Ёшлар орасида 90 йилларнинг энг машҳур қўшиқчиси, қисқа вақт ичида танилиб, гастрол сафарларида бир стадионда 2-3 маротаба концерт берган, бугунги кунда тўйлардаги “бирров”и нархи жуда қиммат бўлган хонанда Тоҳир Содиқов 1 июль куни 52 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан хонанданинг болалиги, илк муҳаббатини қандай учратгани ва ижодий фаолияти ҳақида маълумот берамиз.
“Шўх бўлсам-да, аълочи эдим”
Тоҳир Содиқовнинг болалигидаёқ дунёдан кўз юмган отаси Баҳромжон Содиқов захирадаги офицер ва учувчи бўлган. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин масъулият ўз елкасига тушгач, онаси заводга ишга кирган. Болалигини жуда яхши эслайдиган хонанда мактабда энг шўх ўқувчилардан бири бўлган бўлса-да, яхши ўқиган.

— Мактабда жуда шўх эдим, лекин 10 йил ўқиб бирор марта чорагимга уч баҳо олмаганман. Тўрт баҳоларим ҳам бир-иккита бўларди, холос. Китоб ўқиш жон-у дилим эди. Мен ўзбек синфда, опаларим эса рус синфда ўқишган. Аммо рус тилини ҳам жуда яхши билардим. Мактабдош дўстларимиз билан 1989 йили гуруҳ ташкил қилиш ва қўшиқ айтиш фикри пайдо бўлган. Жавоҳир Зокиров поччаси билан гаплашиб кўришини айтган. У пайтда Наргиз Зокированинг турмуш ўртоғи Руслан Шарипов эди, дейди Тоҳир Содиқов.
“Гуруҳимиз номи Руслан Шариповнинг ўзбекчани билмаслиги сабаб келиб чиққан”
Жавоҳир Зокиров сабаб Тоҳир Содиқов Руслан Шарипов билан танишган. У ўз даврининг энг ҳит қўшиқларини ёзадиган бастакори эди. “Болалар” гуруҳининг илк таркибида Баҳодир Пўлатов, Тоҳир Содиқовнинг акаси Ҳусан Содиқов, Жавоҳир Зокиров, Наргиза Зокирова, Тофик Мордухаев, Тоир Одилов ва Тоҳир Содиқовлар бўлган.

— Ҳамма билади, ўша йиллари Юрий Шатунов бошчилигида “Ласковий май” гуруҳининг ижоди гуллаган йиллар эди. Биз ҳам барча ёшлар сингари уларга ҳавас қилардик, баъзида ўхшашга интилардик. Гуруҳга ном топиш керак бўлганида ҳам “Жозибадор май” деб номламоқчи бўлганмиз. Бир куни Руслан Шариповнинг офисига бориб, шу борада гаплашиб қолдик. У ўзбек қўшиқчилари билан ишласа ҳам, бу тилни унча яхши билмасди. Ёшимиз деярли тенг бўлса ҳам, “Пацани” деб мурожаат қиларди. Шунда Баҳодир Пўлатов “Болалар” деб қўйсак-чи, деб таклиф киритди. Ном барчага маъқул бўлганидан кейин шундай номлашга қарор қилдик, дейди хонанда.
“Бир машина пулимиз бўлса-да, овқатланолмас эдик”
Гуруҳ илк яккахон концерт дастурини 1990 йил 23 февралда “Алпомиш” спорт саройида тақдим этган. Январь ойида эса “Эсингдами сени” номли илк альбоми чиқарилди. Орадан уч ой вақт ўтмасдан мухлислардан концерт бериш борасида жиддий таклифлар тушган ва улар “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт берган.

— Ўша йилларда концерт ташкилотчилари бўлиб ишлаган инсонлар “Болалар”ни жуда яхши эслашади. Талаб юқори бўлгани учун битта стадионда икки-уч маротаба концерт берардик. Жамоамиз катта эди, унинг устига дискотека руҳиятини яратиш учун чироқлар ва овоз кучайтирувчи ускуналарни ҳам ўзимиз билан олиб юрардик. Энди Тошкентга қайтамиз деганимизда яна қайсидир вилоят ёки қўшни республикадан таклиф тушарди. Аммо жуда қийин йиллар эди. Бир машина пулингиз бўлса ҳам, дўконларда сотиб олишга нарса бўлмасди. Гастролларда овқатдан кўп қийналардик, дея эслайди Тоҳир Содиқов.
“Америкадаги дўконда мусиқий альбомимни қолдириб келганман”
Тоҳир Содиқов илк бор АҚШга борганида кўзларига ишонмагани ва мусиқий дўконда бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

— Биринчи марта АҚШга борганим пайтларимда кассеталар йўқолиб, дисклар пайдо бўлаётган йиллар эди. “Болалар” гуруҳи Ўзбекистондан биринчилардан бўлиб альбомини диск кўринишида чиқарган. Яширмайман, ўшанда АҚШдаги баланд биноларни кўриб оғзим очилиб қолганди. Мусиқий альбомлар дўконига борганмиз. Мамлакат ҳарфини танласангиз, у ердаги машҳур қўшиқчиларнинг номи чиқар экан. Ўзбекистонлик қўшиқчилардан Турғун Алиматов, Муножот Йўлчиева ва “Ялла” гуруҳининг альбомлари сотилар экан. Сотувчига 10 та янги альбомимни қолдириб, картатекага киритиб қўйишини сўрагандим, дейди Тоҳир Содиқов.
“Рафиқамни ёмғир тагида қолиб кетганида учратиб, ёқтириб қолганман”
Қўшиқчи уйланган ва илк бор ота бўлган кунини ҳаётидаги энг бахтли кунларидан деб атайди. Хўш, аёли Шаҳноза билан муҳаббат тарихи қандай бўлган?

— Бир куни Тошкентдаги Қорасув даҳаси томондан қайтаётгандик. Ёмғир ёғиб турибди, бир қиз йўлда кетаётган экан. Унга раҳмим келиб тўхтасам, “Керакмас, кетаверинг” деб ноз қилган. Эртаси куни ҳам уни йўлда кўрганман. Хуллас, кўнглим тушиб, уй телефонини сўраганман. Аммо мени ҳалигача қизиқтирадигани Шаҳноза у даҳада яшамаган, ўқимаган бўлса (кулиб). Мен билан учрашиш учун атайин йўлимдан чиққанмикан?
Аёлим билан тўрт йил давомида бир-биримизни синаганмиз. Онамга совчиликка боринг, десам, “Аввал ишни пишит, борсам, уйдагилари йўқ деса-чи”, деган. Чунки онам жуда ғурурли инсон бўлган. Хуллас, бир-биримизни синаганимиздан кейин оила қуришни таклиф қилганман. Икки қиз ва бир ўғил фарзандни тарбияладик. Шаҳнозанинг асл касби шифокорлик, аммо фарзандларимиз сабаб ишламади, уларнинг тарбияси билан шуғулланди, дейди Тоҳир Содиқов.
“Ёш болалар билан дуэт куйламайман”
Тоҳир Содиқов ўзбек эстрадасида дуэтдош танлаш борасида энг инжиқ хонанда ҳисобланади. Ҳатто, у Cover Up лойиҳасида ғолиб бўлган ёш ижодкор билан дуэт куйлашни ҳам рад этган. Бунинг сабабини эса қуйидагича изоҳлайди.

— Юристим ва менежерим бор. Мен аввалдан дуэтларни шунчаки ижро этган одам эмасман. Таклиф у хонанда томонидан киритилаётган бўлса, албатта, ҳақ сўрайман. Мен билан дуэт айтиш учун 25-30 минг АҚШ доллари миқдорида гонорар тўлаши керак. Кўрсатувга борганимда кутилмаганда дуэт айтасиз, деб қолишган. 34 йиллик санъаткор ёш ижрочи билан дуэт куйлаши қанчалик тўғри? Дадаси ёки канал маъмурияти пул берса, бошқа гап эди, дейди хонанда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов бир кунда 3 тагача тўйда иштирок этади. Унинг Тошкент тўйларидаги “бирров”и нархи 2000 доллар этиб белгиланган.
Изоҳ (0)