11 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин баҳсларга бой бўлди.
Қонун лойиҳаси ташаббускори ИИВ бўлиб, ҳужжатни биринчи ўқишга Коррупцияга қарши курашиш ва суд масалалари қўмитаси киритган. Вазир ўринбосари Рамазон Ашрапов депутатларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш таклиф этилаётган ўзгаришлардан кутилаётган муддаони тушунтириб берди.
Вазир ўринбосарининг айтишича, қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмагани мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирган. Натижада бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакларда бемалол ҳаракатланиб, жамоат транспортининг ҳаракатига жиддий тўсқинлик қилмоқда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси томонидан йўл ҳаракати қоидаларига жамоат транспортига алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш тартибини назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 2024 йил 10 октябрда 658-сонли қарор қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, белгиланган йўлакларда фақат йўналишли жамоат транспорт воситалари ҳаракатланиши, бошқа транспорт воситаларининг ушбу йўлакларда ҳаракатланиши тақиқланиши, фақат ёнида жойлашган ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ҳамда чорраҳаларда кўпи билан эллик метр масофада ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси қарорида транспорт воситалари мазкур йўлакларда ҳаракатланиб келаётган жамоат транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги ва унга йўл бериш мажбурияти белгиланган. Истисно тариқасида тезкор ва махсус хизматлар транспорт воситаларининг ушбу йўлакларда ҳаракатланишига рухсат этилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1287-моддасига киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиламоқда. Хусусан, мазкур модданинг биринчи қисмида ушбу қоида бузилишини биринчи марта содир этганлик учун БҲМнинг уч баравар миқдорида — 1 миллион 125 минг сўм жарима белгиламоқда. Иккинчи қисмида ушбу қоида бузилиш жазо қўллангандан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг беш баравар миқдорда — 1 миллион 875 минг сўм жарима белгиланмоқда. Учинчи қисмида, ёнида жойлашган жамоат транспорт учун алоҳида ажратилган йўлакни бўшатган ҳолда йўлни қатнов қисмида ўтаётган транспорт воситаларига йўл бермаслик БҲМнинг бир баравари миқдорида — 375 минг сўм жарима белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали транспорт воситаларининг йўлларда ҳаракатланиши учун шароит яратилади ва унинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади, — дейди Рамазон Ашрапов.
Депутат Сайдулло Азимов қонун ташаббускорига иккита савол берди:
Кўп ҳолатларда таксичилар йўловчиларини тушириб-чиқариши керак. Бу эса йўл четида тўхташни талаб қилади. Лекин амалдаги йўл ҳаракати қоидаларида бунга ечим кўрсатилмаган. Натижада таксичилар йўл четида йўловчиларини туширган ҳолатларда, қоидабузарлик субъекти бўлиб қолмоқда. Ана шу ҳолатда ечим қандай бўлади?
Учинчи қисмда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакни бўшатган ҳолда йўлнинг қатнов қисмига ўтаётган транспорт воситаларига йўл бермаслик учун жавобгарлик кўзда тутилмоқда. Лекин йўл ҳаракати қоидаларида айнан устуворликни бериш кўзда тутувчи норма мавжуд эмас. Норма бўлмай туриб, жавобгарликка тортиш қанчалик тўғри ва бу фуқароларда норозиликни келтириб чиқармайдими?, деди Сайдулло Азимов.
Саволга ИИВ жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров жавоб берди:
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри ҳокимлигида йўл инфратузилмаси бўйича комиссия тузилган. Пулли автотураргоҳлар, таксислар учун алоҳида тўхташ жойлари масалалари комиссия томонидан кўриляпти. Шунинг учун инфратузилма тартибга солинганидан кейин бу жойларда бемалол ҳаракатланиш мумкин бўлади.
Чет эл тажрибасини ҳам ўрганганмиз, худди шунақа жойлар бор, лекин автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлакда эмас. Йўлакдан ичкарига кириб туриб, йўловчиларни олиш ёки тушириш ҳолатлари йўлга қўйилган.
Иккинчи масала бўйича йўл ҳаракати қоидаларига тегишли ўзгартириш киритилди. Бу ерда белгилаб қўйдики, алоҳида ажратилган йўлакка кўпи билан эллик метр масофада кириш ёки чиқиш жойида ҳаракатланишига рухсат берилди яъни, ўша йўлакка туташ бўлган йўлларга кириш учун эллик метр олдиндан чизиқ билан ажратилади. Ўша ерда туташ бўлган йўллардан алоҳида ажратилган А йўлакка 50 метр узуқ чизиқ чизилади. Шунда кейинги тасмага ўтиш учун имконият яратилади, деди Эрали Бозоров.
Қонунчилик палатасининг спикери Нуриддин Исмоилов қонун лойиҳасини мажлис кун тартибига олиб чиққан қўмита раиси Жаҳонгир Шириновдан мазкур муҳокама бўйича фикрини сўради:
Нима учун сизга сўз беряпман? Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича нормалар бор. Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан охирги пайтларда жуда кўп ташаббуслар амалга оширилмоқда ва улар асосида қонунларга ўзгартиришлар киритяпмиз. Афсуски, киритилаётган нормаларнинг ҳаммаси тақиқловчи, чегараловчи, имкониятни чекловчи. Яъни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда жазони кучайтириш учун ташаббуслар бўляпти. Либераллаштирадиган, имконият яратадиган ташаббусларни камроқ кўряпмиз.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 128-модда бор — ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлакларидан юриши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа талаблари қоидаларига риоя этмаслиги учун жавобгарликни кўзда тутади. Агар жамоат транспорти учун жой ажратилса, уни белгиси бўлади ва белгига кириш мумкин эмас, деган тартиб бўлади. Демак, кириб қолса, унга жавобгарлик бор. Яна алоҳида жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш нормаси? Жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаси борми? Умуман олганда транспорт ҳайдовчисига алоҳида-алоҳида жавобгарлик бўляпти. Халқаро тажриба бошқачароқ, уларда яхши ишланган. Биз ҳар битта ҳаракатга жавобгарлик ўрнатаверсак қандай бўлади?, дея таъкидлаган Спикер.
Жаҳонгир Ширинов: Тўғри таъкидлаяпсиз, афсуски, лойиҳа камчиликлардан ҳоли эмас, жуда кўп саволлар туғилди. Қўмита муҳокамасига ҳам мутахассисларни чақирдик, бошқа вазирлик ва идоралар вакилларидан маслаҳат олдик. Ҳақиқатан автотранспорт воситаларини ёндош ҳудуддан чиқиб келишда муаммолар келиб чиққан. Лекин, шу билан бирга, лойиҳанинг ғояси ва концепцияси жуда долзарб, бу — халқимизга хизмат қиладиган қонун. Жамоат транспортидан фойдаланишда яна ҳам қулай шароитлар яратиш учун хизмат қилади, жамоатчилигимиз буни, албатта, қўллаб-қувватлайди.
Сиз айтгандай, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги бошқа моддалар билан инвентаризация қилдик. Афсуски, бошқа моддаларга тўғридан-тўғри тушмайди.
Нуриддин Исмоилов: Кечирасиз, нима учун тушмайди? Чунки ҳуқуқни қўлловчилар хоҳламайди. Йўл белгиси бор, шу қисмга кимдир кирди, машинасини қўйиб қўйди. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасида бор.
Жаҳонгир Ширинов: Агар эътибор қилинган бўлса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 ва 125-моддаларида ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жавобгарлик ёзиб қўйилган.
Нуриддин Исмоилов: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга яна 500 та модда қўшишимиз керак, шунда қутиламиз булардан. Умумий йўл ҳаракати қоидалари бор-ку. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ёзиб қўйибди — йўл белгилари, йўл ҳаракатини бошқа қоидалари талабларини бузиш. Йўл белгисида “кирилмасин” деган бўлса, кирмасин, кирса жавоб берсин. Агар у ерда жазо енгил бўлса, жазони оғирлаштирмоқчи бўлсанглар бошқача ёзиш керак. Ичидан ажратиб олиш керак. Ҳозир худди битта ҳайдовчи иккита ҳуқуқбузарлик содир этаётган бўляпти: йўл белгисига амал қилмаяпти, шу билан бирга, жамоат транспортига ажратилган йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузяпти. Шу учун буни юридик жиҳатдан тўғри қилайлик, соҳани тўғри тартибга солишимиз керак.
Эртага сайловчиларга нима деймиз? “Сизлар қачонгача жазони ошираверасизлар?” деб сайловчилар сўрайди.
Жаҳонгир Ширинов: Тўғри, иккинчи ўқишда буни кўриб чиқишимиз керак. Жазо нуқтаи назаридан балки буни алоҳида модда қилмасдан, тегишли моддаларнинг диспозициясига киритмасдан кўриб чиқамиз.
Шундан сўнг спикер Нуриддин Исмоилов қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ёки қўйилмагани, улардан қандай фикрлар олингани билан қизиқди.
Нуриддин Исмоилов: Бу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилдими ёки йўқми?
Эрали Бозоров: Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва фикрлар олинган.
Нуриддин Исмоилов: Ҳамма қўллаб-қувватлаганми?
Эрали Бозоров: Вазирлик ва идоралардан олганмиз. Асосий қисми ижобий бўлган. Чунки асосий масала — тирбандликнинг олдини олиш.
Нуриддин Исмоилов: Йўқ, кечириб қўясиз, бунда тирбандликнинг олди олинмайди. Биз ҳозир жамоат транспортига урғуни беряпмиз. Ҳа, автобуслар кирадиган жойда унга ҳеч ким халал бермасин. Аксинча, бу норма орқасидан тирбанд бўлиши мумкин. Ҳамма нарсани тўғрисини айтишимиз керак.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ҳуқуқий табиатини, конструкциясини бузмайлик. Агар у ерда жавобгарлик бор бўлса, лекин айнан шу йўл ҳаракати қоидалари белгиларига амал қилмаганлиги учун жазо енгил бўладиган бўлса ва шу ҳаракатга жазони оғирлаштирмоқчи бўлсанглар нормани шундай ёзишинглар керак. Нормани тўғри ёзинглар. Агар яхши адвокат бўлса, тортишиши мумкин, судга ҳам қийин қилиб қўямиз.
Депутатлар орасидан ўз фикрини билдириш учун Илҳом Абдуллаев сўз сўради. Унинг фикрича, ҳар бир қонуннинг ўз қабул қилиш вақти бор. Балки ғоя яхшидир, лекин қабул қилинаётган шароит ва вақтга мос келмаса, бу қонун, аксинча, салбий таъсир қилиши мумкин.
Тўғри, маърузачи бунинг қонуний тартибга солинишига эътибор қаратди, аммо иккинчи муаммо ҳам бор — қонун мантиғи. Яъни, жамоат транспорти жамоат мулки-ю, қолган одамлар, бойлар қимматбаҳо машиналарда ўзи билан ўзи оввора бўлаётгандек таассурот уйғотмоқда. Аммо вазият ундай эмас. Ҳозирда халқимиз фаровонлиги жуда яхши, Тошкент шаҳрида деярли ҳар бир оилада машина бор. Агар ушбу қонуннинг мақсадига қаралса, гап фақат тирбандликни олдини олиш ҳақида кетмоқда. Тирбандликни олдини олиш учун транспортга алоҳида йўлак ажратиш шарт эмас, айниқса, автобуслар етарли бўлмаса.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилгандан кейин, автобусларга ажратилган йўлакларни кузатдим. Автобуслар қанчалик тизимли ҳаракатланаётгани, уларда қанча йўловчи борлигига аҳамият бердим. Метрони ҳам кўрдим. Йўловчилар оқими доим бир хил эмас.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши тиқилинчда қолиб кетган автотранспорт воситаларининг эгалари учун жарима миқдорини оширади, лекин йўловчи ташиш ҳажмини оширмайди. Бу ҳақда гапиришимиз керак. Автобус ҳар беш дақиқада бир марта “А” йўлакдан ўтади. Ҳамма машиналарни бир ёки икки қаторга қўйиб, жарималарни БҲМнинг беш баробаригача оширмоқчимиз. Бу мумкинми? Менимча, бунда мутлақо мантиқ йўқ. Бу одамларга ҳеч қандай яхшилик келтирмайди ва фақат жарималарни оширади, йўллардаги вазиятни яхшиламайди, — дея таъкидлаган Илҳом Абдуллаев.
Депутат Алишер Қодиров сўз сўради. Спикер унга навбат берар экан, гапини қисқароқ қилишини сўради:
Сизнинг фикрингизга ҳам (спикер назарда тутилмоқда — изоҳ таҳририятдан), Илҳом Зоировичнинг фикрига ҳам қўшилмайман.
Қонун — бугунги кунда зарурат. Биз жамоат транспортини эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиб бермас эканмиз, аҳолига хизмат қилолмаймиз. Бу – жуда кўп одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётган масала.
Одамларнинг катта қисми машинада юрмайди, жамоат транспортдан фойдаланади. Метроларнинг тиқилинч эканлиги автобусларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ, тўғри айтилди. Автобусларни етарли қилиш керак, лекин биз уларнинг тартибли ҳаракатланиши учун шароит яратиб беролмасак, аҳолини рози қилолмаймиз.
Алоҳида йўлак ажратиш масаласи бутун дунёда бор тажриба ва бу муваффақият билан ишлаяпти. Айниқса, Европа шаҳарларининг тор кўчаларида бу тажриба ижобий қўлланилмоқда.
Биз махсус автомобиллар учун бугун юриш имкониятини сиз айтаётган маъмурий қонунчиликда белгилаб ўтганмиз. Тез ёрдам ёки тезкор ўт очириш машиналарига йўл очиб бериш мажбуриятини машиналарга қўйганмиз. Лекин автобусларга ундай ҳуқуқ беролмаймиз, чунки у машиналар компакт ҳаракат қилиш имкониятига эга эмас.
Шунинг учун йўлнинг махсус бўлаги билан автотранспортни жамоатга хизмат қилиши учун белгиланган вақтда, белгиланган тезликда юриш имкониятини яратиб бериш керак. Бу тирбандлик билан боғлиқ нарса эмас.
Тирбандлик ҳозир ҳам бор, йўлакни алоҳида ажратгандан кейин ҳам бўлади. Бу иш тирбандликни ҳал қилиш учун қилинмаяпти, аксинча, жамоатчиликка тўғри хизмат қилиш масаласи. Ва бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг структурасини бузяпти, деб ҳисобламайман, ҳар қанақа қонунчилик халқимизга хизмат қилиши керак.
“А” йўлакни алоҳида ажратиш ва ушбу йўлак ичида алоҳида тартиб-таомилларни жорий қилиш — халқимизнинг бугунги кундаги талаби. Бу долзарб масала, шу боис ҳаммани қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақираман, деди Алишер Қодиров.
Шундан сўнг спикер қонун лойиҳасини овозга қўйди: 16 нафар депутат қарши чиқди, 13 нафар депутат бетараф қолди, 2 нафар депутат овоз бермади. Шу тариқа қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Спикер Нуриддин Исмоилов кун тартибидаги мазкур масалани ёпар экан, иккинчи ўқишда юқорида айтилган фикрларга жиддий эътибор қаратишни алоҳида илтимос қилиб сўради.
Изоҳ (1)
yolni chetini avtobuslarga berish bu juda notugir, va bu qoida amalda ishlamidi (vaqtincha ishlidi), ayniqsa yolda probka bolsa, kopchilik shu A polosadan xam xarakatlanaveradi, shunda qoidaga amal qiluvchilar esa choraxadan o'ng tomon burilishi uchun A polosaga o'ta olmi majbur, shu qoidabuzarlarga yol berib ozlari probka xosil qivoradi, domda yashovchilar esa ichkarida joy topa olmay shu polosaga moshinasini qoyib ketaveradi, noilojlikdan, shu sabab, avtobuslarga yolni o'rtasida, avvalgi tramvaylarni yolini aloxida bordyur bilan ajratib berish tugri boladi, osha yerda ostanovka qilib. shundagina bu muammo xal boladi.