Ўзбекистон Молия вазирлиги 2020 йил биринчи чорак якунлари бўйича давлат бюджети ижроси тўғрисида ахборот таҳлилий шарҳни тақдим этди.
Вазирлик томонидан берилган маълумотларга кўра, 2020 йил биринчи чорак якунларига кўра, давлат бюджети даромадлари 28,5 триллион сўмни, харажатлари эса 27,7 триллион сўмни ташкил этиб, давлат бюджети профицити 0,8 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,5 фоизни ташкил этди.
Асосий кўрсаткичлар
Ўзбекистон давлат бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлари 28,5 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 триллион сўмга кўпроқни ташкил этди. Бюджет даромадлари таркибида 2020 йил биринчи чорагида солиқ тушумлари 23,8 триллион сўмни ташкил қилган. Улар ўтган йилнинг биринчи чораги билан солиштирганда 5,3 триллион сўмга кўпайган. Йирик солиқ тўловчилар бўйича минтақалараро инспекция тўлиқ фаолият юрита бошлади ва 15,4 триллион сўм ёки солиқ органлари томонидан маъмурийлаштириладиган барча даромадларнинг 65 фоизи йиғилишини таъминлаб берди.
Вазирлик томонидан маълум қилинишича, коронавирус пандемияси 2020 йил биринчи чорагида бюджет даромадларининг тушумига катта таъсир кўрсатмаган. Бунга даромадлар асосан 2019 йилнинг декабридан 2020 йилнинг февраль ойигача бўлган иқтисодий фаолият натижаларидан шакллантирилгани сабаб бўлган.
Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида 4,8 триллион сўм миқдоридаги божхона тўловларининг тушуми таъминланди, ўтган йилнинг худди шу даврида божхона тўловлари тушуми 3,4 триллион сўм бўлган эди. Бу тушумлар орасида энг катта улушни қуйидагилар ташкил этди: импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи — 3,8 триллион сўм, акциз солиғи — 0,2 триллион сўм, божхона божи — 0,6 триллион сўм.
Солиқлар кесимида давлат бюджети даромадларининг асосий улуши қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилди: ҚҚС — 7,2 триллион сўм (умумий тушумларнинг 25,4 фоизи), фойда солиғи — 6,3 триллион сўм (22,1 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 3,6 триллион сўм (12,5 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ — 3,9 триллион сўм (13,6 фоиз) ва акциз солиғи — 3,2 триллион сўм (11,1 фоиз).
Солиқлар тушуми
Қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил биринчи чорагидаги тушумлар (7,2 триллион сўм) ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 0,5 триллион сўмга камайди. Тушумлар ҳажмининг камайишига солиқнинг 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши, шунингдек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан 2020 йил 1 январдан янги қоидаларнинг кучга киритилиши сабаб бўлди.
Шу ўринда, солиқнинг нол ставкасини қўллайдиган корхоналарга ҚҚСни қоплаш амалга оширилмоқда. Бунда жорий йилнинг биринчи чорагидаги қоплаш суммаси 1 триллион сўмдан кўпни ташкил этди.
Шу билан бирга, автомобиль саноати корхоналарига берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши ҳисобига жорий йилнинг биринчи чорагида бюджетга қўшимча тушумлар 350 миллиард сўмни, шу жумладан, импорт бўйича — 150 миллиард сўмни ташкил этди.
Фойда солиғи бўйича тушумлар ҳисобот даврида тахминан 6,3 триллион сўмни ташкил этди, бу 2019 йилнинг шу давридагига нисбатан 3,9 триллион сўмга кўпдир. Тушумларнинг ўсиши умумий иқтисодий ўсиш (чоракдан чоракка) билан бир вақтда олтин қазиб олиш саноати корхоналарининг қарийб 3 триллион сўмлик фойда солиғи бўйича тушумлари ҳисобига таъминланди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган мазкур солиқдан жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 3,6 триллион сўм келиб тушди, ўтган йилнинг худди шу даврида 2,7 триллион сўм бўлган эди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг базавий ставкаси 12 фоиз бўлиб ўзгаришсиз қолди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорлари (илгари қатъий белгиланган солиқ) уларга жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқини бериш билан 2020 йилдан 25 фоизга пасайтирилди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар таркибида иш берувчилар (солиқ агентлари) томонидан базавий ставкада ушлаб қолинадиган солиқлар 93 фоизни ташкил қилади. Тушумларнинг ялпи ҳажмида дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан ундириладиган солиқ улуши 2 фоизни, якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган солиқ улуши 3 фоизни ташкил этади.
Солиқ солишнинг ясси ставкасининг жорий этилиши, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар учун ижтимоий солиқнинг 25 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши, шунингдек, энг кам иш ҳақининг оширилиши легал сектордаги меҳнатга ҳақ тўлаш фондини 37 фоизга оширишга туртки бўлди. Қабул қилинган чоралардан хўжалик юритувчи субъектлар ҳам ютди. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар учун биргина ижтимоий солиқнинг 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилиши улар ихтиёрида 1 триллион сўм атрофида маблағ қолишини таъминлади.
Акциз солиғи бўйича ялпи тушумлар жорий йилнинг биринчи чорагида тахминан 3,2 триллион сўмни, шу жумладан, якуний истеъмолчига реализация қилинадиган нефть маҳсулотлари бўйича — 543,5 миллиард сўмни, тамаки маҳсулотлари бўйича — 395,8 миллиард сўмни, алкоголли маҳсулотлар бўйича — 335,4 миллиард сўмни, мобил алоқа хизматлари бўйича — 334,9 миллиард сўмни, полиэтилен гранулалар бўйича — 56,9 миллиард сўмни ташкил этди.
Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи. Ер участкалари, мол-мулк ва сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида 2020 йилдан бозорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, гастрол-концерт фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар қуйидагиларни тўлашга ўтказилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 2019 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 162,1 миллиард сўмга камайган. Бу 2019 йил бошида мол-мулк солиғи 2018 йил учун ҳисоб-китобларга биноан 5 фоиз ставкада тушганлиги билан боғлиқдир.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар 2020 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 564,5 миллиард сўмга ошиб, 3,9 триллион сўмни ташкил этди. Ўсиш қуйидаги омиллар билан боғлиқ бўлди:
- қимматбаҳо металлар бозорида олтиннинг нархи жорий йилнинг биринчи чорагида 2019 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 120 фоизга ўсиши;
- қатъий белгиланган суммада белгиланган солиқ ставкаларининг 15 фоизга индексация қилиниши (хусусан, тош туз (овқатга ишлатиладиган), оҳактош доломитлар, мармар ушоғи, ғишт-черепица хом ашёси, қурилиш қумлари ва бошқалар);
- фойдали қазилмаларнинг алоҳида турлари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ белгиланган солиқ ставкаларидан, лекин қатъий белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланиши ва тўланиши ўрнатилганлиги (хусусан, табиий безактошдан блоклар, тош-шағал аралашмаси, оҳактош-чиғанлиқлар ва бошқалар).
Давлат бюджетининг харажатлари ижроси
Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги харажатлари 27,661 триллион сўмни ёки жами йиллик тасдиқланган харажатларнинг 21,1 фоизини ташкил этди. Шундан, республика бюджети харажатлари 18,153 триллион сўмни ташкил этган бўлса, маҳаллий бюджетлар орқали 9,508 триллион сўмлик харажатлар молиялаштирилган.
Ижтимоий соҳага харажатлар
Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 15,550 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 56,6 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ижтимоий харажатларнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши 18,5 фоизни ташкил этди.
Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига давлат бюджетидан 7,961 триллион сўм маблағ ажратилди. Шундан мактабгача таълим муассасаларини сақлаш харажатлари учун 1,426 триллион сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 450,5 миллиард сўм ёки қарийб 1,5 бараварга кўп), жумладан, озиқ-овқат сотиб олиш харажатларига 162,6 миллиард сўм (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53,6 миллиард сўмга ёки 1,5 бараварга кўп) маблағлар ажратилган.
Хусусан, нодавлат мактабгача таълим муассасаларига амалга оширган харажатларини қисман қоплаш учун 134,5 миллиард сўмлик субсидиялар (2019 йил биринчи чорагида 6,9 миллиард сўм) ажратилган.
Илм-фанни ривожлантиришга ҳисобот даврида 150,0 миллиард сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 1 фоизи миқдорида маблағ ажратилди (2019 йил биринчи чорагида — 0,3 фоиз).
Соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 3,883 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,084 триллион сўмга (1,4 бараварга) кўп маблағлар ажратилган. Ажратилган маблағнинг жами давлат бюджети харажатларидаги улуши 14 фоизни (2019 йилда — 11,6 фоиз) ташкил этди. Жумладан, дори-дармонлар харид қилиш харажатларига 252,2 миллиард сўм (2019 йилда — 189,9 миллиард сўм) ажратилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи чорагида соғлиқни сақлаш соҳасига ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 343,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ушбу маблағлар қуйидаги тадбирларни амалга ошириш учун йўналтирилди:
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига Санитария-эпидемиология осойишталик марказларига карантинда сақланаётган фуқароларни сақлаш, жамоат жойларини дезинфекция қилиш ва эпидемик ҳолати билан курашиш бўйича бошқа тадбирларга 82,7 миллиард сўм;
- Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигига шахсий ҳимоя, дезинфекция, изоляция воситалари, тест (ПЗР) диагностикумлари, тиббий техника воситаларини харид қилиш учун 123,5 миллиард сўм;
- Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси ва Зангиота туманида махсус шифохона қурилиши ҳамда Тошкент шаҳрида замонавий диагностика лабораторияси комплексини реконструкция қилиш учун 107,4 миллиард сўм;
- Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига кам таъминланган хотин-қизларни қўллаб қувватлаш учун 30 миллиард сўм.
Маданият ва спорт соҳасига йўналтирилган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58,6 фоизга ўсган. Буни қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин: Ўзбекистон Президентининг қарорига асосан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди. Шунингдек, Миллий кутубхонанинг 2020 йил штатлар жадвалида 92 та қўшимча штат бирлиги ажратилди. Бу эса ўз навбатида, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан харажатларни 18,2 миллиард сўмга оширган.
Шунингдек, миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида бадиий фильм, ҳужжатли фильм ва мультипликацион фильмни суратга олиш, шунингдек, қисқа метражли ва болалар юмористик фильмларини суратга олиш харажатларига жорий йилнинг биринчи чорагида 19,3 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,9 миллиард сўмга кўпдир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходимларининг гонорар тўловлари, радио алоқа, радио эшиттириш ва телевидения маркази хизмати ҳамда бошқа амалга оширилган харажатлар ҳисобига ўтган йилги рақамларга нисбатан харажатлар 24 миллиард сўмга ошган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, спорт мактаблари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари айрим ходимларининг базавий тариф ставкалари 2020 йил 1 январдан ўртача 1,35 бараварга оширилган бўлиб, натижада спорт мактабларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари бўйича харажатлар 2019 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 58,3 миллиард сўмга ошганлиги сабаб бўлган.
Ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга давлат бюджетидан ҳисобот даврида 1,668 триллион сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврида ажратилган маблағга нисбатан 293,6 миллиард сўм кўпроқ маблағ ажратилди, ўсиш 21,4 фоизни ташкил этди.
Иқтисодиётга амалга оширилган харажатлар жорий йилнинг биринчи чорагида 3,158 триллион сўмни ташкил қилиб, ушбу харажатлар жами давлат бюджети биринчи чорак харажатларининг 11,4 фоизини ташкил этди. Иқтисодиёт харажатлари, асосан қуйидаги йўналишларга амалга оширилди:
- сув хўжалиги эксплуатацияси харажатлари — 926,6 миллиард сўм;
- умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларни ривожлантириш харажатларига — 603,2 миллиард сўм;
- аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш харажатлари — 438,1 миллиард сўм;
- ичимлик суви ва канализация тизимларини ривожлантириш харажатларига — 180,2 миллиард сўм;
- уй-жой коммунал ишларига — 166,1 миллиард сўм;
- суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш харажатларига — 82,1 миллиард сўм;
- Оролбўйи минтақасини ривожлантириш харажатларига — 47,7 миллиард сўм.
Давлат бюджети ижросининг иқтисодий тасниф бўйича ижросини таҳлили иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича жами харажатларнинг улуши ўтган йилнинг биринчи чорагидаги 35,2 фоиздан ҳисобот даврида 39 фоизга етганлигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида бюджет ташкилотларининг қарийб 10,8 триллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 2,3 триллион сўмдан ортиқ иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.
Шунингдек, ҳисобот даврида 1,6 триллион сўмлик капитал қўйилмалар ва 12,8 триллион сўмлик бошқа харажатлар молиялаштирилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида субсидиялар миқдорининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Пенсия жамғармасига 655 миллиард сўм миқдорида трансферт ажратилиши сабаб бўлган.
Маҳаллий бюджетлар ижроси
Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 113,2 фоизга бажарилди ёки 6,263 триллион сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 89,8 фоизга ижро этилиб, 9,508 триллион сўмни ташкил этди. 2020 йилнинг биринчи чораги давомида маҳаллий бюджетларда қуйидагилар ҳисобидан 1 781,3 миллиард сўмлик қўшимча харажат манбалари ҳосил бўлган:
- 2020 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари 1,755 триллион сўм; — давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушган тушумлар (мусодара) 11,8 миллиард сўм;
- давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобидан тегишли бюджетга тушган пул маблағлари миқдори 7,4 миллиард сўм;
- ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари 6,8 миллиард сўмни ташкил этиб, мазкур даромадлар маҳаллий ҳокимият органларининг мустақил тассарруф этадиган қўшимча маблағлари сифатида шаклланди.
Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг эркин қолдиқ, мусодара, хусусийлаштириш ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларга маблағ ажратилди:
- «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг 2019 йил ижросидаги қарздорликлари учун — 193,0 миллиард сўм;
- ҳудудий ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурларига — 523,3 миллиард сўм;
- ҳудудларни ободонлаштириш харажатларига — 101,8 миллиард сўм
- ҳарбий-маъмурий сектор жамғармасига — 64,6 миллиард сўм
- Бюджет ташкилотларинининг хўжалик харажатлари ва моддий базасини мустаҳкамлаш учун — 114,5 миллиард сўм йўналтирилди.
- жисмоний шахсларга тегишли бўлган 40 446 та турар ва нотурар жой объектлари хатловдан ўтказиш натижасида 9,9 миллиард сўм;
- 44 544 та жисмоний шахсларнинг ер майдонини хатловдан ўтказиш натижасида 12,9 миллиард сўм;
- давлат рўйхатдан ўтмасдан якка тартибда фаолият кўрсатиш бўйича 22 457 та ҳолат аниқланиб, 40,8 миллиард сўм;
- умумий овқатланиш корхоналарида ўрганишлар ўтказилиши натижасида 1 235 та ҳолатда ишчи ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномалари
Эслатиб ўямиз, коронавирус сабабли 2020 йил давлат бюджетига ўзгартириш киритилди ва бюджет харажатлари оптимизация қилинди.
Изоҳ (0)