Украина Буюк Британиядан қўшимча қурол-аслаҳа харид қилиш учун 1,7 миллиард фунт стерлинг (2,3 миллиард доллар) олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмигал маълум қилди.

“Украина Буюк Британиядан қўшимча қурол-аслаҳа харид қилиш учун қарийб 1,7 миллиард фунт стерлинг (2,3 миллиард доллар) маблағ жалб қилади. Бунга доир қарор ҳукумат мажлисида қабул қилинди. Ушбу маблағ ҳисобига Рапид Ranger зенит-ракета комплекслари ҳамда Марлет енгил кўп мақсадли ракеталарини сотиб олишни мўлжалламоқдамиз. Бу ҳаво ҳужумидан мудофаамизни сезиларли даражада кучайтиради”, дея ёзди Шмигал ўзининг Telegram каналида.
Унинг қўшимча қилишича, июнь ойида Буюк Британия дронлар етказиб беришда рекорд даражадаги ёрдам кўрсатишини эълон қилган. 350 миллион фунт стерлинг (472,5 миллион доллар) миқдоридаги бу ёрдам жорий йилда Украинага 100 мингта дрон етказиб бериш имконини яратади.
Яқинда Буюк Британияда эълон қилинган ҳукуматнинг стратегик мудофаа шарҳи шуни кўрсатадики, Буюк Британия янги мудофаа стратегияси доирасида ҳар йили Киевга ҳарбий ёрдам учун 3 миллиард фунт стерлинг (4 миллиард доллар) ажратишни давом эттиради ва “қанча зарур бўлса, шунча” ёрдам кўрсатади.
Февраль ойида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер унинг мамлакати хавфсизлик кафолатларини таъминлаш учун Украинага қўшин юборишга тайёрлигини айтди.
Стармернинг сўзларига кўра, ҳар йили Британия Украинани қўллаб-қувватлаш учун тахминан 3 миллиард фунт ажратади. Бу ёрдам 2030 йилгача мўлжалланган. У Украина учун хавфсизлик кафолатларини тезлаштириш бўйича ишларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини ҳам қўшимча қилди.
Шунингдек, Буюк Британия уруш тугаб, тинчлик шартномаси имзолангандан сўнг Украина осмонида патруллик қилиш учун Typhoon қирувчи самолётларидан фойдаланиши мумкинлиги хабар қилинди.
Изоҳ (0)