Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Али Алиев Ўзбекистон миллий жамоасининг Жаҳон чемпионатига йўл олгани юзасидан ўз муносабатини билдириб ўтди.

Алиев қўшни мамлакат эришган тарихий ютуқ билан қутлади ва УЕФА сафида иштирок этишнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди:
Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон чемпионатига чиққани билан чин дилдан табриклаймиз. Бу — бутун халқ учун улкан қувонч ва тарихий воқеа. Бироқ, УЕФАда қатнашиш нафақат рақобатбардошлик, балки футбол маданияти ва тажриба нуқтайи назаридан ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Масалан, биз Франция терма жамоасини Қозоғистонга олиб келамиз, Мбаппе каби жаҳон юлдузларини “Астана Арена”да жонли томоша қилиш имконимиз бор. Яқинда Бельгия терма жамоаси ҳам биз билан ўйин ўтказади. Шу боис УЕФАда ўйнаш мамлакатимиз учун стратегик жиҳатдан муҳим, дея таъкидлади мураббий.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон терма жамоаси 5 июнь, пайшанба куни Беларусга қарши ўйинда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
Ҳозирда қозоғистонликлар Бельгия, Уэльс, Шимолий Македония ва Лихтенштейн билан бир гуруҳда Жаҳон чемпионатига йўлланма учун курашмоқда. Саралаш босқичидаги навбатдаги ўйин 9 июнь, душанба куни Шимолий Македонияга қарши бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)