Замонавий ноутбукларнинг аксарияти автоматик заряд назорати тизимига эга. Бироқ фойдаланувчиларнинг кўпчилиги ҳали ҳам қурилмани доимий зарядга улаган ҳолатда ишлатиш батареяга қандай таъсир кўрсатишини аниқ билмайди. Бу ҳақда эса турли қарашлар мавжуд. Қуйида мутахассислар фикри ва техник тавсиялар асосида ушбу масалага аниқлик киритамиз.

Агар ноутбук нисбатан замонавий модел бўлса, уни доимий равишда зарядга улаган ҳолда ишлатиш хавфсиздир. Аксарият янги қурилмаларда аккумулятор тўлиқ 100% қувватлангач, зарядланиш автоматик тарзда тўхтайди ва қурилма тармоқ орқали бевосита электр қувватини олади. Бу эса ортиқча зарядланишдан ҳимоя қилиб, батареяни асрайди. Илгари бу функциялар мавжуд бўлмаган бўлса-да, ҳозирги ноутбукларда бу тизим заряд назорати модули (контроллер) ичига киритилган.
Аммо муҳим жиҳатлардан бири — қизиб кетиш ҳақида унутмаслик лозим. Агар ноутбук юқори юклама остида ишлаётганда исий бошласа ва шу ҳолатда доим электр тармоғига уланган бўлса, батарея қисқа муддатда эскиради. Чунки литий-ионли батареялар юқори ҳароратга сезгир: ҳатто 40–45°C иссиқлик ҳам уларнинг сиғимини аста-секин камайтиради.

Яна бир муаммо бу батареядан кам фойдаланишдир. Агар қувват кўрсаткичи доимо 100% заряд ҳолатида турса-ю, аммо ноутбукдан фойдаланилмаса, аккумуляторнинг ички кимёвий жараёнлари ишдан чиқади. Бу эса унинг сиғими пасайишига олиб келади. Шунинг учун батарея фаол бўлиб туриши учун ҳафтасига камида 1–2 марта ноутбукни 30–50% гача ишлатиб, кейин қайта зарядлаш тавсия этилади.
Мутахассислар фикрича, ишлаб чиқарувчи компания таклиф қиладиган махсус дастурлардан фойдаланиш энг яхши ечимдир. Масалан, Lenovo, Dell, Asus каби брендларнинг ноутбукларида батареяни 60–80% гача зарядлаб, чеклаб турувчи иловалар мавжуд. Бу, айниқса, ноутбукни доим электр тармоғига уланган ҳолатда ишлатадиган фойдаланувчилар учун фойдалидир.
Хулоса: Агар ноутбук ҳаддан ташқари қизиб кетмаса ва сиз вақти-вақти билан батареяни ишлатиб турсангиз, уни заряд олиш қурилмасига улаган ҳолда ишлатиш мумкин.
Изоҳ (0)