Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатли органи Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳаво ҳароратининг 45 даражагача кўтарилиши бўйича аҳолининг турли ёш қатламлари учун тавсиялар берди.

Маълум қилинишича, ҳаддан ташқари юқори ҳаво ҳарорати тез орада ўлим ёки касалхонага ётқизилишга олиб келиши мумкин, шунинг учун иссиқлик ҳақидаги ҳар қандай огоҳлантириш зудлик билан чоралар кўриш учун сигнал бўлиши керак.
Аҳоли нималар қилиши лозим? Иссиқда қолмасликка ҳаракат қилинг
- Қуёш энг қизиган пайтда ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилинг. Бу вақтда жисмоний фаолликни чекланг.
- Сояда бўлинг. Ёдингизда бўлсин, қуёшда бўлганингизда, атроф-муҳит ҳарорати 10-15 даражага юқорироқ туюлиши мумкин.
- Агар иложи бўлса, куннинг камида икки-уч соатини салқин хонада ўтказинг.
- Чўкиш хавфини унутманг. Ҳеч қачон сувда ёлғиз сузманг.
- Расмий об-ҳаво огоҳлантиришларини диққат билан кузатинг.
Уйни салқин сақланг
- Кечқурун ва эрта тонгда, ҳаво салқинга айланганда деразаларни очинг.
- Кундузи эса, ташқарида ҳарорат хонага қараганда юқори бўлганда, деразаларни, пардаларни ёпиб, қуёш нурларининг киришини чекланг.
- Электр жиҳозларини имкон қадар ўчиринг.
- Электр вентиляторлардан фақат 40 даража иссиқдан паст ҳароратда фойдаланинг. 40 даража иссиқдан юқори ҳароратда вентилятор танани янада қиздиради.
- Агар кондиционер билан биргаликда электр вентилятор ишлатила олсангиз, ҳароратни 27 даражага ўрнатинг ва электр вентиляторни ёқинг — хонадаги ҳарорат 4 даража пастроқ ҳис қилинади. Шу йўл билан хонани совитиш учун сарфланадиган электр энергиясини 70 фоизгача тежаш мумкин.
- Эсда тутинг, ташқаридаги соя остида бўлиш, ичкари хонага қараганда салқинроқ бўлиши мумкин.
Тана қизиб кетиши ва сувсизланишидан сақланинг
- Енгил, кенг ва ҳаво ўтказувчи кийимлар кийинг, “нафас олувчи” чойшаблардан фойдаланинг.
- Вақти-вақти билан салқин душ қабул қилинг ёки ваннага тушиб туринг.
- Терини нам мато ёки спрей ёрдамида намланг ёки намланган енгил кийим кийинг.
- Ҳар соатда камида бир стакан сув ичинг, кунига камида 2–3 литр.
- 65 ёшдан ошган кексалар, юрак, ўпка, буйрак касалликлари ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, ёлғиз таниш ва яқинларингиз аҳволидан тез-тез хабар олиб туринг.
Чақалоқлар ва болаларни ҳимоя қилинг
- Қанча вақтга кетганингиздан қатъи назар, болалар ёки ҳайвонларни ҳеч қачон тўхтаб турган автомобилларда қолдирманг — ички ҳарорат хавфли даражага етиши мумкин.
- Болалар имкон қадар сояда ёки салқин жойда бўлиши керак.
- Болалар аравачасини қуруқ мато билан ёпманг — бу ҳавонинг айланишига тўсқинлик қилади ва иссиқликни ушлаб қолади. Бунинг ўрнига ҳўл юпқа мато ишлатинг ёки портатив вентилятор қўлланг.
- Болага енгил, кенг кийим кийдиринг, боши соябонли панама билан ёпилсин. Қуёшдан ҳимояловчи крем ва кўзойнак ҳам фойдали.
- Уйда хавфсиз ҳароратни сақлаш учун уйда салқинликни сақлаш бўйича тавсияларга амал қилинг.
Жазирама — ҳақиқий хавф. Ўз вақтида чора кўрилмаса, саломатликка жиддий зарар етказиши мумкин.
Ҳафта давомида кутилаётган жазирама иссиқ
Ўзбекистон ҳудудига 2—5 июль кунлари жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, 2 июль куни республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида, 3—5 июлда ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 44-46 даражагача кўтарилади.
“Ўзгидромет” прогнозларига кўра, 2025 йил ёзнинг ўртаси сўнгги йилларда тез-тез қайд этилганидек, июль ойи ўртача йиллик қийматлардан 1-2 даражага илиқроқ бўлиши кутилмоқда. Ушбу ойда ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам.
Аввалроқ ФВВ аҳолига соат 10:00 дан 17:00 гача тик тушадиган қуёш нурлари остида бўлмасликни тавсия қилганди.
Изоҳ (0)