Бугун, 6 июнь куни соат 07:55 да Тошкент шаҳар, Сергели тумани, “Бобур” МФЙ Сергели шоҳкўчасида жойлашган мебел маҳсулотларини тайёрлаш цехларининг бирида ёнғин рўй берганлиги тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 08:07 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин ўчиришга киришган. Маълум қилинишича, ёнғин соат 08:42 да қуршаб олинган.

“Вазият тўлиқ назоратга олинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳар ва туманлар ФВБ раҳбар ходимлари воқеа жойида бўлиб турибди”, дейилади ФВВ хабарида.
Тошкентда сўнгги кунларда ёнғинлар сони ошди. 14 май куни Сергели тумани Нилуфар кўчасида жойлашган омборда йирик ёнғин содир бўлди. Ёнғинни бартараф этиш ишларига 12 та асосий, 6 та махсус ва 6 та сув ташувчи ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган. Омборда спиртли маҳсулотлар, турли хил материаллар, четдан олиб келинган товарлар ҳамда тиббиётга оид воситалар сақланган.
Шунингдек, 24 май куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани, Отчопар кўчасида жойлашган ошхонада ёнғин юзага келганди. Ёнғин-қутқарув экипажлари айтилган манзилга соат 18:48 да етиб бориб, ёнғин соат 18:55 да ўчирилган.
Изоҳ (0)