Польша 7 июлдан бошлаб Германия билан чегара ҳудудида доимий чегара назоратини жорий этди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Тегишли чора камида 5 августга қадар амал қилади. Ҳозирда 52 та назорат-ўтказиш пунктида танлаб текшириш ўтказилмоқда. Польша яқин орада Литва билан чегарада ҳам шундай чораларни қўлламоқчи.
Чегарадан ўтувчиларнинг ҳужжатлари текширилмоқда. Йўловчилар сони кўп бўлган автобуслар ва ойналари қорайтирилган автомобилларга алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган. Польша бош вазири Дональд Тускнинг айтишича, бу ноқонуний муҳожирларнинг “назорат қилинмайдиган оқимини чеклаш” учун зарур.
Польшанинг бу масаладаги сабр-тоқати тугаб бормоқда, айниқса, Польшага қайтарилаётган шахсларнинг ҳақиқатан ҳам бу ерга келиши кераклигини аниқлаш қийинлашгандан сўнг, деди Туск.
Май ойи бошида Германиянинг янги ички ишлар вазири Александр Добринт 2015 йилгача амал қилган қоидани қайта жорий этди. Унга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларидан Германияга келган бошпана сўровчиларни тўғридан-тўғри чегарада киритмаслик мумкин. Фақат болалар ва ҳомиладор аёллар бундан мустасно. Германия 2023 йил октябрь ойидаёқ Польша билан чегарада доимий назоратни жорий этган эди.
Германия бизнес вакиллари Польша томонидан жорий этилган янги чоралардан ташвишланмоқда. Улар Германияда ишлайдиган полшаликлар учун ишга бориш қийинлашишидан хавотирда. Бу эса, ўз навбатида, чегараолди ҳудудлардаги турли корхоналар — заводлар, супермаркетлар, умумий овқатланиш шохобчаларида ишчи кучи етишмовчилигига олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)