2025 йилги “Эмми” мукофоти номзодлари рўйхати расман эълон қилинди. Йилнинг энг оммалашган сериаллари орасида “Бўлиниш”, “Оқ нилуфар”, “Пингвин”, “Охиргимиз” ва бошқа кўплаб лойиҳалар бор.

Энг кўп номинация тўплаган лойиҳа “Бўлиниш” сериалининг иккинчи фасли бўлди. У бир вақтнинг ўзида 27 тоифадаги мукофотга даъвогарлик қилмоқда: “Энг яхши драматик сериал”, “Энг яхши саҳна дизайни”, “Энг яхши кастинг” ва бошқалар. Шунингдек, бош ролларни ижро этган Адам Скотт ва Бритт Лауэр ҳам энг яхши актёр номинацияларида илгари сурилган.
“Бетмен” оламига асосланган “Пингвин” сериали ҳам эътироф этилган: у 24 номинацияда қайд этилган ва “Энг яхши минисериал” унвонига даъвогарлардан бири бўлиб қолмоқда. “Оқ нилуфар” ҳамда “Киностудия” лойиҳалари 23 тадан номинация билан кейинги ўринларда турибди.

Йилнинг энг кутилмаган воқеаларидан бири режиссёр Мартин Скорсезенинг илк бор актёр сифатида “Эмми”га номзод бўлишидир. У “Киностудия” сериалидаги иштироки учун “Энг яхши таклиф этилган актёр” тоифасида кўрсатилган.
Скорсезе бу янгиликни кутилмаган ҳиссиётлар билан қабул қилди: у қизи билан онлайн суҳбат пайтида ҳаяжондан юзини қўллари билан беркитиб олди. Қизи Франшеска Скорсезе бу ҳолатни скриншот қилиб, ижтимоий тармоқларда отасини янги ютуғи билан табриклаб улашди.

Шунингдек, актёр Ҳаррисон Форд ҳам илк бор “Эмми” мукофотига номзод бўлди. 50 йиллик актёрлик фаолиятидаги бу илк эътироф унга “Терапияда” сериалидаги роли учун “Комедия сериалидаги иккинчи даражали энг яхши актёр” тоифасида насиб этди.

Яна бир эътиборга молик ҳолат 77 ёшли Кети Бейцнинг “Метлок” сериалидаги иштироки билан “Энг яхши драматик актриса” номинациясига лойиқ кўрилгани бўлди. У шу тоифада “Эмми”га номзод бўлган ёши энг катта аёл актрисага айланди.
“Эмми-2025” мукофотининг барча номзодлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)