Ёз — дам олиш, саёҳат ва янги таассуротлар фасли. Аммо организмда мавжуд бўлган яширин соғлиқ муаммолари бу фаслдан тўлақонли баҳраманд бўлишга халақит бериши мумкин. Фаолликнинг пасайиши, чарчоқ, асабийлик ва хавотир каби ҳолатлар кўпинча оддий тиббий текширув орқали аниқланадиган омилларга боғлиқ бўлади. Таътилни соғлом ва тетик ҳолда ўтказиш учун танани мавсумга тайёрлаш жуда муҳим. Бунинг учун эса ёзги чек-ап — яъни соғлиқни умумий баҳоловчи тиббий таҳлилларни топшириш лозим.

Тана энергияси: таркиб ва параметрлар
Митохондриялар бу организмимиздаги асосий “кичик электр станциялар” бўлиб, уларнинг яхши ишлаши учун маълум шароитлар керак. Ишни энг оддий анализ — умумий қон таҳлилидан бошлаш мумкин. Бу таҳлил орқали эритроцитлар, гемоглобин, гематокрит ҳолати аниқланади, улар камқонлик бор-йўқлигини билишга ёрдам беради. Гемоглобин организмга кислород етказишда иштирок этади, унинг таркибидаги темир эса энергия ишлаб чиқаришда қатнашади.
Агар гемоглобин даражаси паст бўлса, энергия ҳам камаяди. Сочлар ҳолати ёмонлашади, юз ранги хира тортади, тери билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади ва ўз-ўзига ишонч камаяди. Қўшимча равишда, организмдаги темир захирасини кўрсатадиган ферритин миқдорини ҳам текшириш мумкин.
Лейкоцитлар ва C-реактив оқсил организмда яллиғланиш бор-йўқлигини кўрсатади, чунки энергиянинг катта қисми айнан унга қарши курашишга кетади.
Оқсилнинг аҳамияти
Фаоллик ва тетиклик учун жавоб берадиган яна бир модда бу оқсиллардир. Улар янги тўқималар ҳосил бўлишида, озиқ моддаларни (масалан, ферритин шаклидаги темирни) ташишда, шунингдек, ферментлар таркибида иштирок этади. Ферментлар эса овқат ҳазм қилишда муҳим рол ўйнайди.
Таҳлиллар орқали умумий оқсил, албумин, мочевина даражаси аниқланади. Ферритин даражаси ҳам оқсил алмашинуви ҳолатини кўрсатади. Оптимал даражалар: умумий оқсил — 70–75 г/л, ферритин — 40–60 мкг/л, албумин — 50 г/л, мочевина — 5 ммол/л.
Агар кўрсаткичлар норманинг пастки ёки юқори чегарасида бўлса, демак, соғликда муаммолар бор ва ҳаёт тарзи ҳамда овқатланиш тартибини қайта кўриб чиқиш керак. Оқсил даражасида шубҳа бўлса, қонда аминокислоталарни текшириш мумкин, сўнг қайси аминокислоталар танқислигини аниқлаб, уларни тўлдириш зарур.

Қуёшдан олинадиган иммунитет
Ёз бошланишидан аввал Д витамини даражасини текшириш жуда муҳим, чунки ҳатто қуёшли мавсумда ҳам бу витамин етишмовчилиги кузатилиб туради. У энергия, иммунитет ва мушакларнинг мустаҳкамлигини таъминлайди. Ёзда ҳеч ким касал бўлишни истамайди, шунинг учун бу витамин даражасига эътибор қаратиш зарур. Аёллар учун оптимал кўрсаткич — 50–70 нг/мл, 20 нг/мл дан паст даража эса танқисликдир.
Қалқонсимон без фаолияти
Қалқонсимон без ҳам энергия даражаси ва ташқи кўринишга таъсир қилади. Агар у етарлича фаол ишламаса, шишлар (бўртмалар) пайдо бўлиши мумкин. Бу без ҳолатини баҳолаш учун ТТГ — тиреотроп гормони, эркин Т3 ва Т4 даражалари текширилади.
Қалқонсимон без фаолияти пасайса, гипофиз у вазифани ўз зиммасига олади ва натижада ТТГ кўрсаткичи ошади. Лаборатория нормаси бўйича 4–4,5 мME/л гача бўлиши нормал ҳисобланади. Бироқ айримларда энергия йўқолиши, чарчоқ, шишлар ҳатто 2,5 мME/л дан юқори бўлган ҳолатларда ҳам сезилади.
Аутоиммун жараён бор-йўқлигини аниқлаш учун тиреопероксидаза ва тиреоглобулин антитаналари аниқланади. Агар без фаолияти пасайса, антитана даражалари ортади ва бу эса кучсизлик билан бирга келади.
Овқат ҳазм қилиш тизими ҳолати
Ёзги кайфиятни бузиши мумкин бўлган яна бир омил жигар ва овқат ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ муаммолардир. Бу органлар фаол ишласа, бутун мавсум давомида тетик юрамиз, чунки улар озиқ моддаларнинг ҳазм бўлиши ва ўзлаштирилишини таъминлайди.
Жигар организмга кирган моддаларни парчалаш, зарарсизлантириш ва чиқариб юборишда иштирок этади. Агар токсинлар организмда тўпланиб қолса, бош оғриғи, мушак оғриғи, иммунитет пасайиши, тез-тез шамоллаш, ишлаш қобилиятининг камайиши, асабийлик каби ҳолатлар пайдо бўлади.
Бу тизим ҳолатини баҳолаш учун қуйидагиларни аниқлаш зарур: ишқорли фосфатаза, гомоцистеин, B12 витамини, умумий холестерин, паст зичликдаги липопротеинлар (ЛДЛ), юқори зичликдаги липопротеинлар (ҲДЛ), триглицеридлар.
Изоҳ (0)