Ўзбекистонда 2025 йилда дарсликлар ижараси учун ота-оналардан тўлов ундириш режалаштирилмаган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик 2025 йилда мактабларда ўқувчилар учун дарсликлар ижараси бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Унда айтилишича, 2025—2027 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия асосида ишлаб чиқилган бюджетнома лойиҳасида 2025/2026-ўқув йилидан 2—11-синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини жорий этиш юзасидан тегишли таклифлар тақдим этилган эди.
Бюджет жараёнларини шакллантиришда вазирлик томонидан, биринчи навбатда, иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлашда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажаришга устувор эътибор қаратилади. Бунда, самарадорликни ошириш мақсадида турли йўналишлар бўйича таҳлиллар ўтказилади.
2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 миллион нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун давлат бюджетидан жами 1,5 триллион сўм ажратилган. Ушбу маблағлардан 435,5 миллиард сўми (ёки 36 фоизи) даврийлиги 1 йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган.
2025 йилда эса 81 миллион нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун жами 1,3 трлн сўм маблағни тўлиқ давлат бюджетидан қоплаш кўзда тутилган.
“Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги фаол фойдаланувчилар томонидан чоп этилган постларда бюджет лойиҳасида Китоб жамғармаси харажат ва даромадлари кўрсатилмаганига эътибор қаратилган. Қайд этиш жоизки, Китоб жамғармаси фаолияти тўхтатилган ва янги жамғарма ташкил қилинмагани сабабли лойиҳада бу бўйича маълумотлар акс эттирилмаган”, дейилади баёнотда.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, 2025 йил учун давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради.
Бунда, ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган.
Ўзбекистонда 2022 йилдан бери мактаб дарсликлари учун ижара пули олинмаяпти. Ўша йилда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан эътирозлар билдирилгач, президент сентябрь ойида мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берганди.
Изоҳ (0)