Мамлакатда солиқ тушумлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан пасайиб бораётгани бюджет барқарорлигига таҳдид солади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси маълум қилди.

Жамғарма таҳлилига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил бюджетига янги солиқ имтиёзларини қўшмоқда ва мавжудларини узайтиришни назарда тутмоқда. Мазкур қарор солиқ базаси ўсишига тўсқинлик қилади. Аслида солиқ базасини кенгайтириш зарур.
“Айрим акциз солиқ ставкалари (масалан, алкоголь маҳсулотлари, ёқилғи, автотранспорт воситалари ва шакар) оширилса, даромадлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1 фоизгача кўпайиши мумкин. Инвестицияларга ва юридик шахслар даромад солиғида даромадга боғлиқ имтиёзларни қайта кўриб чиқиш (мавжуд имтиёзларни кенгайтириш ёки янгиларини жорий этишдан тийилиш) ҳам даромадларни ЯИМга нисбатан 1,1 фоиз бандгача оширади. Самарасиз божхона имтиёзларини бекор қилиш ҳамда янгиларини бермаслик эса тушумларни ЯИМга нисбатан 3,2 фоиз бандгача ошириши мумкин”, дейилади таҳлилда.
Жамғарма жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини прогрессив қилишни ҳам тавсия этган. Яъни бунда кўп даромад топганлар кўпроқ солиқ тўлаши кераклиги назарда тутилган. Қайд этилишича, бу чора солиқ тизимидаги адолатни таъминлайди.
“Солиқ қўмитаси 2025—2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар стратегиясини тезроқ тасдиқлаши зарур. Яширин иқтисодиётига қарши курашиш стратегиясини ҳам қўллаб-қувватлаш муҳим. Бунда нақд пулсиз тўловларни рағбатлантириш катта аҳамиятга эга”, дея ўз тавсияларини берган ХВЖ.
Аввалроқ мамлакатда тўланмаган солиқлар миқдори 8,5 триллион сўмга етгани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)