўчирилган. Шу кунда СССР раҳбари икки марта қўмондонга қўнғироқ қилгани маълум. Якуний қарор ким томонидан қабул қилингани маълум эмас, аммо бунда асосан ҳукумат талабидан келиб чиқилган.
24 октябрь куни кечаси учиришдан олдинги ишлар давом этаётган, парвозга 30 дақиқа қолгани эълон қилинган вақтда Янгел бункер кўринишида қурилган бинога ўтиб, сигарет чеккан.
СССР Ракета қуролланиш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Александр Мрикин ва бош конструктор Андроник Иосифян ҳам шу ерга йўл олган.
«Маршал Неделин қўмондонлик пунктидаги стулда ўтирганини кўрдим. Унинг ёнида адютанти подполковник Сало ҳам бор эди. Соат 18:45 да чақнаш содир бўлди, орадаги 10 метр масофани жуда тез босиб ўтганимни биламан. Қумга йиқилганимда, портлаш овозини эшитдим. Аланга ҳамма жойни қоплаган эди. ‘Ёняпман’, деб ўйладим: ҳаммаси тугади. Нимадир менга ‘югур!’, дегандек бўлди. Югурдим, аммо аланга қуршовида қолиб, қум устида думалай бошладим. Ўрнимдан турсам ҳам ёнавердим. Иккинчи суткада госпиталда уйғондим», — дейди алоқачи Маслов.
Неделин ракета остидан 15 метр нарида ўтирган ва омон қолиш имконияти бўлмаган. Унинг жасади депутатлик нишони орқали аниқланган: у ҳалок бўлганлар орасидаги СССР Олий Кенгашининг ягона депутати эди.
Машинасозлик вазирлиги ўринбосари Лев Гришин, Янгелнинг ўринбосари конструктор Лев Берлин, бошқарув тизимлари бўйича бош конструктор Борис Коноплёв ҳалок бўлган. Куйиш жароҳатини олганларнинг аксарияти кейинчалик госпиталларда ҳалок бўлган.
Ёнаётган одамларга ёрдам бермоқчи бўлган Янгелни зўрға ушлаб қолишган. Кечга бориб Р-16 ракетаси конструктори инфарктни бошидан ўтказган. Янгел Москвада ўтирган Хрушчёвга ҳисобот берган: «учириш операциясининг сўнгги босқичида ёнилғи компонентлари бакидаги носозлик сабаб ёнғин юз берди. Ҳодиса оқибатида 100 ёки ундан ортиқ одам жароҳат олди. Шунингдек, ўнлаб инсон ҳалок бўлди. Артиллерия маршали Неделин синов майдончасида эди. Ҳозирда уни қидиришмоқда. Олов ва азот кислотасидан куйиш жароҳатини олганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилишини сўрайман».
Фожиа оқибатида 126 киши — конструкторлар, муҳандислар ва синовчилар ҳалок бўлган. Ўшандан буён Бойқўнғирда 24 октябрь куни ракеталар учирилмайди.
Кейинги ҳафта ҳалокат сабабларини ўрганиш учун полигонга Олий Кенгаши Президиуми раиси Леонид Брежнев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси етиб келган. Ҳодиса техника хавфсизлигининг қўпол бузилиши натижасида юз бергани аниқланган. «Ҳеч кимни жазога тортмаймиз, айбдорларнинг барчаси жазосини олиб бўлди», — деган тергов якунида Брежнев. Шундай қилиб, ҳалокат айбдори сифатида Неделин топилган.
Император топшириғига кўра келтирилган Эрмитаж мушуклари
Эрмитаж мушуклари — Петербургдаги Қишки сарой қурилганидан бери у ерда расман сақланувчи мушуклар бўлиб, каламуш ва сичқонларнинг кўпайишининг олдини олиб келади. Музей директорига кўра, «мушуклар — Эрмитаж ҳаётининг афсонаси ва ажралмас қисмидир».
Эрмитаж мушукларининг тарихи Пёрт I томонидан Голландиядан олиб келинганидан бошланади; маълумотларга кўра, мушукнинг лақаби Василий бўлган. Бошқа бир версияга кўра, Василий Пётр бир томонидан 1724 йилда голландиялик савдогарнинг уйидан олинган. Император кўрсатмасида шундай дейилган: «сичқон ва каламушлар кўпайишининг олдини олиш учун омборларда мушуклар сақлансин».
XVIII асрда Қишки саройда сичқон ва каламушлар кўпайиб кетиб, деворларни кемириб ташлаган. Император Елизавета Петровна Қозон мушуклари сабаб шаҳарда кемирувчилар йўқолиб кетганидан хабар топган. Шу боис 1745 йилнинг 24 октябрь куни у «Саройга мушукларни келтириш тўғрисида»ги қарорни имзолаган.
«Қозондан энг яхши ва катта 30 та мушук ушланиб, уни император ҳазрати олияларининг Санкт-Петербурдаги саройига юборилсин…».
Қарор зудлик билан амалга оширилган; мушуклар ўз ишини қилган ва саройда кемирувчилар деярли қирилиб кетган. Қишки сарой қурилгач, мушуклар учун алоҳида бино қурилган бўлиб, булар у ерга тез мослашиб кетган. Эрмитаж асосчиси Екатерина II мушукларни ёқтирмаган, аммо уларнинг саройда қолишига рухсат бериб, «галерея картиналари қўриқчилари» мақомини берган ва уларни икки тоифага ажратган: хонаки ва ёввойи.
Эрмитаждаги мушуклар Наполеон билан уруш ва совет ҳукумати давридаги инқилобдан кейин ҳам яшаган. Ленинград қамали вақтида барча мушуклар ҳалок бўлган ва Қишки саройни каламушлар босган. 1941 йилда санъат асарлари Урал ва Свердловскка олиб кетилган, музейнинг ертўлалари бомбалардан ҳимояланиладиган бошпанага айланган. Ленинграддаги урушдан кейин 5 мингта мушук олиб келинган ва улар Эрмитажга киритилган. Тез орада каламушлар яна йўқолган.
1960 йилларга келиб, мушуклар жуда кўпайиб кетган. Ўшанда уларнинг «хизмати»дан воз кечишга қарор қилинган. Бироқ каламушларга қарши кимёвий воситалар ўзини оқламаган ва тез орада мушуклар яна қайтарилган.
Мушуклар Эрмитаж ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатлана олади, бироқ музей залларига кириши чекланган.
Клеопатранинг имзоси туширилган папирус
2000 йилнинг 24 октябрь куни Берлиндаги Миср музейида Клеопатранинг ягона дастхати топилган. Бу қадимги Миср маликасининг шахсиятига оид маълумотларни ўрганишда қўл келган. Чунки у ҳақида маълумотлар жуда оз.Нидерландиялик папиролог Петере Ван Минненинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатга эрамиздан олдинги 33 йил санаси туширилган бўлиб, у Мисрдаги римлик бир мартабали шахсга имтиёзлар беришни назарда тутади. Ҳужжат билан Публик Канидий исмли фуқаро солиқлардан озод этилган. У Марк Антонийнинг ўнг қўли қолиб, денгиз жангларида армия қўмондони бўлган. Клеопатра томонидан тақдим этилган имтиёзлар Миср билан алоқаларни мустаҳкамлаши керак эди. Пубий Канидир Аксидаги мағлубиятдан кейин Октавианнинг буйруғига биноан ўлдирилган.
Ван Минненнинг хулосасига кўра, ушбу ҳужжат маъмурий зиналар орқали қуйига юборилган оддий нусха эмас, чунки бундан ҳолатда матнда қандайдир кириш қисмлари бўлиши керак эди. Матн ўнг қўлда ёзилган ва кўп жойни эгаллаган. Каллиграфиянинг йўқлиги ушбу ҳужжат Александрия юқори раҳбариятининг ички хизмат хати эканини билдиради.
Матн охирида бошқа бир инсон томонидан туширилган дастхат бор. У асосий матндан фарқ қилади. Афтидан, бу Клеопатранинг ўзини шахсий имзоси бўлган, чунки қарорларни фақат ҳукмдор қабул қила олган.
Клеопатранинг имзоси иккита грекча создан иборат бўлиб, уни «Шундай бўлсин» дея таржима қилиш мумкин.
Клеопатранинг ҳаёти ва ўлими ҳақидаги сирлар
Клеопатранинг ташқи кўриниши ҳақида фақатгина унинг замондошлари хотирасига таяниб хулоса қилиш мумкин. Масалан, IV асрда яшаган римлик олим Аврелий Виктор ўтган асрлардаги маълумотлар асосида шундай деган: «У шу қадар ахлоқсиз ва гўзал эдики, кўплаб эркаклар у билан бир кеча қолиш учун жонидан воз кечарди». Клеопатранинг тасвирини кўрган Плутарх ҳам у ҳақида ёзган: «Бу аёлнинг гўзаллиги беқиёс деб аталадиган ва бир қарашда ҳайратга соладиган эмасди. Аммо унинг муносабати таърифлаб бўлмас жозибали эди ва шу боисдан унинг ҳар бир ҳаракати, айтган сўзи юракка етиб борарди».
Бироқ маликанинг гўзал бўлганини исботловчи бирор далил мавжуд эмас. Унинг энг машҳур ҳайкали ҳам Клеопатра ўлимидан кейин қизининг тўйига ишланган. Айтганча, маликанинг қизини исми ҳам Клеопатра бўлган. Далиллар йўқлигига қарамай, кўплаб тарихчилар Клеопатранинг энг чиройли аёллардан бири ҳисоблайди. Аммо тўғридан-тўғри қарши фикрлар ҳам мавжуд. Айрим тадқиқотчиларга кўра, малика бурни қийшиқ эркакшода аёл бўлган. Бундай фикр тарафдорлари Клеопатранинг Мисрдан топилган қадимги тангаларига таянади.
Маълумки, Клеопатра ўзини Миср маъбудаси Исиданинг қизи деб ҳисоблаган ва кобраларнинг ниши худолар олдига элтишига ишонган. Аёл нима сабабдан бундай ўлим топгани борасида энг кўп шу версия илгари сурилади. Суюклиси Марк Антоний вафотидан хабар топган Клеопатра ўз жонига қасд қилган — кобра кунинг кўкрагидан чаққан.
Кунларнинг бирида малика уч кундан кейин уни Римга, Октавианга ғалаба совғаси сифатида юборишларини айтган. Клеопатра мактуб ёзган. Октавиан уни ўқиган заҳоти одамларини юборган — мактубда аёл ўзини Антонийнинг ёнида дафн этишларини сўраган. Клеопатра маликалар кийимида ўлик ҳолда топилган. Унинг жориялари ҳам вафот этганди. Маликанинг хосхонасида нима содир бўлгани ҳозирга қадар аниқ маълум эмас. Манбаларга кўра, илонни бир деҳқон олиб кирган. Клеопатра кобра заҳридан вафот этган. Аммо битта кобра бир нечта аёлни ўлдира олмасди. Тарихчиларга кўра, ҳодиса жойидан илон ҳам топилмаган. Бошқа бир версияда келтирилишича, Клеопатра ёнида заҳар олиб юрган. Ушбу версия маликанинг икки хизматкори ҳам у билан бирга ўлганига исбот бўла олади.
Яқин вақтларга қадар Миср маликаси қаерда дафн этилгани ҳақида умуман маълумот бўлмаган. Аммо тахминлар мавжуд. XXI аср бошларида олимлар Клеопатранинг дахмаси топилганини эълон қилган. Қазилма ишлари Александрия шаҳри яқинидаги ибодатхонада бошланган. У ерда 120 метрли туннел қазилган. Археологларнинг у Марк Антоний билан бирга дафн этилганига ишончи комил бўлган. Бироқ унинг жасади топилмаган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)