Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Кая Каллас Исроилнинг Ғазо ва босиб олинган Ғарбий қирғоқдаги ҳаракатларига жавобан жазолашнинг 10 та эҳтимолий чораларини таклиф этмоқда. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Иттифоққа аъзо давлатларнинг аксарияти ҳали вариантлардан бирортасини ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эмас.
Таклиф этилган чоралар орасида исроилликлар учун Европа Иттифоқида визасиз режимни тўхтатиш, ноқонуний яҳудий қишлоқлари маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаш, сиёсий мулоқотни тўхтатиш ва Исроилнинг Европа Иттифоқи дастурларига киришини чеклаш кабилар бор. Савдо имтиёзларини тўхтатиш ва ҳаво қатнови бўйича келишувлар каби баъзи чоралар кўпчилик томонидан қабул қилиниши мумкин. Бошқа чоралар учун эса Европа Иттифоқи — Исроил ассоциацияси тўғрисидаги битимни тўлиқ бекор қилиш лозим. Бунинг учун Европа Иттифоқининг барча 27 давлати бир овоздан қўллаб-қувватлаши талаб этилади.
Таъкидланишича, Каллас дастлаб фақат бешта чора-тадбирни таклиф этишни режалаштирган, аммо кейин рўйхатни ўнтагача кенгайтириб, аъзо давлатлар Еврокомиссия иштирокисиз мустақил равишда амалга ошириши мумкин бўлган қадамларни киритган.
Euronews’нинг аниқлик киритишича, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳозирча ҳаракат қилишга мойил эмас. Боиси кўпчилик ўтган ҳафта Каллас воситачилигида эришилган янги гуманитар келишув натижаларини кутишни афзал кўрмоқда. Ушбу келишув доирасида Исроил Зиким чегара ўтиш пунктини очишга, ёқилғи етказиб беришга рухсат беришга ва сув инфратузилмасини тиклашни бошлашга ваъда берган. Шунингдек, Иордания орқали ёрдам етказиб бериш йўналиши қайта тикланган. Бироқ буларнинг барчаси денгиздан бир томчи, холос: Тель-Авив ҳамон БМТга ёрдам тарқатишга рухсат бермаяпти.
Европа Иттифоқидаги мамлакатларнинг фикрлар ҳали ҳам турлича. Германия, Венгрия, Италия ва Чехия Ғазодаги вазият яхшилана бошласа, санкциялар жорий этилишини қўллаб-қувватламайди. Шу билан бирга, Ирландия ва Испания қатъий ҳаракатлар тарафдори. Ирландияликлар аллақачон Исроил қишлоқларидан импортни текширишни бошлаган ва Европа Иттифоқининг ноқонуний кўчманчилар маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлаган биринчи давлатига айланган.
Кейинги қадам қўйилиши ёки қўйилмаслиги Исроилнинг эришилган келишувларни бажаришига боғлиқ. Шу билан бирга, Тель-Авив сўнгги кунларда Ғазодаги гуманитар вазият ҳақида қайғуриш ниятида эмаслигини кўрсатмоқда.
Бундан аввал Брюссел Ғазода инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги айбловлар ортидан Исроил билан ассоциация битимини тўхтатишга тайёрлиги маълум қилинганди.
Изоҳ (0)