Голливуднинг энг машҳур оилавий саргузашт франшизаларидан бири “Музейдаги тун” фильми ремейк тарзида қайтмоқда. Янги лойиҳа устида Disney студияси иш олиб бормоқда. Фильмнинг сюжет тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган бўлса-да, манбаларга кўра, картина бутунлай янги ҳикояни тақдим этади, бироқ аввалгиларидек жонланадиган экспонатлар ғояси сақланиб қолади.

Янги фильм сценарийси устида Триппер Кленси ишламоқда. Продюсерликни эса асл трилогияни яратган режиссёр Шон Леви ҳамда Ден Левин бажаради. Лойиҳа Дисней компаниясига тегишли бўлган 20th Century Studios томонидан суратга олинади. Режиссёр номи ҳозирча маълум эмас, бироқ фильм 2026 йил охирига қадар прокатга чиқиши кутилмоқда.
Таниқли америкалик ёзувчи Милан Тренекнинг китобига асосланган “Музейдаги тун” илк бор 2006 йилда катта экранларга чиққан. Унда Бен Стиллер ижро этган тунги қўриқчи характери экспонатлар билан тўла, сирли музейда кечаётган сеҳрли саргузаштларга аралашиб қолади. Фильмда Робин Уильямс, Эми Адамс, Оуэн Уилсон каби актёрлар ҳам қатнашган.
Фильмнинг илк қисми глобал миқёсда 574 миллион доллар даромад келтирган. Унинг давоми “Музейдаги тун: Смицон институтидаги жанг” (2009) 413 миллион доллар, “Музейдаги тун: қабр сирлари” (2014) эса 363 миллион доллар ишлаб топган.

2019 йилда Disney томонидан Fox студиясининг харид қилиниши ортидан франшиза анимацион форматга ўтказилди. 2022 йилда “Музейдаги тун: Каҳунра яна жангда” анимацион фильми Дисней+ платформасида намойиш этилди.
Янги ремейкда актёр Бен Стиллер иштирок этадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Бироқ мухлислар уни ҳеч бўлмаганда эпизодик саҳнада кўришга умид билдирмоқда.
Изоҳ (0)