“Оппоғой” эртагининг янги талқинида бош ролни ижро этган актриса Рейчел Зеглер фильм муваффақиятсизлиги туфайли танқидларга дош бериш учун психиатр ёрдамига мурожаат қилгани ҳақида сўзлаб берди.

Фильм муваффақиятсиз чиққач, актриса оила даврасида вақт ўтказиш учун ота-онасиникига — Нью Жерсига йўл олди.
“Мен бундай ҳолатларга жуда таъсирчанман, ахир бу менинг шахсий мағлубиятим эмас-ку?! Қолаверса, ҳаётда ундан ҳам баттар воқеалар бўлиши мумкин”, дейди у.
Зеглер психиатр қабулида тез-тез бўлганини, мутахассис унга хавотирни камайтирувчи дорилар ёзиб берганини айтди. Актрисанинг сўзларига кўра, дори-дармонларсиз у “умуман яшай олмасди”.
“Менинг психиатрим бу вақт ичида доим ёнимда бўлди”, дейди у.

Аввалданоқ фильмдаги бош қаҳрамон учун Зеглернинг танланиши катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Классик эртак мухлислари “қор каби оппоқ” деб тасвирланган қаҳрамонни лотин америкалик актриса ижро этишига норозилик билдирган.
Бунга жавобан Рейчел Зеглернинг баъзи баёнотлари танқидни янада кучайтирган: у 1937 йилда суратга олинган асл мультфильмни “эскирган”, ундаги романтик воқеаларни эса “соғлом муносабатлардан йироқ” деб атаган. Актрисанинг айтишича, янги версиядаги Оппоғой кучли ва етакчи аёл образи сифатида намоён бўлиши лозим эди.
Disney’нинг ушбу лойиҳаси IMDb’да рекорд даражада паст — 10 баллдан атиги 1,6 балл баҳо олди. Платформада 50 минг ва ундан ортиқ овоз тўплаган фильмлар орасида бу энг паст кўрсаткичдир. Forbes маълумотларига кўра, 270 миллион долларлик бюджет билан суратга олинган фильм прокатда атиги 87,3 миллион доллар йиға олган.
Изоҳ (0)