Вазирлар Маҳкамаси 7 июль куни “Ҳудудларда кооперациялар ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаб, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг доимий даромади ва харид қобилиятини янада ошириш мақсад қилинган.
2025 йилда камида 30 та туманда етакчи тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (масалан, балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик) йўналишларида кооперация асосида ишлаб чиқариш ва маҳсулот хариди учун АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк”, “Turonbank”, “Алоқабанк” орқали 500 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиш таклифи маъқулланди.
Қуйидагилар маҳаллаларда кооперация тизимини ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- маҳаллаларнинг ихтисослашув йўналишларини аниқлаш, ихтисослашувни кенгайтиришга доир янги лойиҳаларни амалга ошириш;
- аҳолининг доимий даромад олиш манбаларини янада кўпайтириш, ўзини ўзи банд қилиб ишлашини кенгайтириш чораларини кўриш;
- маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўргатиш;
- аҳоли томорқа ва деҳқон хўжаликларига қарашли ерлардан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан имтиёзли кредит асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун кооперация асосида тадбиркорлик субъектларига бириктириш;
- тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятини мониторинг қилиб бориш, етиштириладиган маҳсулотнинг (кўрсатиладиган хизматнинг) бозорини топишда ёрдам бериш.
Кооперация асосида аҳолининг даромад олиш манбаини ошириш учун кооперация ташкил этадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари учун фоиз харажатлари бир қисмини қоплаб бериш кўзда тутилган.
Бунда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича ҳудуд тоифасидан келиб чиқиб, асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда “1+2” тамойили асосида компенсация тақдим этилади.
Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига ишсиз ёки даромад олиш манбаини кўпайтириш истагида бўлган фуқаролар билан тузилган кооперация шартномалари бўйича қуйидаги миқдорда кредит ажратилади:
- 30 тагача шартнома тузадиганларга — 1 миллиард сўмгача;
- 31 тадан 100 тагача шартнома тузадиганларга — 3 миллиард сўмгача;
- 101 тадан ортиқ шартнома тузадиганларга — 5 миллиард сўмгача.
Бунда бир нафар фуқаро билан битта кооперация шартномаси тузилади ҳамда ишсиз фуқаролар белгиланган тартибда тадбиркорлик субъекти, деҳқон хўжалиги ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 1 ой муддатда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда маҳаллалардаги аҳолининг турмуш шароити, хоҳиш-истаги ва имкониятларини ўрганиши лозимлиги белгиланди.
Президент маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида 2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликдан чиқаришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлишини таъкидлаганди.
Ўзбекистонда 2025 йилда жами 5 миллион 200 минг нафар, жумладан, банклар томонидан 3 миллиондан зиёд аҳолини банд қилиш режалаштирилган. Шу мақсадда 208 та туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда банклар раҳбарлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланганди. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган “маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида ажратиладиган 1 миллиард доллар кредит ресурслари банклар ва ҳудудлар кесимида тақсимланди.
Изоҳ (1)
Vodiyga yetib kelarmikin bu qaror.