Айрим имло хатолари энциклопедиялар, китоблар, дарслик ва қўлланмаларга кириб боради. Уларнинг хато эканини кўпинча сезмаймиз ҳам. Бунга баъзан эътиборсизлик, баъзан янглиш талқинлар сабаб бўлади. “Дарё” колумнисти, муҳаррир Ориф Толиб бу гал географик номлар имлосидаги шундай янглиш талқинларга эътибор қаратади.
Ташқи ишлар вазирлиги имлога масъулми?
Касбим тақозоси билан “Картография” давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонасининг вазирлик ва идораларга имло масаласида йўллаган мурожаатларига жавоблар билан танишдим. Бу хатларда “Дунёнинг сиёсий харитаси” ва атласларда хорижий мамлакатлар номларини амалдаги лотин имлосига кўра тўғри ёзиш масаласи кўтарилган.
“Картография” ДИИЧКга кўра, “Дунёнинг сиёсий харитаси” ҳар йили Ташқи ишлар вазирлигига дунёнинг сиёсий тузилишида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар, давлатлар пойтахтларининг ўрни ёки номлари ўзгаришларини текшириб бериш учун юборилади.
Вазирлик эса баъзи мамлакатлар ва шаҳарлар номларининг ёзилишидаги хатоликларни аниқлаб, кўрсатади. Бу тартиб, албатта, яхши. Чунки мамлакатлар, турли шаҳар ва ҳудудларнинг чегаралари, номлари ўзгариб туради. Аниқлик керак. Бироқ бир эътиборли нуқта бор: номларнинг ёзилишидаги хатолар билан нега Ташқи ишлар вазирлиги шуғулланиши керак? Вазирлик имло бўйича ваколатли ташкилотми?
Тўғри, жой номлари имлоси масаласида катта бўшлиқ бор. Ўзбек тилининг амалдаги имло қоидалари ва табиатига мос географик номлар луғати ҳалигача ишлаб чиқилмаган. Бу борада масъулиятни елкага оладиган ва амалий қадам ташлайдиган ташкилот ҳам ҳозирча йўқ.
Агар ана шу масъулиятга Ташқи ишлар вазирлиги эга чиққан бўлса, жой номлари бўйича тавсия беришда географлар, топонимчилар, тилшунослар, луғат яратувчилар, муҳаррирлар – умуман шу соҳага алоқадор мутахассислардан хулоса ва таклифлар олдими? Менимча, бу саволга тасдиқ маъносида жавоб бериб бўлмайди. Чунки вазирлик таклиф этган тузатишларнинг баъзилари ўзбек тилининг асосий имло қоидаларига зид.
Қайси жой номларига эътибор қаратилган?
Вазирлик 2024 йил 29 февралдаги хати билан 17 та топоним номига ўзгартириш киритишни тавсия этган. Улар ичида тўғри ва асосли тузатишлар ҳам бор. Масалан, Asunsion, Duqm, Raqqa, Abha, Chimkent, Ashxobod, Ostona шаҳарлари номи ёзилишидаги тавсияларга тўлиқ қўшилиш мумкин. Чунки бу номлар ўзбекча талаффуз, имло анъанасига мос, аслиятга ҳам тўғри келади.
Oʻmon давлати номи эса бир қадар баҳсли, чунки бу ном миллий энциклопедия ва бошқа манбаларда Уммон шаклида берилган. Аслиятда, яъни арабчада Ўмон ўқилади дегани ўзбек тилида ҳам мажбуран шундай бериш керак дегани эмас. Тил сўзни ўзига мослаштиради, мослаштирмасагина аслиятга таяниш ўринли бўлади. Уммон сўзи илдизида уммон, яъни денгиз маъноси йўқ-ку, деб ҳам эътироз билдирилиши мумкин. Тўғри, шундай. Лекин бир сўз бошқа тилга ўзлашганда шаклини ёки мазмунини ўзгартириши мумкин ва бу табиий. Бу султонлик учун ўзбекчада Уммон топоними ишлатилаётган ва ўзбекча талаффузга зид эмас экан, уни қабул қилавериш керак. Ўзбек тили билан бир оилага мансуб турк тилида ҳам бу давлат номи учун Уммон варианти ишлатилади. Мабодо кўпчиликнинг якдиллиги билан Ўмон варианти олинса ҳам муаммо эмас. Бу шакл бошқа бир тил таъсирида ўзгармаган, ўзбек тилига бегоналашмаган. Аммо бирхилликка эришиш шарт.
Қатар пойтахти номини Doha шаклида ёзиш ҳам баҳсли. Миллий энциклопедия бу сўзни Дўҳа кўринишида берган. Русча, инглизча ёки бошқа бир тилдаги шаклга эргашмай, ўзбекча талаффузга мос вариантни танлаган маъқул, менимча.
Монголияни Moʻgʻuliston шаклида бериш ҳақидаги хулосага тарихийлик-анъанавийлик нуқтаи назаридан қўшилиш мумкин-у, саволли жиҳатлар бор-да. Мўғулистон сўзи тилимизда эскидан ишлатилган. Бироқ замонавий адабиётларда, масалан, миллий энциклопедияда Мўғулистон ва Монголия топонимларининг маъноси фарқланади. Мўғулистон 1348 йили Чиғатой улуси парчаланиши натижасида ташкил топган давлат ҳамда Чингизхоннинг аждод ва авлодлари яшаган Марказий Осиёдаги катта географик ҳудуд учун ишлатилади. Mongoliya эса аҳолиси асосан мўғуллардан иборат, бугун мавжуд бўлган давлат учун қўлланади. Агар Мўғулистон атамаси замонавий Монголия учун ишлатилиши қатъий белгиланса, буни ҳам қабул қилса бўлади. Шу принцип асосида Грецияни ҳам Юнонистон деб ўзгартириш мумкин. Лекин якдиллик керак. Турли манбаларда хилма-хил талқинлар илгари сурилиши чалкашликларга йўл очади.
Имлога масъул ташкилотлар нима дейди?
“Картография” ДИИЧК худди шу масалада ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтига ҳам мурожаат қилган. Ушбу институт тил, хусусан, имло масалалари билан шуғулланувчи ваколатли ташкилотлардан бири.
Институт Ташқи ишлар вазирлиги билан деярли бир хил хулоса берган. Қизиқ томони, институт ҳам айнан ўша 17 та топонимга тўхталган. Тавсиялар фақат битта ўринда фарқланади: институт Shveytsariya шаклини, вазирлик эса Shveysariya вариантини маъқуллаган.
Институт ва вазирликка кўра, Shri Lanka номини Shri-Lanka, Tel Aviv номини Tel-Aviv, Ulan Bator номини Ulan-Bator, Nyu Dehli номини Nyu-Dehli, Sankt Peterburg номини Sankt-Peterburg шаклида ёзиш керак.
Вазирликдан фарқли равишда институт хулосасига манба кўрсатган: “Ўзбекча-русча луғат”нинг географик номлар бўлими (700–709-бетлар). Шу ерда савол туғилади: нега жой номлари учун “Ўзбекча-русча луғат” асос бўлиши керак? Хўп, жой номлари луғати йўқ экан, энг биринчи галда амалдаги имло қоидаларидан ечим қидирилмайдими? Буни бошқалар билмаса ҳам, имло билан шуғулланувчи институт билиши керак-ку? Қолаверса, юқорида тилга олинган луғат ҳам, мавжуд топонимик луғатлар ҳам собиқ Иттифоқ даврида яратилган ва имлода рус тили қоидаларига асосланган. Мустақиллик давридаги қайта нашрлари ҳам олдинги принципни, руҳиятни сақлаб қолган.
Вазирлик ҳам, институт ҳам Asunsion, Duqm, Raqqa, Abha топонимлари имлосида ўзбекча-русча, русча-ўзбекча луғатларга ёки кўз ўрганган шаклларга эмас, аслиятга асосланган. Ана шу принцип негадир бу сўзларда ишламай қолган, уларни аслиятга зид равишда чизиқча билан ёзиш тавсия этилган.
Вазирлик ва институт хулосасидаги хато нимада?
1995 йили қабул қилинган Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларида “Чизиқча билан ёзиш” боби бор. Ушбу бобда қайси сўзлар чизиқча билан ёзилиши кераклиги кўрсатилган. Аммо бирор-бир бандда юқорида саналган жой номларини чизиқча билан ёзишга оид тартиб кўрсатилмаган. Демак, Shri-Lanka, Tel-Aviv, Ulan-Bator, Nyu-Dehli, Sankt-Peterburg шаклида ёзиш амалдаги имло қоидаларига зид!
Балки, ҳар икки ташкилот аслиятга асосланиб шундай хулоса бергандир? Йўқ, ундай эмас. Shri Lanka, Tel Aviv, Ulan Bator, Nyu Dehli каби жой номларининг аслиятда ёки инглизчада ёзилишига эътибор беринг. Ҳеч бирида чизиқча йўқ. Чизиқча ишлатиш ўзбек тили учун ҳам мутлақо ортиқча. Фақат Санкт-Петербурггина русчада чизиқча билан ёзилади. Бироқ у ҳам аслан русча эмас, этимологияси немисчага тақалади. Немисчада эса чизиқча ишлатилмайди: Sankt Petersburg.
Русчада чизиқча билан ёзишга асос бор – рус тили имло қоидаларининг 169-бандида олд қисмида артикл, предлог, юклама бўлган ҳамда таркибидаги сўз рус тилида турдош от сифатида ишлатилмайдиган жой номлари чизиқча билан ёзилиши кўрсатилган. Шу қоидага кўра, Sankt Peterburg, Shri Lanka, Tel Aviv, Ulan Bator, Nyu Dehli ва бошқа шунга ўхшаш топонимлар русчада чизиқча билан ёзилади.
Энди савол: нега ўзбекчада ҳам рус тили имло қоидаларига таянилиши керак? Вазирлик ҳам, институт ҳам юқоридаги сўзларнинг ёзилишида ўзбек тили имло қоидаларига эмас, рус тили имло қоидаларига асосланган.
Нима қилиш керак?
Рус тили имло қоидалари кенг қамровли, яхши ишланган. Ўзбек тилининг кирилл ва лотин ёзувларидаги имлоси учун шу имло қоидалари асос бўлгани ҳам ҳақиқат. Бироқ бу ҳар қандай қоидани кўчириш керак, ўзбекча имлога терс бориб, русчага тақлид қилиш керак дегани эмас.
Ёзувдаги ортиқча белгилар фақат зарар – жой олади, ўқувчини чалғитади. Имлода ҳам, пунктуацияда ҳам шундай. Матн ёзишда, унинг имлосида бош мақсад ўқувчига енгиллик яратиш, унга мазмунни тўла-тўкис етказиш бўлиши зарур.
Муаммо аниқ. Хўш, уларни ҳал этиш учун нималар қилиш керак?
Топонимлар имлоси билан боғлиқ муаммони ечиш учун имло қоидалари ислоҳини кутиб ўтириш шарт эмас, уни амалдаги имло қоидалари билан ҳам бемалол ҳал этиш мумкин. Географик номларнинг кенг қамровли луғатини ишлаб чиқиш кифоя. Лекин бунда мустақил, ўзбекча имлога мос ёндашув керак. Жой номлари эски ҳаммом, эски тос қабилида яна ортиқча чизиқчалар билан, ўзбекчага ёки аслиятга зид шаклларда берилмаслиги зарур. Балки, бу ишга Ташқи ишлар вазирлиги бош-қош бўлар?
Имло масаласида рус, инглиз ёки бошқа тилга асосланиб, ўзбекча имлога терс хулосалар, кўрсатмалар беришни ҳам тўхтатиш зарур. Чунки янглиш тавсиялар хатолар давомли бўлишига, “қонунийлашиш”ига олиб келади. Тўғридай кўринадиган, аслида ўзбек тили имлосига зид тартиб дарсликлар, қўлланмалар, энциклопедиялар, китоблардан янада мустаҳкам ўрин олади. Ўқувчилар, талабалар, мутахассислар, умуман, кенг жамоатчилик зеҳниятига қатъий ерлашади.
Масъуллар бу масалага эътибор қаратади ва хатоларни тўғрилашга киришади деб умид қиламан.
Изоҳ (0)