Жазирамада кондиционернинг саломатликка зарарининг олдини олиш учун хонада ўтирганда вақти-вақти билан ўчириб қўйиш ёки совуқ ҳаво оқими урмайдиган жойга ўтиб олиш мумкин. Бу ҳақда Миллий тиббиёт марказининг Маслаҳат поликлиникаси кардиолог шифокори Алишер Нажмиддинов тавсияларида айтиб ўтди.

Кондиционернинг ўзи шамоллашга олиб келмайди
Тадқиқотлар натижаларига кўра, кондиционернинг ўзи шамоллашга олиб келмайди. Чунки бу касаллик келиб чиқишига совуқ ҳаво эмас, балки микроорганизмлар сабаб бўлади. Бироқ ўта совуқ муҳитда узоқ вақт бўлиш иммун тизимини заифлаштиради. Бу эса танани инфекцияларга қарши ҳимоясиз қилиб қўйиши мумкин.
Бундан ташқари, инсон танасида ҳарорат пасайгандан сўнг, қон томирлари тораяди. Бу қон оқимини сусайтиради. Натижада иммун ҳужайраларининг томоқ ва бурун шиллиқ пардаларига етказиб берилиши тезлигини секинлаштиради. Кўпинча, айнан шу органлар бактериялар ва вируслар учун кириш жойи бўлгани сабабли, бунда инфекция ривожланиши эҳтимоли ортади.
Шунингдек, ҳароратнинг кескин ўзгариши, яъни совитилган хона ёки автомобилдан бирданига жазирамага чиқиш ҳам танани стрессга тушириб қўяди. Бу вақтда стресс гормонлари ишлаб чиқарилади. Узоқ муддат бу ҳол такрорланса, иммунитет тушиб кетиши мумкин.

Хонада нима қилиш керак?
Хонада ўтирганингизда кондиционерни вақти-вақти билан ўчириб қўйишингиз ёки совуқ ҳаво оқими урмайдиган жойга ўтиб олишингиз мумкин. Аммо транспортда бўлганингиздачи? Ўзингизни асраш учун нималар қилишингиз мумкин?
Машинада нима қилиш керак?
Автомобильда бўлганингизда, қуйидаги қоидаларга риоя қилишга ҳаракат қилинг. Машинани ҳайдашдан олдин салонни яхшилаб шамоллатинг. Совуқ ҳавони юз ва кўкрак қисмингизга йўналтирманг. Ҳароратни аста-секин кўтаринг ёки пасайтиринг.

Шамоллаб қолса нима қилиш керак?
Агар барча уринишларингиз бесамар кетиб, барибир шамоллаб қолган бўлсангиз, нима қилиш керак? Симптомларни енгиллаштирадиган маҳаллий таъсир қилувчи воситалардан фойдаланинг. Ҳеч қандай ҳолатда шифокор тавсиясисиз антибиотиклар билан даволанманг.

Бундан ташқари, томоқ оғриғи учун яхши ўрганилган антиоксидант бўлган C витамини мавжуд воситалар ҳам даводир. Одатда бундай маҳаллий даволаниш етарли бўлади.
Изоҳ (0)