Америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси Falcon 9 ракетаси ёрдамида космосга 150 дан ортиқ ДНК капсулалари ва инсон қолдиқларини олиб чиқади. Бу ҳақда Space хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур ёдгорлик юклари Celestis компанияси ҳамкорлигида орбитага учирилади. Миссия доирасида Европада ишлаб чиқилган Nyx номли космик кеманинг синов парвози ҳам амалга оширилади. Учиш 24 июнь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Режага кўра, Nyx космик кемасининг тўлиқ версияси 2028 йилда космосга учади ва Халқаро космик станция билан уланиши керак. Жорий парвозда кема Ер атрофидаги паст орбитага чиқиб, икки ёки уч марта айланади, сўнг Ер атмосферасига киради. Шундан сўнг ёдгорлик капсулалари Тинч океанига туширилади, у ердан эса улар йиғиб олиниб, мижозларга эсдалик сифатида қайтарилади.

Celestis компанияси тарихда биринчи марта уч ёшли Маттео Бартнинг ДНК намуналарини космосга юборади. Натижада у космосга ДНКси юборилган энг ёш немис, ҳатто бутун Европадаги энг ёш инсон сифатида тарихда қолади. У рамзий равишда марҳум бобоси Дитер Барт билан бирга парвоз қилади. Чунки бобосининг кремация қилинган қолдиқлари ҳам ушбу миссияда космосга юборилади.
Изоҳ (0)