Ижтимоий тармоқда қовун ва тарвуз маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида бир неча фуқаронинг вафот этгани тўғрисидаги хабар тарқалди. Санепидқўмита ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унда айтилишича, тарвуз-қовундан заҳарланиш оқибатида аҳоли вафот этиш ҳолатлари қайд этилмаган. Полиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиш ҳолатлари учраб туриши мумкин ва унга бир неча омиллар сабаб бўлади:
- одам организмининг ўзига хос хусусиятларига;
- бир пайтда истеъмол қилиш мумкин бўлмаган маҳсулотларнинг аралаштириб истеъмол қилиниши;
- полиз маҳсулотининг эскириб қолгани (кесилгандан кейин узоқ вақт туриб қолгани);
- улар таркибида нитрат ва нитритларнинг меъёрдан ортиқлиги ва бошқалар.
Қайд этилишича, аҳоли полиз маҳсулотларини харид қилишда қуйидагиларга эътибор қаратиши зарур:
- фақат рухсат этилган (савдо расталари, бозор ҳудуди, савдо мажмуалари) жойлардан полиз маҳсулотларини харид қилиш;
- полиз маҳсулотларни харид қилиш жараёнида лаборатория текширувларидан ўтганлигига эътибор қаратиш;
- катта (магистрал) йўл ёқалари, аҳоли яшаш мавзеларида сотилаётган полиз маҳсулотлари лаборатория текширувларидан ўтмаган бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак.
Бундан аввал ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида етиштирилган қовун маҳсулотларида нитрат миқдори меъёрдан ортиқ экани ва уни истеъмол қилган фуқаролар заҳарланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Айни кунга қадар вилоятдаги бирор тиббиёт муассасасига қовун истеъмоли орқали заҳарланиш ҳолати билан мурожаат қилинмагани айтилган.
Изоҳ (0)