SpaceX асосчиси Илон Маск Twitter’даги саҳифасида космик компания атмосферадан ажратиб олинадиган карбонат ангидриддан ракета ёнилғиси ишлаб чиқариш дастурини ишга тушираётганини маълум қилди.
«SpaceX атмосферадан CO2 ни ажратиб олиш ва уни ракета ёнилғисига айлантириш дастурини амалга оширишга киришмоқда. Агар қизиқсангиз, марҳамат, бизга қўшилинг», — деб ёзган Маск Twitter’да. Унинг қўшимча қилишича, бу Марсга парвозлар учун ҳам аҳамият касб этади.
SpaceX Falcon 9 ракетаси ёнилғи сифатида керосиндан фойдаланади, у эса бошқа кимёвий моддалар сингари атмосферага карбонат ангидрид чиқаради. Бундан ташқари, компанияда Марсга парвозлар учун яратилаётган Starship космик кемаси Raptor двигателлари билан ишлайди. Raptor эса ёнилғи сифатида суюқ метан ва суюқ кислороддан фойдаланади. Қайд этилишича, карбонат ангидриддан метан ишлаб чиқариш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Карбонат ангидрид ердан қазиб олинувчи ёнилғиларнинг ёнишидан ҳосил бўлади. У иқлим инқирозига ҳисса қўшадиган асосий иссиқхона гази ҳисобланади.
Апрель ойида Илон Маск карбонат ангидридни тежамкор равишда ёнилғига айлантириш йўлини топадиган ихтирочига 100 миллион доллар ваъда қилганди.
Изоҳ (0)