Жорий йилда Ўзбекистонда айрим солиқ ставкалари ошиб, баъзилари бекор қилиниши белгиланган. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Исломбек Ниёзметов “Дарё”га интервью бериб, солиқ тизимининг бугунги ҳолатини таҳлил қилди.
2025 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда акциз солиғи ставкалари оширилади. Мамлакатда бензин, дизель, газ, пропан ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда сотиш учун акциз солиғи тўланади. Бу турдаги солиқ ставкаси оширилиши бозорга қандай таъсир кўрсатади? Қайси маҳсулот ва хизматлар нархи ўсиши мумкин? Акциз солиғини ошириш тўғри қарор бўлди деб ўйлайсизми?
Акциз солиғини жорий қилишдан учта мақсад кўзланади: инсон ва жамият учун зарарли маҳсулотлар истеъмолини чеклаш, ҳашам (шоҳона) предметлар қийматини ошириш орқали истеъмолга сарфланадиган даромадни ижтимоий қайта тақсимлаш, миллатга тегишли табиий ресурслардан олинадиган монопол фойданинг бир қисмини бюджетга кесиб олиб, жамият манфаатлари учун ишлатиш.
Сиз санаб ўтган нефть-газ маҳсулотлари углеводород бўлгани учун атроф-муҳитга зарарли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам акцизости товарлар туркумига киритилган.
Агар давлат том маънода экологик сиёсат юритаётган бўлса, атроф-муҳит ҳимояси учун углерод таркибли маҳсулотлар истеъмолини чеклашга бўлган ҳаракатини оқлаш мумкин. Бироқ бу охирги чора сифатида қўлланилиши керак. Демак, бундан олдин қилиниши лозим бўлган қуйидаги қатор вазифалар бор:
- иқтисодиёт тармоқларига инновацион технологияларни кенг жорий қилишни рағбатлантириш орқали экологик тоза товар ва хизматлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш;
- чиқиндиларни қайта ишлаш ва атроф-муҳитга зарарсиз утилизация қилиш тизимини йўлга қўйиш;
- “эко-дўст” йўл инфратузилмасини яратиш орқали транспорт воситаларининг атмосферага зарарини камайтириш;
- углеводород истеъмолига асосланган транспорт воситаларини электромобилларга алмаштиришни рағбатлантириш (солиқ-божхона имтиёзлари ва субсидиялар воситасида).
Энди айтинг, санаб ўтилган чораларнинг қайси бири бизда маромига етказилиб, қойилмақом қилиб бажарилган? Ҳеч бири. Доим охирги чора бўлмиш солиқ юки ошириб келинмоқда.
Акциз солиғи ставкаларининг оширилиши бозорга қандай таъсир кўрсатади, деб савол бердингиз. Аслида, бозорда нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлувчи биринчи омил – нефть-газ маҳсулотлари қийматининг ошишидир. Иқтисодиётда инфляция даражасининг кўтарилишига бундан бошқа нарса керак эмас. Бу ёғи мултипликатор эффекти билан бир-бирига уланиб кетаверади. Масалан, коммунал тарифлар ортидан транспорт хизматлари нархлари ошади. Булар бир-бирига уланиб барча товар ва хизматлар нархи кўтарилишига олиб келади. Нархлар ошиши истеъмолни қисқартирувчи омилдир.

Жорий йилнинг 1 январидан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари оширилди (қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш сувидан ва балиқчиликдан ташқари). Жумладан, корхоналарга бу турдаги солиқ ставкаси икки баравар, автомобиль ювишга олти баравар оширилди. Алкогольсиз ичимликларни ишлаб чиқаришга солинадиган солиқ ҳам 10 фоиздан кўпроқ ошди. Индексация қилинган ставкалар иқтисодиёт ва аҳоли харажатларига қандай таъсир қилади? Масаланинг қандай ижобий ёки салбий жиҳатлари бор?
Бунинг ижобий жиҳати аҳоли ва корхоналар сувдан ўйлаб фойдаланади, салбий томони эса сув таркибли товар ҳамда хизматлар нархи кўтарилади. Сув солиғи ставкалари юқорилаши ҳам иқтисодий жиҳатдан худди акцизлар оширилиши каби эффект юзага келтиради. Мазкур турдаги солиқ оширилиши ҳам аслида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун қилиниши лозим бўлган барча ишлардан кейинги, охирги чора эди. Яъни аввал сувни тежаш бўйича инновацион ёндашувлар жорий этилиши лозим.
Давлат сувдан унумли фойдаланиш борасида йирик масштабда қилиши зарур бўлган ишлар қолиб кетиб, солиқ солиш билан муаммони бартараф қиламан деяпти. Йўқ, бу тўғри чора эмас. Давлат бу ерда фискал мақсадни кўзлаяпти. Акциз ва сув солиқларининг оширилиши бюджетга пул тушириш учун баҳона холос. Охирги йилларда бюджетнинг “тиззаси” қалтираб қолган. Мунтазам дефицитда юрибмиз, ташқи қарзга “ўтириб қолдик”. Шунинг учун ҳар бир нарсадан бюджетга манба излаяпмиз.
Январь ойидан айрим солиқ имтиёзлари бекор қилинди. Масалан, товар ва хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ имтиёзлари тўхтатилди. Сизнингча, бу тўғри қарорми? Экспорт ҳажми ўсишида солиқ сиёсатининг ўрни қандай бўлиши керак?
Бу ўзгаришни оқлайман. Экспортёрларга қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси қўлланади. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқариб, хорижга сотилса, маҳсулотнинг тайёр ҳолга келгунча бўлган ҚҚСнинг барчаси тадбиркорга қайтарилади. Бу жуда катта имтиёз. Менимча, бизнесга шунинг ўзи етарли. Айланмадан олинадиган солиқдан, фойда солиғидан имтиёз беришга ҳожат йўқ.
Бир томондан мазкур қарорни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги қадами деб тушуниш мумкин. Чунки ташкилотнинг “Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисида”ги битими талабларидан бири айнан шундай тартибни назарда тутади. Тўғри, ҳукумат ташқи савдо балансини ижобий томонга буриш, хорижий валюта оқимини кучайтириш, жаҳон бозорларидаги рақобатда нарх орқали ютиш мақсадларида экспортни рағбатлантириш йўлидан боради. Бунинг учун ўз қўлидаги турли воситаларидан, шу жумладан солиқ механизмидан фойдаланади. Лекин шу пайтгача фискал сиёсат механизмларини қўллаб эришилган экспорт натижаларидан кўра, мамлакатнинг ЖСТга қўшилишидан кутилажак самаралар халқ учун анча фойдали бўлади.
Менимча, аксарият экспортёрларимиз монопол мавқега эга. Шу боис, давлат томонидан уларни ортиқча сийлашга ҳожат йўқ. Рақобатбардош маҳсулот бўлса, унга солиқ имтиёзини кўпайтириш нотўғри. Бу ҳолат бюджет тушумларини камайтиради.
2025 йилдан мобил алоқа компаниялари учун 10 фоизлик акциз солиғи бекор қилинди. Натижада бюджетга 1,2 трлн сўмга яқин маблағ тушмай қолиши айтилмоқда. Мазкур солиқ бекор қилингани ўзбекистонликларга қандай наф келтиради? Масалан, абонент тарифлари арзонлашмади.
Ҳозирги шароитда буни бекор қилинмагани маъқул эди. Чунки “тиззаси” қалтираб турган бюджетимизга молиявий манба керак. Мобил алоқа учун акциз солиғи тайёр манба эди.
Уяли алоқа хизматига акциз солиғи жорий қилиш таклифини 2004 йилда асослаб берганман ва 2007 йилда Молия вазирлигидан таклифни амалиётда жорий қилиш бўйича далолатнома олганман. Бу таклифни нима учун илгари сурганман? Ўша пайтларда пахта ёғи ва хўжалик совунига акциз солиғи бор эди. Лекин бу маҳсулотлар бирламчи эҳтиёж товарлари бўлиб, ҳеч бир мезонига кўра акцизости товар ҳисобланмайди. Шу сабаб ўзимнинг солиқ юкини адолатли тақсимлашга бағишланган магистрлик диссертациямда пахта ёғи ва хўжалик совунига акциз солиғини бекор қилиб, ўрнига инсон учун ҳақиқатда зарарли бўлган уяли алоқа хизматига акциз киритиш таклифи билан чиққанман. Таклифим амалиётга 15 йилдан сўнг — 2019 йилда татбиқ этилди. Мана орадан 5–6 йил ўтиб, бу солиқ бекор бўлди.
Мобил алоқа учун акцизнинг бекор қилиниши иқтисодиётга ҳеч қандай фойда келтирмайди. Унинг эвазига ўзбекистонликлар ҳеч нарса олмайди, масалан абонент тарифлари арзонлашиб қолмайди. Тарифлар арзонлашиши учун соҳада ҳақиқий соғлом рақобат муҳити шаклланиши керак. Биздаги бешта алоқа оператори ўзига хос уюшган монополия. Шунинг учун акциз солиғини олиб ташлаган билан абонент тарифлари қимматлашса, қимматлашадики, арзонлашмайди.
Мантиқан олиб қараганда, уяли алоқа нурлантириш орқали инсон соғлиғига зарар келтиргани учун ҳақиқатдан ҳам унинг истеъмолини чеклаш ёки ҳеч бўлмаганда унга қўйилган акциз солиғидан тушадиган маблағни бюджет орқали жамиятга қайта тақсимлаш лозим.

Кафе/ресторанлар, сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналарга тўлаган солиқларининг бир қисми кешбек сифатида қайтарилмоқда. Бунда солиқ имтиёзи миқдори нақд пулсиз тушум қанчалигига боғлиқ бўлади. Сизнингча, мазкур чора қандай самара бериши мумкин?
Ўзбекистонда 2018 йилда яширин иқтисодиёт борлиги тан олинган. Гўёки, унга қарши курашиш механизмлари ишлаб чиқиляпти. Лекин яширин иқтисодиётни камайтириш учун ҳақиқий таъсирчан чоралар қолиб, майда-чуйда ишлар билан оворамиз. Жумладан, мазкур кешбек тизими ҳам таъсирчан механизм эмас.
Қўшилган қиймат солиғидан кешбек қайтариш 2024 йил 7 ноябрдаги ҳукумат қарорида белгиланган. Қарор номланишига эътиборинг беринг: “Умумий овқатланиш, меҳмонхона ва туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва уларнинг қонуний ишлаши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”. Наҳотки, бизнинг шароитда шу уч соҳада банд бўлган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантиришга ҳожат бўлса? Мутлақо йўқ.
Лекин қарор номининг иккинчи қисми ҳақиқатга яқин. Чунки фаолиятнинг бу турларида кўпроқ нақд билан ишланади, солиқдан қочиш имкониятлари катта. Демак, киритилган бу ўзгаришлар ушбу соҳа вакилларини рағбатлантириш эмас, балки соядан чиқаришни кўзлайди.
Қарорда келтирилган кешбек бериш шартларига эътибор қаратинг: умумий овқатланиш корхоналарига улар савдо тушумининг нақд пулсиз қисми 60 фоиздан кўп бўлганда бюджетга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи, 60 фоиздан кам бўлганда эса 20 фоизи қайтариб берилади. Демак, тушумнинг нақдсиз қисми улушини аниқлаш учун нақд қисми ҳам керак бўлади. Бу нақд тушум НКТ орқали кассада ҳисобга олингани, яъни солиқ базасига киритилганини билдиради. Лекин мақсад нақд пулни яширишга қарши курашиш аслида. Бу мақсадга эришиш учун нақдсиз тушум улушига қараб эмас, балки банкка топширилган нақд пулга тўғри келувчи ҚҚСни қайтариш лозим эди аслида.
Бироқ, бу “манёвр”лар унчалик самарали ҳисобланмайди. Яширин иқтисодиётни чеклаш учун бундан анча самарали ва керак бўлса кафолатли ечимлар бор. Лекин уларни қўллаш пайсалга солиб келинмоқда.
Ўзбекистонда қайси солиқ имтиёзлари зарарли деб ўйлайсиз? Агар улар бугун бекор қилинса, давлат ва жамиятга қандай фойда келтириши мумкин?
Биринчи навбатда айрим “эркатой” бизнесменларга берилган, уларга монопол мавқе тақдим этиб келаётган эксклюзив солиқ имтиёзларидан воз кечиш керак. Иккинчи навбатда, турли хил шубҳали схемаларга кириб олган технопарклар, махсус иқтисодий зоналар резидентлари ҳамда чет эл инвестициялари иштирокидаги юридик шахслардан имтиёзларни олиб ташлаш зарур. Натижада адолат таъминланиб, иқтисодиётда соғлом рақобат муҳити юзага келади. Булар иқтисодий характердаги имтиёзлар эди.
Энди айрим, гўёки ижтимоий характер касб этувчи, аммо аслида ижтимоий адолатнинг бирорта мезонига жавоб бермайдиган имтиёзларга тўхталсак.
Давлат унвонлари, мукофотлари ва совринлари билан тақдирланганлар, халқаро мусабоқаларда совринли ўринларни эгаллаган шахслар даромад солиғидан 100 фоиз озод. Уларга 200 минг доллар пул мукофоти, 300 минг долларли коттежлар совға қилиняпти. Қиммат совғаларни олган шахслар солиқ тўласа нима қилади?
Нега кирни тозалаб юрадиган фаррош 1 миллион 155 минг сўм ойлик оладию, ундан 12 фоиз даромад солиғи ушлаб қоламиз. Яна корхонасига ижтимоий солиқ тўлатамиз. Лекин миллиардлаб сўм мукофот олаётган, қимматбаҳо совғалар берилаётган спортчилар 12 фоиз солиқ тўласа нима бўлади? Бир қисмини жамият манфаатлари учун қайта тақсимлаш мумкинку.
Чет элга ишлашга юборилган давлат ходимларига хориж валютасида тўланган ойликлари солиқдан озод этилади. Нега бундай қилиш керак? Ҳеч қайси давлат бундай қилмайди. Ўзи чет элга бориш шараф ва рағбат аслида. Бизда аҳоли тўлов қобилияти пастлиги учун чет элга чиқиш қиммат. Шундоқ ҳам рағбат бериляптику, бунинг устига даромад солиғидан озод қилиш мантиққа тўғри келмайди.
Ижтимоий тармоқлардаги чиқишларингизда Ўзбекистон солиқ тизими адолатли эмас деган фикрни билдиргансиз. Буни нимага асосланган ҳолда айтгансиз, изоҳласангиз?
Солиқ тизимида адолатнинг учта мезони бор. Аввало, горинзонтал адолат таъминланиши зарур. Яъни давлат ҳаммани солиққа жалб қилиниши керак, барча ҳисобга олиниши лозим. Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизига тенг. Демак, 50 фоиз аҳоли ва бизнес солиққа жалб қилинмаган. Норасмий бандлик 60 фоиз. Бундан англаш мумкинки, горизонтал адолат таъминланмаяпти.
Иккинчи мезон – вертикал адолат. Бунда кимдир бой, бошқалар ўртаҳол ёки камбағал. Солиқ объектларига қараб вертикал адолат таъминланиши керак. Бойроқ одам кўпроқ, камбағал камроқ солиқ тўлаши керак. Қашшоқлик чегарасидан паст даромад олувчиларга солиқ солинмаслиги зарур. Лекин бизнинг солиқ тизимимиз ушбу мезонга ҳам жавоб бермайди. Юқорида имтиёзларни санадик, отни калласидай юқори даромад ва мукофотлар оладиганлар солиқдан озод, камбағалларга солиқдан нол фоизли ставка йўқ. Горизонтал адолат таъминланмагунча вертикал адолатни таъминлаш имконсиз.
Умуман олганда, солиқ механизмининг ўзи адолатсиз. Фаррош ҳам 12 фоиз даромад солиғи тўлайди, 100 миллион сўм ойлик оладиган вазир ҳам 12 фоиз. Бир танишим Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олган. Унинг уйи қаср, бадавлат одам. Лекин ер ва мол-мулк солиқларидан озод. Сал нарида уйи вайрона, камбағал одам яшайди. У йиқилаётган кулбаси учун ер ва мол-мулк солиқлари тўлайди. Демак, вертикал адолатни бузувчи омиллар кўп. Прогрессив, яъни даромад ва мулк кўпайгани сари солиқ миқдори ошиб борадиган механизм йўқ. Турли ижтимоий адолатга зид имтиёзлар мавжудлиги ҳам вертикал адолатни чиппакка чиқаради.
Учинчи мезон — юкка мутаносиб манфаат. Бунда давлат олаётган солиғига яраша жамиятга манфаат бериши керак. Хусусан, инфратузилма, тиббий хизмат, таълим, экология ва бошқа эҳтиёжлар сифатли таъминланиши зарур. Мол-мулк ва ер солиқлари тўлайсиз. Бу пуллар сиз яшаб турган ҳудуд инфратузилмаси, шароити учун сарфланиши керак. Маҳаллий солиқлар фақатгина ҳокимият зиммасида бўлган ҳудудларнинг ободонлаштириш учун ишлатилиши лозим. Лекин бизда кўп одамлар шундай солиқ тўлайди. Лекин у пул керакли жойга ишлатилмайди. Оқибатда аҳоли бу ишларни ўз чўнтагидан қилади, ўзига ўзи шароит яратади. Унда нега солиқ олинади? Юкка мутаносиб манфаат принципи ишламадими, унда манфаатга мутаносиб юк бўлиши керак. Яъни нима бераётган бўлсангиз, ўшанга яраша олишингиз керак. Кўчани асфалт қила олмаяпсанми, лоток, свет билан таъминлай олмаяпсанми, демак солиқни ҳам олмаслик керак ёки жуда кам олиши керак. Мамлакатда шу учта принцип ишламагани учун Ўзбекистонда солиқ тизими адолатсиз деб баралла айтганман.
Солиқ тизими аслида қандай бўлиши керак, қайси талабларга жавоб бериши зарур? Буни Ўзбекистон солиқ тизими билан қиёслаб, таҳлил қилиб берсангиз?
Ҳар қандай солиқ тизими бешта талабга жавоб бериши шарт. Биринчи ўринда, тизим адолатли бўлиши керак. Бу ҳақда тўхталиб ўтдик. Энг қизиғи, адолатли солиқ тизими йўлга қўйилмаган бўлса, бошқа принциплар ҳам ишламайди.
Иккинчидан, солиқ тизими содда ва аниқ бўлиши зарур. Мужмал, қийин, икки хил талқин қилинадиган эмас. Битта ўқиганда ҳамма тушуна олиши керак. Амалдаги Солиқ кодекси Россиянинг МИФИ институти ходимлари томонидан ишлаб чиқилган. Руслар ёзиб берган. Кодекс рус тилида қабул қилинган. Оригинали русчада. Кодексни Lex.uz сайтидан очиб кўрсангиз, ўзбек тилидаги версиясида ҳалигача хатолари турибди. Масалан, якка тартибдаги тадбиркорлик тушуми 100 миллион сўмдан ошган пайтда солиқнинг ошган қисмидан айланмадан солиққа ўтади дейилади. Солиқнинг ошган қисмидан нима дегани? Тушумнинг ошган қисмидан дейиш керак. Бунақа хатолари жуда кўп. Айрим шогирдларим кодексни ўзбек тилидагиси билан ишлаб, хатоликка йўл қўяди. Кейин мен уларга русчасини ўқишини айтаман. Энг қизиғи, русчасида ҳам мужмалликлар бор. Демак, тизим иккинчи муҳим талабга жавоб бермайди.

Учинчидан, солиқ тизими давлат бюджетига етарли пулни таъминлай олиши керак. Бу яширин иқтисодиёт билан кураша олиши зарур дегани. 2018 йилда яширин иқтисодиёт борлигини тан олдик. Мана орадан неча йил ўтди? Кўп ҳужжатлар, хусусан янги кодекс қабул қилдик. Лекин нега яширин иқтисодиётни бартараф қила олмадик? Демак, биздаги солиқ қонунчилиги яширин иқтисодиёт билан курашувчанлик салоҳиятига эга эмас. Шундан келиб чиқсак, бюджетга етарлилиги принципига жавоб бермайди.
Тўртинчиси, мослашувчанлик. Солиқ қонунчилиги мустақилликка эришганимиздан бери тинимсиз ўзгариб келди. Бу амалдаги кодекс тўртинчиси десак ҳам бўлади. Ҳаммаси янгидан қабул қилинди. Ҳар сафар ўзгариш ва қўшимчаларнинг дастидан илма-тешиб бўлиб, яроқсиз ҳолга келгач, уни ўзгартирамиз. Ҳар 10 йилда бир кодекс қабул қиляпмиз. Бирор йил йўқки, биз солиқ кодексини ўзгартирмаган. Нима учун? Сабаби солиқ қонунчилигимиз фундаментал талабларга жавоб бермайдиган тарзда ишлаб чиқилади. 2020 йилда янги кодекс қабул қилиб, уни ўша йилнинг ўзидаёқ ўзгартирдик. Негаки, коронавирус бошланди. Янги кодекс эпидемия шароитига тайёр эмас экан. Лекин кишилик жамиятида турли ўлат ва бошқа эпидемиялар бўлиб келган. Нега кодексда шу масала ўз вақтида инобатга олинмаган? Яъни мослашувчанлик талаби ишламайди.
Охирги талаб: солиқ тизими самарали ишлаши шарт. Солиқ қонунчилиги бир вақтнинг ўзида бир неча давлатлар мақсадларига хизмат қила олиши керак. Биринчиси, фискал мақсад, яъни бюджетга пул тушириб бериши лозим. Иккинчиси, ижтимоий мақсад. Учинчиси, иқтисодий жараёнларни тартибга сола олиши керак. Тўртинчиси, экологик мақсад. Экологияга солиқлар орқали фойда келтириши лозим. Бешинчиси, халқаро ва олтинчиси, назорат мақсадларидир. Бир вақтнинг ўзида мазкур мақсадларга тўлиқ хизмат қила олсагина, у самарали солиқ тизими ҳисобланади. Ҳозирги тизим фундаментал талабларнинг бирортасига жавоб бера олмайди.
Солиқ кодекси қабул қилиниши жараёнида иштирок этганман. Вазирликлар мажбурликдан, ўлар кунидан олимларни жараёнга жалб қилди. Кўп муҳокамалар юзаки бўлди. Ҳужжат қабул қилинаётган вақтда мен: “бу кодекс ҳали хом, қабул қилсанглар барибир ўзгаради”, деганман. Жараёнда хатоликлар кетаётганини кўриб турганман. Лекин тўхтатиб бўлмади. Шундай босим билан кетаверди. Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги кодекс лойиҳасини қўлига олди. Кейин Молия вазирлигига ўтиб, вазирлик лойиҳани Россия молия вазирлигининг институти ходимлари билан давом эттирди.
Тақдир тақозоси билан Молия вазирлигида ҳам ишладим. Ўшанда столимда ҳар бири 150 бетли ҳисоботлар турганди. Раҳбарим шу ҳисоботларни ўқиб, бир ярим саҳифали тезис ёзиб беришимни топширди. Қарасам, 2018-2019 йиллардаги ҳисоботлар экан. Мен эса 2020 йилда ишга борганман. “Ҳужжатда ёзилганлари ўтиб кетган жараёнларку, шу пайтгача ўқилмаганми”, деб сўрадим. У одам: “ким ўқийди шунча нарсани. Бир ярим бет қилиб берсангиз ўқишади”, деб жавоб берган. Хулоса чиқардимки, ўша Солиқ кодекси бўйича рус томони юборган ҳисоботлар ўқилмаган, ўрганилмаган ва текширилмаган. Бизнинг миллий манфаатларимиз, Ўзбекистон иқтисодиётига, миллий менталитетимизга мос ёки йўқлиги экспертиза қилинмаган. Уни ўқиш учун мутахассис ҳам бўлмаган.
Солиқ кодексимиз Россия солиқ кодексининг “копия”си асосида, Ўзбекистонга бир оз мослаштириб тайёрланган. Россия солиқ кодекси 2004 йилларда ёзилган. Орадан ўтган вақтни, яъни иқтисодиётнинг замонавийлашуви, рақамлашини ҳисобга олган ҳолда ёзилган. Лекин у қабул қилинганидан бери тинмай ўзгаради. Ҳозир ҳам кўряпманки, кўп нормалари ҳали ҳам ишламайди.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Изоҳ (0)