Ўзбекистонлик аёллар Словакияга қандолатчилик йўналишида ишга таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

Унга кўра, Миграция агентлиги ҳамкорлигида Словакиянинг “Гетбид, с.р.о.” корхонаси томонидан аёллар учун бўш иш ўринлари эълон қилинмоқда. Бўш иш ўрни — қандолатчи (кондитер) ёрдамчиси. Ойлик иш ҳақи 816 евродан 1016 еврогача (қўшимча мукофот пуллари билан). Иш ўринлари сони 30 та. Иш вақти эса 4 сменали ҳафталик жадвал асосида, 8 соатдан 12 соатгача.
Номзодларга қўйиладиган талаблар:
- 40 ёшгача бўлган аёллар;
- олий маълумотга эга бўлиш;
- рус ёки инглиз тилини мулоқот даражасида билиш;
- санитария қоидалари ва ишлаб чиқариш тартибига қатъий риоя қилиш;
- камида 1 йиллик иш тажрибасига эга бўлиш;
- танлов суҳбат асосида амалга оширилади.
Иш берувчи қуйидаги харажатларни ўз ҳисобидан қоплайди (ойлик иш ҳақидан ушлаб қолинмайди):
- ишга бориб-келиш транспорти;
- яшаш жойи;
- иш вақтида овқатланиш;
- тиббий суғурта.
Номзод зиммасида:
- авиачипта харажати;
- виза расмийлаштириш харажатлари (иш бошлагандан сўнг Миграция агентлиги томонидан қоплаб берилади).
Шунингдек, агентлик ҳамкорлигида Словакиянинг “ҲУДОС с.р.о.” компанияси томонидан юк машинаси ҳайдовчилари учун бўш иш ўринлари эълон қилинмоқда. Иш тури: CE тоифали юк машинаси ҳайдовчиси. Ойлик маош тўлиқ ишга қабул қилингандан сўнг кунига 75 евро. Бўш иш ўринлари сони эса 30 та.
Маълумот учун, Словакиянинг доимий аҳолиси сони 5,5 миллион кишидан иборат. 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 132,9 миллиард долларни ташкил этган. Бу миқдор аҳоли жон бошига қарийб 24 163 доллардан тўғри келади.
Таққослаш учун, айни пайтда Ўзбекистон аҳолиси 37,5 миллион нафардан ортган. 2024 йилда республика ялпи ички маҳсулоти ҳажми 115 миллиард долларни ташкил этган. Бу аҳоли жон бошига 3063 доллар дегани.
2024 йилда Ўзбекистонга хорижий давлатлардаги меҳнат муҳожирлари 14,8 миллиард доллар пул юборган. Бу 2023 йилдагидан 3,4 миллиард долларга кўп. Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 миллиард доллар) келиб тушган. Шу билан бирга, Қозоғистондан 795 миллион доллар, АҚШдан 577 миллион доллар, Жанубий Кореядан 534 миллион доллар, Туркиядан 405 миллион доллар, Буюк Британиядан 135 миллион доллар ўтказилган.
Изоҳ (0)