Туркия президенти маъмурияти ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази республика раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг соғлиғи ёмон экани ҳақидаги даъволарни рад этди. Марказ буларни асоссиз ва президентга қарши қаратилган деб баҳолаган.

“YouTube’даги каналлардан бирида президентимизнинг соғлиғи ҳақида асоссиз гаплар айтилди. Эфирда ишлатилган иборалар асоссиз айбловлар, ҳақоратлар ва президентга қарши ҳужумларни ўз ичига олган”, дейилади марказнинг маҳаллий журналист Левент Гултекиннинг видеохостингдаги баёнотлари муносабати билан тарқатган хабарида.
“Президентимиз ўзининг конституциявий ваколатларини ва Туркия Республикаси раҳбари сифатидаги вазифаларини бажариб, миллатимизга хизмат қилиш учун барча куч-ғайратини сарфламоқда. Президентимиз билан мулоқот қиладиган давлат раҳбарлари, сиёсатчилар ва бошқа расмий шахслар унинг муаммоларни қанчалик чуқур тушунишини, кучли хотираси ва қарорларни ҳимоя қилишдаги қатъиятини яхши билишади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, “журналистиканинг тамойиллари ва жиддийлигини менсимайдиган, ҳеч қандай масъулият ва эҳтиёткорлик кўрсатмайдиган, ижтимоий тармоқларда ёлғон ахборот тарқатадиган шахслар фақат ўзларини паст тутади ва кулгили аҳволга тушади”.
Бундан аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулда Украина ва Россия делегациялари учрашувидан кейин Туркия давлат раҳбарлари даражасидаги саммитни ташкил этиш ғоясини илгари сурганди. Шунингдек, Ислом дунёси мамлакатлари ўзаро савдо, инвестиция, молиялаштириш ва ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларидан максимал даражада фойдаланишлари кераклигини билдирганди.
Май ойида Туркия президенти ўн нафар ҳуқуқшуносдан иборат экспертлар гуруҳи янги конституция устида ишлашга жалб этилганини айтганди. У 2024 йилда амалдаги конституцияни “ҳарбий тўнтариш натижаси” деб атаганди. У мамлакатдаги айрим сиёсий кучлар иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни айтиб, янги конституция масаласини кун тартибидан олиб ташлашга ҳаракат қилаётганини айтганди.
Изоҳ (0)