Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи плей-офф босқичи мезбонлари сифатида Қатар Футбол Ассоциацияси ва Саудия Арабистони Футбол Федерацияси танланганини расман эълон қилди.

Ушбу марказлашган форматдаги мусобақада Осиё қитъаси саралаши 3-босқичида гуруҳда 3 ва 4-ўринларни эгаллаган жами 6 та терма жамоа иштирок этади: Индонезия, Ироқ, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари.
Жамоалар 2025 йил 8–14-октябрь кунлари бўлиб ўтадиган баҳсларда икки гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳда учта жамоа бўлади. Гуруҳ ғолиблари 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар эса 2025 йил 13 ва 18 ноябрь кунлари икки ўйиндан иборат плей-офф финал босқичида ўзаро беллашади. Ушбу қарама-қаршилик ғолиби қитъалараро плей-офф турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Мусобақанинг расмий қуръа ташлаш маросими 2025 йил 17 июль куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)