Европанинг энг йирик порти — Нидерландиядаги Роттердам Россия билан ҳарбий можаро юзага келиши эҳтимоли учун ўз инфратузилмасини тайёрлашга киришди. Хусусан, портда НАТО ҳарбий таъминот кемалари учун жойлар ажратилмоқда, шунингдек, уруш ҳолатида юкларни етказиб бериш режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times газетаси хабар бермоқда.

Роттердам порти директори Будавейн Симонснинг газетага маълум қилишича, у ҳозирда қўшни порт — Антверпен билан Буюк Британия, АҚШ ва Канададан кемалар ҳамда ушбу мамлакатлардан юклар келиши эҳтимоли бўйича ҳаракат режасини муҳокама қилмоқда.
“Ҳар қандай терминал ҳам ҳарбий юкларни қабул қилишга мос эмас”, дея изоҳ берди Симонс.
Унинг сўзларига кўра, катта миқдордаги ҳарбий юклар келган тақдирда, унинг порти Антверпен ва бошқа портларга юкнинг бир қисмини қабул қилишни сўраб мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда катталиги бўйича Европада иккинчи ўринда турувчи Антверпен порти мунтазам равишда Европада жойлашган АҚШ қўшинлари учун таъминот ортилган кемаларни қабул қилмоқда.
Европа Иттифоқининг Россия билан уруш ҳолатидаги чоралари
“Роттердам порти томонидан кўрилаётган чоралар бутун Европа бўйлаб Москва билан зиддият юзага келган тақдирда олиб борилаётган тайёргарликнинг бир қисми ҳисобланади”, дейилади мақолада.
Таъкидланишича, Европа Иттифоқи қайта қуролланиш учун 800 миллиард еврогача маблағ ажратишни ва АҚШнинг мудофаа соҳасидаги ёрдамига камроқ боғлиқ бўлишни режалаштирмоқда.
FТ маълумотларига кўра, Роттердам контейнер терминали — ўқ-дориларни бир кемадан бошқасига хавфсиз ўтказиш мумкин бўлган ягона жой ҳисобланади.
“Ушбу портда йилига бир неча марта ҳарбий машғулотлар ўтказилиши кутилмоқда”, деб ёзмоқда нашр.
Роттердам порти ҳар йили 436 миллион тоннага яқин юкни қайта ишлайди. Денгизда 28 минг, дарёда эса Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларидан келадиган 91 минг кемани қабул қилади. Бундан ташқари, у стратегик нефть захиралари омбори вазифасини бажаради.
Изоҳ (0)