Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 699-сон қарорига мувофиқ, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги юриталади. Қурилиш вазирлиги масъулларининг “Дарё”га билдиришича, мутасадди вазирликлар ва идораларнинг электрон маълумотлар базалари интеграция қилиниши натижасида тизим инсон омилисиз автоматик ишлайди. Бироқ Бандлик вазирлигининг Жиззахдаги бошқармасида фаолият юритган собиқ ходим “шаффоф”ни алдаб, даромад топмоқда. Бу ҳақда таҳририят манбаси маълумот берди.
Маълум бўлишича, Бандлик бошқармасида фаолият юритган собиқ ходим қурувчи ташкилотларга маълум бир ҳақ эвазига формула қилиб бериш орқали “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида қурилиш-пудрат ташкилотлари ишчиси сонини сунъий равишда ошириб кўрсатмоқда. Қўшиб ёзиш учун қайта ҳисоботлар 2023 йилнинг февраль ойи охири ва март ойи бошларида киритилган. Ҳисоботлар январдан декабргача алоҳида ойма-ой қайта топширилган.
Аксарият корхоналар 2023 йил январь ойида амалда ишлаган 50 нафар ходими учун 100 миллион сўм иш ҳақи ёзган бўлса, қайта ҳисоботда яна 100 миллион сўм киритган. Бироқ реестрда ходимлар сони 2000 нафарга ошган. Шунда дастлабки маълумотдаги сумма 2000 нафар ишчига бўлиниб, маош 50 минг сўм қилиб кўрсатилган. Формула тузгич “ақлли” ҳатто амалда ишлаганларга кўпроқ иш ҳақи ёзишга ҳам эринган. Ҳаммасига стандарт бир хил ойлик иш ҳақи миқдорини 2000 га бўлиб қўяқолган. Солиқ назоратчиси сумма ўзгармаса ёки ошса, реестрга аҳамият бермай, бирор хатосини тўғрилагандир, деб қайта ҳисобни қабул қилаверган. Чунки солиқ органига иш ҳақи ҳисоби ва реестр алоҳида юкланади. Агар сумма камайса, кейин ушбу ҳисобот батафсил текширилади”, — дейди бу ҳақда “Дарё”га маълум қилган манба.
Манбанинг билдиришича, формула тузиб, тизимдаги маълумотларни сохталаштираётганлар Жиззах вилоятида қурувчиларга маслаҳат берувчи ташкилот тузиб, шу орқали ҳар бир қурувчидан 5 минг долларга яқин хизмат ҳақи олмоқда.
Улар қурувчи ташкилотлар ишчисини ошириб кўрсатиш учун ишсизлик бўйича ёки нафақа олиш мақсадида бандлик бўлимларига мурожаат қилаётган фуқароларнинг маълумотларини қўлга киритиб, ташкилот ишчиси сифатида рўйхатга олган. Энг қизиғи, ўша инсоннинг ўзи қурилиш ташкилотида ишчи бўлиб ишлаётганидан бехабар бўлган. Масалан, жиззахлик Дилшод Мирзаев ана шундай ҳолатга тушган. Унга 2023 йилнинг январь ойидан 2024 йилнинг апрель ойига қадар, яъни Дилшод Мирзаевнинг ўзи сезиб қолгунга қадар қурувчи ташкилотлар ишчиси сифатида кўрсатилган ва арзимас маош ёзилиб бораверган. Ҳолбуки, Дилшоднинг ўзи ўнлаб қурувчи ташкилотлар ишчиси эканини, номига маош ёзилиб бораётганини билмаган, — дейди манба.
“Дарё” журналисти билан телефон орқали суҳбатда бўлган Дилшод Мирзаев манба маълумотларини тасдиқлади.
Яқинда ойлик маошим етмаётгани сабаб болалар нафақасини олиш учун онлайн ариза топширишга киришдим. Не кўз билан кўрайки, мен 2023 йилнинг май ойларидан бошлаб ўнлаб қурилиш ташкилотларида ишчи сифатида рўйхатга олинганман. Қайсидир қурилиш ташкилоти 45 минг маош ёзса, бошқаси уч минг сўм маош берганини маълум қилган. Оқибатда мен базада ўнлаб ташкилотлар ишчиси сифатида кўрсатилганман ва нафақа олиш ҳақидаги сўровим рад этилди, — дейди Дилшод Мирзаев.
Суҳбатдошнинг айтишича, у ўнлаб ташкилотлардан уч-тўрттаси билан гаплашиб, уларнинг ишчиси эканини, маош ёзишганини айтган ва бу ҳолатга изоҳ сўраган.
“Қўқон йўл қуриш-таъмирлаш” МЧЖнинг телефон рақамларини топиб, ўзим билан боғлиқ ҳолатга изоҳ сўрадим. Ташкилотдагилар мен ҳақимда хабарлари йўқлигини айтишиб, жавоб беришни исташмади. Ҳолатни изоҳлашмади. Қайси қурилиш ташкилотига қўнғироқ қилган бўлса, худди шу ҳолат кузатилди, — дейди у.
“Дарё” журналистининг аниқлаштиришича, Дилшод Мирзаевни ишчиси сифатида кўрсатган “Қўқон йўл қуриш-таъмирлаш” МЧЖ 2023 йилнинг сентябрь ойида унга 148 335 сўм маош ёзган. Шунингдек, августда 122 минг сўм, октябрда 107 минг, ноябрда 83 минг, декабрда эса 72 минг сўм маош берганини билдирган.
Ўнлаб қурилиш ташкилотлари менга шу тарзда маош ёзган. Лекин бирортасини кўрмаганман, маошни олмаганман. Базада шундай маълумот кўриниб тургани учун нафақа ҳам ололмадим. Буларга қонуний чора кўрадиган одам йўқми? — дейди Дилшод Мирзаев.
Аниқлаштирилишича, “Ромитан транс йўл қурилиш” МЧЖнинг 2023 йил 15 февралда топширилган ҳисоботида 2023 йил январь ойи учун 87 нафар ходимга 338 миллион сўм иш ҳақи акс эттирилган. 2024 йилнинг 20 февралдаги янгиланишда эса 1087 та ходимга 338 миллион сўмга қайта ҳисобот топширилган.
Шу тарзда қолган ойларни ҳам ёпган. 26 июндаги янгиланишда йиллик ишчилар сони 13044 нафарни ташкил этган. Бу натижа 24 минг нафар ишчим бор, деб ҳисобот берган “Файзли Алимардон” МЧЖ кўрсатган натижадан анча кам, — дейди у.
“Дарё” манбаси билан гаплашган 5 нафар шундай ишчиларнинг 2 нафари ўзини ўзи банд қилган фуқаро бўлиб чиққан.
Бу жуда жиддий масала, мен беш киши билан гаплашганимда, маълумотларни текширганимда уларнинг икки нафари ўзини ўзи банд қилган ходимлар бўлиб чиқди. Энди қурилиш ташкилотларининг ишчиси сифатида кўрсатилаётган 13 минг нафар одамнинг ичида камида 2000 нафари ўзини ўзи банд қилганлар бўлиб чиқади. Ўзига тўқ қурувчи шахсий манфаатини кўзлаб, бир иккита объект оламан деб, 13637 нафар инсон, яъни абитуриент, талаба, ҳамшира, ўзини ўзи банд қилганлар ва ҳоказоларни ўзларининг розилигисиз, билдирмай озгина иш ҳақи ёзиши оқибатида ишчим деб кўрсатмоқда. Бу эса кам таъминланган ёки арзимаган пулга ишлаётганларнинг ёрдам пули, бола пули, кредит олиши каби юмушларида сарсон бўлишига, тушунмовчилик келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, даромаддан қолдириши ҳам мумкин. Ўз-ўзини банд қилганлар солиққа базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварича маблағ тўлаган. Уларнинг розилигисиз арзимаган иш ҳақи ёзилгани учун солиқ базасида улар ишлаётган ходим сифатида кўринади ва автоматик тарзда ўз-ўзини банд қилган инсонлар рўйхатидан чиқарилади. Улар тўлаган пулларига куйиб қолаверади, — дейди манба.
Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган “Файзли Алимардон” МЧЖ 2023 йил январда 43 нафар ходимга 33 миллион сўмлик ҳисобот топширган. 2024 йилнинг 27 февралидаги ҳисоботда эса 43 нафар ишчига маошни 132 миллион сўм қилиб кўрсатиб, қайта ҳисобот топширган. Қизиғи, шу ташкилот 29 февралда маълумотларини янгилаб, яна ҳисобот топширяпти ва ишчиларини 2000 кишига ўзгартириб, маошини ўша-ўша 132 миллион ҳолатида сақлаб қолган.
Бу ҳолат жамоатчилик, хусусан, қурувчилар муҳокамасига сабаб бўлгач, 2024 йилнинг 1 июль куни ҳисоботини ўзгартириб, 43 нафар ходим ва 33 миллион сўмлик маошга қайтмоқда. Лекин бу солиқ органидан тасдиқлангани йўқ. Чунки солиқлар камайган, уни ўрганиб ёки фирма раҳбарияти бирор танишига илтимос қилса, тасдиқланиши мумкин. Январь тасдиқланмай туриб кейинги февраль—декабрь ойларига қайта ҳисобот топширолмайди. Баъзи корхоналар кўрсатмаларга амал қилмасдан формулага ўзгартириш киритиб, солиқни ошириб ҳам ҳисобот топширган. Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган “Бахтиёр Термиз бахт” МЧЖ йилнинг барча ойларига эмас, балки октябрь, ноябрь, декабрь ойларигагина қайта ҳисобот киритган. Масалан, 2023 йилнинг 3 ноябрь куни 2023 йил октябрь ойи учун 13 нафар ходимга 12,7 миллион сўмлик ҳисобот топширган бўлса, қўшиб ёзилган қайта ҳисоботда 13650 нафар ишчи ходимга 40,9 миллион сўм кўрсатган. Натижада платформада йиллик ишчилар сони 29712 нафарга етиб, максимал балл олишга эришган, — дейди “Дарё”га бу ҳолатни очиқлаётган манба.
Жиззахда қурувчиларга маслаҳат берувчи ташкилот тузиб, шу орқали ҳар бир қурувчидан 5 минг долларга яқин хизмат ҳақи олаётгани айтилаётган Севара Йўлдошева “Дарё” журналисти билан суҳбатда Бандлик бошқармасида ишлаганини тасдиқлади.
Биз маслаҳат берувчи ташкилотмиз. Ўзим уч йил олдин Бандлик бошқармасида ишлаганман. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳар бир ишчининг классификация коди чиқади. Ҳар бир йўналишники алоҳида. Органники, қурилишники, тиббиётники алоҳида чиқади. Директор ёки раҳбар ҳамма ташкилотда бўлиши мумкин, аммо қурилишдаги ва саноатдаги раҳбарларнинг коди алоҳида бўлади. Биз қурилиш ташкилотлари тақдим қилган маълумотлар бўйича ходимларини “тахлаб берамиз”, холос. Сиз айтаётган ишга бизнинг умуман алоқамиз йўқ, — дейди Севара Йўлдошева.
Манбанинг таҳририятга тақдим этган аудиоёзувида Севара Йўлдошеванинг унга ҳақ тўлаб, хизмат буюрган қурувчиларга қилган мурожаати эшитилган.
Ҳурматли қурувчилар, мен жудаям хурсандман. Аллоҳим юзимни ёруғ қилди. Орамизда ҳамма кимга қандай формула қилиб берганимни билади-я? Уч баллгача ваъда қилгандим. Сал кам беш баллгача чиққан. Йўлники ўнгача чиққан. Юзим ёруғ бўлди. Биласизларми, мен шу формулани ўйлаб, сал кам бир ойгача ухламаганман. Сизлар учун ҳаракат қилдим, меҳнат қилдим. Айтганимдек, эски мезон бўйича бўлди. Нима айтган бўлсам, ҳамма ўша натижага эришди, — дейди у.
Севара Йўлдошева “Дарё” журналистининг мазкур аудиоёзув бўйича берган саволига жавоб берар экан, овоз уники эканини, бироқ айтган гаплари нотўғри талқин қилинаётганини, у ҳеч қандай формула тузмаслигини, тузилган формулани ечиб бериб, қурувчилардан шунга ҳақ олишини маълум қилди.
Ўзини Дилмурод Темиров деб таништирган қурувчининг айтишича, у 2009 йилдан бери йўл қурилиш билан шуғулланиб келади. “Шаффоф” тизими ишга тушгач, қурилиш объектларини ютиб олишда муаммоларга дуч келган. Шундан сўнг, ўзининг таъбири билан айтганда, “мутахассисларни жой-жойига қўйиш учун йилига 12 миллион сўм тўлаб, Севара Йўлдошева хизматидан фойдаланган”.
Мутахассисларни жой-жойига қўйиш учун Севара Йўлдошева раҳбарлигидаги маслаҳат маркази хизматидан фойдаланамиз. Бу киши тақдим қилган ходимларимизни код бўйича тахлаб, рўйхатга киритиб беради. Бунинг учун йилига 12 миллион сўм тўлайман, — дейди “Болта ота UGS” МЧЖ раҳбари эканини айтган қурувчи.
Севара Йўлдошевага ҳамроҳлик қилиб келган яна бир қурувчи “Бунёдкор лухе” МЧЖ масъули Зафар Худоёровнинг айтишича, улар “шаффоф” тизимидаги формулаларни ечишга қийналади. Шу сабаб Севара Йўлдошева раҳбарлигидаги маслаҳат берувчи ташкилот хизматидан фойдаланади. Бироқ ишчилари сонини сунъий равишда ошириб кўрсатмаган.
Тизимдаги мураккаб формулани биз ечолмаймиз. Шу сабаб бу кишининг хизматидан фойдаланамиз. Лекин ишчиларимиз сонини кўпайтириб кўрсатмаймиз. Сабаби ишчилар сонининг кўплиги балл ошишига хизмат қилмайди, — дейди Зафар Худоёров.
“Дарё” юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Қурилиш вазирлигига савол йўллади. Вазирлик ахборот хизматининг масъулларга таяниб хабар беришича, рейтинг қайта кўриб чиқилиши учун барча тендерлар тўхтатилган. Рейтинг шартлари янгилангач, ҳеч қандай тендер савдолари ўтказилмаган.
Ана шу ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида ҳозир янги мезон ишлаб чиқилди. Эндиликда меҳнат ва солиқ тизими орқали текшириб, ходимлар сони текширилади. Қурувчилар янги мезон бўйича ходимларни юритиши керак бўлади. 2024 йилнинг август ойларида рейтингни янгилаймиз, — дейди вазирлик масъули.
“Дарё” мавзуга яна қайтади.
Изоҳ (0)