Қирғизистон президенти Садир Жапаров рафиқаси билан 21 март куни Марказий Ала-Тоо майдонида ўтказилган Наврўз байрамида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Жапаров тадбирда нутқ сўзлаб, табиат ва инсоннинг ажралмас бирлигини тараннум этувчи Наврўз байрами юксак аҳамият ва муқаддас эканини таъкидлади. У тарих, анъаналарни асраб-авайлаш, таълим-тарбияга интилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
“Илгари мактаб биноларини реконструкция қилиш, ўқитувчиларнинг ойлик маошларини оширишга аҳамият берилган бўлса, эндиликда мактаб дастурлари ва дарсликлар сифатига алоҳида эътибор қаратилади”, — деди Қирғизистон президенти.
Шунингдек, Садир Жапаров рафиқаси Ойгул Жапарова билан биргаликда Бишкекнинг марказий майдонида ўрнатилган ўтов шаҳарчасини кўздан кечирди, сумалак татиб кўрди. Тадбир концерт дастури билан давом этди.
“Мен ҳар бир қирғизистонликка бу йил муваффақиятлар, улкан ютуқлар, бирдамлик ва мамлакатимиз иқтисодий юксалиши йили бўлишини тилайман”, — деди президент.
Изоҳ (0)