Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 10 фоизга оширилиши эълон қилинганди. Президент фармони иловасида фуқароларга тўланадиган барча пенсиялар ва нафақалар миқдорлари келтирилди.

Унга кўра:
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 1 012 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 1 012 000 сўм;
- 1941—1945- йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 4 462 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (918 000 сўмдан) 1 012 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 1 012 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 820 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 820 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 820 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 820 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 270 000 сўмдан қўшилади.
Президент фармонига кўра, ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 918 000 сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — ойига 1 012 000 сўм бўлади. 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 471 000 сўм этиб белгиланади.
Пенсиялар, нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ўзбекистонда охирги марта 2024 йил сентябрда пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилган эди. Хусусан, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 428 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 834 минг сўм этиб белгиланганди.
Изоҳ (0)