Мамлакатда 2030 йилгача иссиқ сув ва иссиқлик таъминотини субсидиялашдан тўлиқ воз кечилади. Бу ҳақда 8 июль куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқарув раиси Илҳом Тўраев маълум қилди.

Илҳом Тўраевнинг айтишича, соҳани ривожлантириш учун иссиқлик таъминотини давлат бюджетидан субсидиялашни тўхтатиш зарур.
“Бизда аҳолига пасайтирилган нарх қўлланади. Тошкент шаҳри ва вилоятларда турлича нархлар белгиланади. Яъни маҳаллий бюджет тўлов қобилиятидан келиб чиқиб субсидия ажратилади. Соҳани ривожлантириш учун иссиқлик таъминотини субсидиялардан озод бўлишимиз керак. Лекин буни бир вақтнинг ўзида амалга ошириш қийин. 2030 йилгача босқичма-босқич субсидиялашдан воз кечамиз. Бунинг учун эса тарифларни йилига икки марта қайта кўриб чиқишимиз лозим. Албатта, нархларни бир мартада юқорироқ ошириш ҳам мумкин, лекин аҳолига қийин бўлиши мумкин. Шуни олдини олиш учун тарифлар йилига бир ёки икки марта қайта кўриб чиқилади ҳамда субсидиялар миқдори босқичма-босқич қисқартириб борилади”, деди ташкилот раҳбари.
Ўзбекистонда иссиқлик корхоналари истеъмолчиларга иссиқ сув ва иссиқлик таъминотини пасайтирилган нархда етказиб бергани ҳисобига кўрган зарарлар давлат бюджетидан субсидия сифатида қоплаб келинади.
Охирги йилларда бюджетнинг мазкур йўналишга ажратилаётган тўловлари кўпайган. Масалан, иссиқлик корхоналарига 2022 йилда 900 млрд сўм, 2023 йилда 1,7 трлн сўм ажратилган бўлса, 2024 йилда харажатлар 4,2 трлн сўмга кўтарилган.

Бюджет прогнозларига кўра, 2025 йилда ундан-да кўпроқ – 4,8 трлн сўм ажратилиши кутилмоқда. Иссиқлик таъминоти учун давлат томонидан 2026 йилда 4,2 трлн сўм, 2027 йилда 4,7 трлн сўм берилиши кўзда тутилган.
Жорий йил январь—июнь ойларида Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун давлат бюджетидан 1,3 триллион сўм субсидия ажратилган. Пойтахтда бир гигакалория (Гкалл) иссиқ сув нархи 664 минг сўм. Аҳоли шундан 18 фоизини тўлайди, қолган 82 фоизи давлат бюджетидан қопланади.
Изоҳ (0)