Сурхондарё вилояти Музработ туманида аёлга унинг беҳаё видеоларини тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Тегишли орган вакиллари томонидан Музработ туманида ўтказилган тезкор тадбирларда 1986 йил ушбу туманда туғилган фуқаро 1985 йилда Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида туғилган, Россия Федерацияси фуқароси бўлган аёлнинг яланғоч ҳолатдаги видеоларини қўлга киритиб, аёлни видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитган.
Ушбу шахс аёлдан 1 000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган. У пулларни жабрланувчининг дугонаси, 1988 йил Шўрчи туманида туғилган Термиз шаҳрида яшовчи фуқародан талаб қилинган пуллардан 900 доллар ва 1 млн 250 минг сўм миқдоридаги маблағни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, товламачилик жиноятини содир этганлик учун уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Изоҳ (0)