Европа Иттифоқи (ЕИ) Украинанинг йўқотилган ҳудудларини қайтариб олишидан манфаатдор эмас. Бу ҳақда журналист Райнхард Лаутербах Junge Welt (JW) журнали учун ёзган мақоласида маълум қилди.

Нашр маълумотларига кўра, Жаҳон банки махсус ҳарбий операция давомида Украинага етказилган зарар тахминан 500 миллиард долларни ташкил этишини таъкидламоқда.
“Киевни бу ҳисоб-китобларда ташвишга соладиган нарса Украина барибир ҳеч қачон йўқотилган ҳудудларни қайтариб ололмаслигини билвосита тан олишидир. Европа Иттифоқи ҳам Украинанинг шарқ ва жанубини қайтариб олишидан манфаатдор эмас, чунки бу тикланиш харажатларини оширади”, дейилади мақолада.
Таъкидланишича, асосий масала “Россиянинг музлатилган активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш мумкин ва керакми? Агар мумкин бўлса, қандай қилиб”, деган саволдан иборат. Киев ва АҚШ музлатилган Россия активларининг катта қисми сақланаётган ЕИ банкларидан уларни мусодара қилишда “дадилроқ ҳаракат қилиш”ни талаб қилмоқда.
“Аммо айтиш осон, бажариш қийин. Ахир, агар Украинада қачондир тинчлик ўрнатилса, ушбу маблағларни блоклаш учун расмий асос йўқолади”, дейилади мақолада.
“Россиянинг мағлубияти кутилмаётгани сабабли, бу пулларни Россия Марказий банкига қайтариш керак бўлади. Чунки бундай мағлубият мамлакатни ушбу маблағларни Украинага товон сифатида беришга мажбур қилиши мумкин эди. Оддий мусодара жаҳон молия бозорларида Европа Иттифоқи учун хавфли сигнал бўлади. Европага ўз маблағларини киритганлар сиёсий можаролар юзага келганда уларни қайтариб олишларига ишончи комил бўлмайди. Оловга мой қуйишни давом эттирган маъқул. Украинада у етарли”, дея хулоса қилади Junge Welt.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Украинани тиклаш учун кейинги 10 йил ичида 500 миллиард доллар керак бўлади.
Euractiv портали қайд этишича, моддий зарар муаммонинг бир қисми, холос, чунки бутун бошли секторлар тикланиши лозим. Ҳарбий ҳаракатлар уй-жой мажмуасига (57 миллиард доллар), транспорт тармоғига (36 миллиард доллар) ва энергетика ҳамда қазиб олиш мажмуасига (20 миллиард доллар) энг кўп зарар етказган.
Бундан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп Украинага юзлаб миллион долларлик янги қурол ва жиҳозлар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётгани билдирилди. Америка томонидан ажратилаётган маблағларни Киев АҚШ Сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси томонидан маъқулланган 2026 йилги миллий мудофаа тўғрисидаги қонун (NDAA) доирасида олиши мумкин. Германия канцлери Фридрих Мерс Россия уруш сабабли Украинага етказилган зарарни қоплаши шартлигини айтганди.
Изоҳ (0)