Президент томонидан 26 июнда имзоланган қонун билан Солиқ кодексига айрим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, солиқ муносабатларида фойдаланиладиган электрон ҳужжатларни шахснинг розилигини ифодалайдиган ва уни идентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқлаш электрон рақамли имзога тенглаштирилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида, шу жумладан, балиқчилик хўжаликларида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботлари “Сув ҳисоби” ахборот тизими ва ушбу соҳадаги ваколатли органларнинг маълумотлари асосида автоматик тарзда шакллантирилади.
Ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиш тартиби янада соддалаштирилди. Унга кўра, бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма ёки электрон аризасига кўра солиқ органлари томонидан 3 кун ичида амалга оширилиши белгиланди. Амалда бу 15 кунни ташкил этарди.
“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил 25 февралда депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинганди. 18 мартда эса учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилганди. 28 майда Сенат ушбу қонунни маъқуллаганди.
Изоҳ (0)