Заед инсоният биродарлиги мукофоти ташкилотчилари 2026–йилги нашр совриндорини аниқлашда иштирок этадиган ҳакамлар ҳайъатининг янги аъзоларини расман эълон қилди.
Бу халқаро ва мустақил мукофот бутун дунё бўйлаб турли соҳа ва минтақалардан келган, инсонпарварлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини илгари суриш йўлида тинимсиз ва фидокорона хизмат қилаётган шахслар ҳамда ташкилотларни тақдирлашга қаратилган. Мукофот номи инсонпарварлиги ва одамларга беминнат ёрдами билан танилган марҳум Шайх Зайид бин Султон Ал Наҳян шарафига қўйилган.
Турли соҳаларда фаолият юритадиган ва хилма-хил тажрибага эга бўлган ушбу нуфузли ҳакамлар ҳайъати 60 дан ортиқ давлатлардан келиб тушган номзодларни баҳолаб, иқлим ўзгариши, камбағалликка қарши кураш, жамият ривожланиши ва соғлиқни сақлаш каби турли инсонпарварлик ташаббуслари бўйича танлов ўтказади. 2026 йилги “Заед” номидаги Инсоният биродарлиги мукофоти ҳакамлар ҳайъатининг олти нафар аъзоси қуйидагилар:
- Саида Мирзиёева, Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари
- Кетерин Расселл, UNICEF ижрочи директори
- Шарл Мишел, Европа кенгашининг собиқ президенти ва Бельгиянинг собиқ бош вазири
- Моусса Факи Маҳамат, Африка иттифоқи комиссиясининг собиқ раиси ва Чаднинг собиқ бош вазири
- Кардинал Хосе Толентино де Мендонса, Муқаддас Тахтнинг Маданият ва таълим бўйича дикастерияси префекти
- Судья Муҳаммад Абделсалом, “Заед” номидаги Инсон биродарлиги мукофоти бош котиби.
“Ушбу нуфузли ҳакамлар ҳайъатига Марказий Осиёдан илк аъзо сифатида қўшилаётганимдан беҳад мамнунман. Ҳайъатдаги ҳамкасбларим билан биргаликда бутун дунёда жамиятларни юксалтираётган ва долзарб муаммоларни ҳал этаётган эътироф этилмаган гуманитар қаҳрамонларни тан олишни мақсад қилганмиз”, деб муносабат билдирди Саида Мирзиёева.
Саида Мирзиёева ҳайъатга маҳаллий, миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ривожланишни илгари суриш бўйича бой тажриба олиб келади.
“Бу йилги ҳакамлар ҳайъати аъзолари Африка, Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва Америка қитъаларидан бўлиб, улар болаларга гуманитар ёрдам кўрсатиш, дипломатия, маданият, таълим, оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ каби турли соҳаларни қамраб олади. Нуфузли шахслардан иборат ушбу ҳайъат мукофотнинг глобал миссиясини ҳаққоний тарзда ифодалайди. Биз марҳум Шайх Зайднинг барчани ҳеч бир истисносиз қўллаб-қувватлашга асосланган инсонпарварлик меросини акс эттирган ҳолда, инсониятга хизмат қилаётган шахслар ва ташкилотларни шарафлашни интиқлик билан кутамиз. Мукофот Бирлашган Араб Амирликлари президенти ва инсоният биродарлиги ҳомийси ҳазрати олийлари Шайх Муҳаммад бин Зайид Ал Наҳяннинг доимий қўллаб-қувватлашидан баҳраманд бўлиб келмоқда”, деган Судья Абделсалом.
UNICEF ижрочи директори Кетерин Расселл эса у болалар ва келажак авлодлар ҳаётини яхшилашга қатъий бел боғлаган муҳим мукофот — “Заед” номидаги Инсоният биродарлиги мукофоти ҳакамлар ҳайъатига қўшилганидан шараф ҳис қилганини айтди.
“Мукофот ъИнсон биродарлиги тўғрисидаъги ҳужжатда баён этилган тамойилларни, жумладан, болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини илгари суришни мақсад қилган бўлиб, UNICEF’нинг дунё болалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миссиясига тўла мос келади”, деган у.
Европа кенгашининг собиқ президенти Шарл Мишел шундай деди:
“ъЗаедъ номидаги Инсон биродарлиги мукофоти шунчаки соврин бўлибгина қолмай, балки дунёга тинч-тотув яшаш ва тараққиётнинг турли намуналарини илҳомлантириш ва тақдим этиш учун минбар бўлиб хизмат қилади. Мукофот ташкил этилганидан буён уни юксак баҳолаб, қўллаб-қувватлаб келаётган инсон сифатида, унинг еттинчи маротаба ўтказилишида ҳакамлар ҳайъатига қўшилиш имкониятидан чуқур шарафландим”.
Африка Иттифоқи Комиссиясининг собиқ раиси Моусса Факи Маҳамат бутун ҳаётини Африка ва бутун дунёда бирликни тарғиб қилишга бағишлаган инсон сифатида у учун ҳозиргача Африка қитъасидан беш нафар совриндорни тақдирлаган мукофотнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлиш катта шарафлигини айтди.
“Ҳакам ҳамкасбларим билан биргаликда биз саъй-ҳаракатларимизни инсоний биродарликнинг янги босқичига қаратамиз”, деган у.
Муқаддас Тахтнинг Маданият ва таълим бўйича дикастерияси префекти Кардинал Хосе Толентино де Мендонса шундай деди:
“Менинг ҳакамлар қўмитасига тайинланишим — мукофот таъсис этилишига илҳом берган ва унинг фахрий совриндори бўлган муқаддас Папа Францискнинг қимматли меросининг бир қисмидир. Мен Папа Франциск томонидан зиммамга юклатилган ва бутун ҳакамлар қўмитаси билан баҳам кўрилган ушбу масъулиятни — инсоний биродарлик қадриятларини амалда қўллаётганларни шарафлаш вазифасини қабул қиламан. Папа Леога хизмат қилиш ва итоаткорлик руҳида мен номзодларни кўриб чиқишни ва бутун дунёда ўзгаришлар қилаётган кўплаб инсонлар билан танишишни интизорлик билан кутаман.”
Номзодларни қабул қилиш 2025 йил 1-октябргача давом этади. Мувофиқ номзодлар ўз аризаларини Zayed Award for Human Fraternity (Инсоният биродарлиги учун Зайд мукофоти) расмий веб-сайти орқали юборишлари мумкин.
Мукофот 2019 йилда, Католик черковининг 266-папаси марҳум ҳазрати олийлари Папа Франциск ва Ал-Азҳар бош имоми Аҳмед Ал Таебнинг Абу Дабидаги тарихий учрашувидан сўнг таъсис этилганидан буён 15 мамлакатдан 16 нафар совриндорни эътироф этди. Ушбу учрашув давомида икки диний пешво “Инсоният биродарлиги тўғрисидаги ҳужжат”ни биргаликда имзолаган эди.
Бугунгача мукофотланганлар орасида Католик черковининг 266-папаси марҳум Папа Франциск (фахрий совриндор); Ал-Азҳар бош имоми Аҳмед Ал Таеб (фахрий совриндор); БМТ бош котиби Антонио Гутерреш; экстремизмга қарши курашувчи фаол Латифа Ибн Зиатен; Иордания Ҳошимийлар Қироллиги қироли жаноби олийлари Абдулла II бин Ал Ҳусайн ва қиролича хоним олиялари Рания Ал Абдулла; Гаитидаги “Билим ва Озодлик Жамғармаси” (Fondation for Knowledge and Liberty); СантъЭгидио Ҳамжамияти (Community of SantʼEgidio) ташкилоти; кениялик тинчлик фаоли Шамса Абубакар Фадҳил; Индонезиянинг “Наҳдлатул Улама” ва “Муҳаммадия” хайрия ташкилотлари; дунёга машҳур кардиожарроҳ, профессор жаноб Магди Яқуб; Чили нодавлат ташкилоти асосчиси роҳиба Неллй Леон Cорреа; Барбадос бош вазири ҳурматли Миа Амор Моттлей; “Дунё Марказий Ошхонаси” (World Central Kitchen) ҳамда ёшлар соғлиқни сақлаш инноватори Ҳеман Бекеле бор.
Изоҳ (0)