2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун умумий қарздорлик 353 миллиард сўмга етган. Бу ҳақда Veolia Energy Ташкент компаниясининг молиявий масалалар бўйича директори Севара Пардаева “Дарё”га маълум қилди.

Таъкидланишича, пойтахт аҳолиси иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматидан жами 278 миллиард сўм қарздор. Қолган 75 миллиард сўмлик қарзлар бюджет ташкилотлари ва юридик шахсларга тегишли.
“Иссиқ сув ва иссиқлик таъминотидан қарзини қайтармаётгани учун 90 фоиз истеъмолчиларни судга беришга мажбур бўлдик. Улар суд қоғози келмагунча иссиқ сув учун пул тўлашни ўйламаяпти. Агар аҳоли пул тўламаса, биз 60 кун кутиб, муддати ўтган қарздорлик бўйича судга оширишимиз мумкин. Суд масалани кўриб чиқиб, МИБга оширади. Пулни қарздор одамлар ёки юридик шахсдан ундиргунча камида 6–8 ой вақт кетади. Бу ҳолат қувурларни таъмирлаш, алмаштириш ва бошқа иш фаолиятларимизга таъсир қилади”, деди компания вакили.
Севара Пардаеванинг айтишича, шаҳарнинг айрим ҳудудларига 11,5 мингта онлайн сув ҳисоблагич ўрнатилган. Жорий йил яна 75 мингта ўрнатиш режалаштирилган. Бу ишлар асосан Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Сергели туманларида малга оширилади.
“Иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти истеъмолчилари сони 450 мингта бўлиб, ҳисоблагичлар 600 мингта. Шундан 430 мингтаси ва умумий истеъмолчиларнинг 90 фоизи аҳоли ҳисобланади”, деди компания масъули.
Корхона вакиллари иссиқ сув қувурларига электрон ҳисоблагичлар ўрнатилаётгани сабаблардан бири ҳам қарздорликни камайтириш эканини маълум қилди. Лекин бундай ҳисоблагичлар бутун шаҳардаги биноларга ўрнатилмаслиги, асосан қарздорлиги юқори туманларга жорий этилиши таъкидланди.
Изоҳ (0)