Telegram мессенжеридаги каналларда Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳокимлик йиғилишида бўлган маҳалла раисининг тоби қочиб, ҳокимлик биносида жон бергани хабар берилди. “Дарё”га воқеа тафсилотларини гапириб берган марҳумнинг қизи 61 ёшли отасининг жасади ҳокимият биносидан чиққанини тасдиқлади.

Ҳоким солиқ йиғимига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказган
Марҳумнинг қизи Мухлиса Аъзамовага кўра, марҳум Шаърифжон Абдуллаев ҳоким томонидан мажбурият сифатида белгиланган 5 миллион сўмлик кунлик солиқ йиғими режасини бажара олмаган.
Ўша куни дадам одамларнинг уйига кириб-чиқиб жами 3 миллион 527 минг сўм солиқ йиғимини тўплаган экан. Қолган 1,5 миллион сўмини эртанги режага қўшиб бажараман деса, ҳоким “отнинг калласидек ойлик оляпсан, қолган суммани ёнингдан қўшиб бўлса-да, тўлайсан”, деган. Дадам бундан ортиғини қилолмайман, соғлиғим кўтармайди деса, “унда аризангни ёз”, деган ҳоким. Ўғлидан ҳам кичик инсоннинг бу муомаласи дадамга оғир ботган. Хўп деб, олди қаторга ўтган ва бўшаш ҳақида ариза ёзган. Ариза ёзиш вақтида ҳам қўллари қалтираб, зўрға ёзган, дейди марҳумнинг қизи.
Ҳоким маҳалла раисларини қаматиб юбориш билан қўрқитган
Мухлиса Аъзамованинг айтишича, йиғилишда ҳоким маҳалла раисларига қарата “Мен катта жойларда ишлаб келганман. ‘Ревизор’ бўлганман. Сизларни жиноий жавобгарликка тортиб юбориш қўлимдан келади”, деган.
Ўша куни ҳокимнинг гапи дадамга оғир ботган. Чунки дадам иккинчи марта қайта сайловда ҳам 98 фоиз овоз билан халқ томонидан сайланган-да. Ўзи аслида ишламоқчи эмас эди. Майли халқ сайлади, элга хизмат қилай, халққа фойдам тегсин деб ишлаётганди, дейди марҳумнинг қизи.

Мурожаатчилар ўша куни ҳоким йиғилиши ишдан ташқари вақтда, кечки 20:00 да бошланганини ва кеч 22:00 га қадар давом этганини, буни ўша кунги камера ёзувлари ҳам тасдиқлаб турганини айтмоқда.

Дадам аризасини ёзиб, ташқарига чиқиб хаёл билан “Ўзимнинг машинамга келдим”, деб автотураргоҳга ҳам бориб қайтган. Видеода кўринишича, автотураргоҳдан қайтгач, ҳокимият биносидаги зинага ўтирган. Ўша ердан қоровул ва қўриқлаш хизматидагилар билан озгина гаплашган. Шундан кейин шу зинада йиқилиб, ўша ерда жон берибди. Тез ёрдам чақиришган, тез ёрдам келавермагач, ўша ердагилардан бирининг Nexia машинасига ортиб, шифохонага олиб кетаётганда тез ёрдам олдидан чиқишган. Аммо у вақтга қадар дадамнинг жони узилиб бўлган, дейди у.
“Майитни 14 соат ушлаб туришди”
Марҳумнинг қизи Шаърифжон Абдуллаев вафот этгач, Қўқон шаҳар моркига олиб кетилганини, майит моркда 14 соат ушлаб турилганини қўшимча қилмоқда.

Эртаси куни эрталаб соат 8:30 да майитни олдик, — дейди у.
Марҳумнинг қизи отаси бундан аввал ҳам ҳокимиятнинг солиқ йиғиш мажбуриятидан нолиганини эсламоқда.
Дадам бу ҳолатдан ҳар доим нолиб келган. Ишдан ташқари пайтдаги мажлислар ҳар бир инсонни толиқтиради. Ўша куни ҳам “Боргим келмаяпти, оёғим тортмаяпти”, деганларида, аям “Энди ҳоким мажлис қилибди, беҳурматлик бўлмасин, бориб келинг, дадаси”, деб жўнатиб юборган бўлган. Ҳар доим ҳокимнинг гапини икки қилмасдан, мажлисга ўз вақтида етиб борган, ҳар доим қатнашган. Мажлисдан келиб, “Ҳоким ёмон гапирди, ҳақорат қилди”, деган. Ҳоким бу воқеадан сўнг, биринчи навбатда узр сўраши керак эди. Беш минут вақт ажратиб бўлса ҳам таъзияга келиши керак эди. Лекин биз ҳокимни кечгача кутдик, келмади, — дейди марҳумнинг қизи.
Ҳокимлик нима дейди?
Фурқат тумани ҳокимлиги мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирар экан, марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор қилиб, маҳалла раиси ҳоким томонидан ҳақоратланганини инкор қилди.
“Калдушон” маҳалласи раиси Шаърифжон Абдуллаевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Жорий йил 18 июнь куни туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этган бўлиб, унда уларга зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан топшириқлар берилган. Йиғилиш танқидий руҳда ўтган, лекин туман ҳокими томонидан шахсга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатилмаган. “Калдушон” маҳалласи раиси Шаърифжон Абдуллаев йиғилиш пайтида соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабабли фаолиятини тўхтатмоқчилиги айтиб, йиғилишни тарк этган. Ҳокимлик ташқи ҳовлисида соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез ёрдам чақирилган, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Афсуски, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этган, дейилади ҳокимлик муносабатида.
“Маҳалла раислари солиқ йиғимига мажбурланиши бор гап”
“Дарё” журналисти билан суҳбатда бўлган, аммо шахси сир қолишини сўраган маҳалла раисининг айтишича, ҳудудларда маҳалла раисларига солиқ йиғими бўйича мажбурият юкланиши бор гап.
Энг камида 5 миллион, агар солиқ қарздорлиги юқори маҳалла бўлса раисга 10 миллион сўмгача “план” қўйилади. Энг ёмони шунча йиғилган пул раис йиғди эмас, солиқчи йиғди деган ҳисобот билан, мукофоти ҳам солиқ ходимига берилади. Бироқ маҳаллаларга бириктирилган солиқчилар кам сонли бўлгани учун маҳаллада солиқ йиғиш ишларида деярли кўриниш беришмайди. Шундай пайтда одамлар раисга сиз солиқчи эмас-ку, нега сизга пул тўлашимиз керак, пул тўлангани ҳақидаги квитансияни ким беради деган саволларни беради, дейди суҳбатдош раис.
Изоҳ (0)