Жорий йил 10–12 июнь кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Тадбирдаги чиқишида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов хусусийлаштириш бўйича айрим маълумотларни очиқлади. Қуйида агентлик раҳбари нутқидан айрим фактлар келтирилади.

Тўрт йиллик сотувлар қиймати
Охирги тўрт йилда яқин 47 триллион сўм қийматидаги 8 мингдан ортиқ давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активларини сотишга эришдик. Бунда бевосита давлат ўзи сотиши билан бирга, давлат корхоналари ҳам мулкларини тез-тез сотиши учун имконият яратилди.
Давлат корхоналарининг қарийб уч мингдан ортиқ бинолари бўш турган эди. Кейин улар мазкур бинолари ва кичик-кичик корхоналарни сотиб, ўз ҳисобларига 8 триллион сўмдан ортиқ маблағ туширган. Шу билан бирга, 4,5 мингдан ортиқ давлат активлари бевосита давлат мулки сифатида сотилган.
Бизга “Ўзбекистон–2030” стратегиясида 2030 йилгача хусусий сектор улушини 85 фоизга етказиш, давлат корхоналари сонини олти бараварга қисқартириш юклатилган. Бу жуда ҳам катта режа.
Жорий ва келгуси кутилмалар
2025 йил учун апрель ойида тасдиқланган қарор ва фармонда олдимизга катта режалар қўйилди. Жами 600 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари ва 300 га яқин давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича йирик дастур қабул қилинди.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш тартиби ҳам қонуний белгиланган. Бу жараёнда юқори натижаларга эришяпмиз. Масалан, 2024 йилда аукцион тизими орқали тўрт минг гектардан ортиқ ерларни 4,4 триллион сўмга хусусий секторга сотишга эришдик. Одамлар аукциондан ер сотиб олишга қизиқиб, савдолар очиқ ва шаффоф бўлгани учун бемалол иштирок этишяпти. Шу йилнинг дастлабки беш ойида яқин 2,5 триллион сўмлик ерлар сотилди.
2025 йилнинг ўзида хусусийлаштириш ҳажмини 30 триллион сўмга етказиб, бевосита 10 триллион сўм тушумни таъминлаш режа қилинган.
Охирги беш йилда 2,5 мингга яқин давлат улуши бор корхоналар сотилишини таъминладик. Яна икки мингга яқинини ё тугатдик, ё ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилди.
Бугунги кунда 2,2 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналаримиз бор. Уларнинг ҳам 800 таси бўйича хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёни бошланган. Шундан айримлари савдо жараёнида турипти, бошқаларини савдога тайёрлаш ишлари кетмоқда. Келгусида 2,2 мингта корхона сонини ҳам олти баробарга қисқартирамиз.
Сотилиш арафасидаги йирик активлар
Дастур асосида биринчи энг катта ва жозибадор активимизни сотишни эълон қилдик. Mobiuz савдо белгиси остида телекоммуникация ва уяли алоқа хизматини кўрсатувчи UMS компаниясидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича халқаро савдони бошладик.
Сотув жараёнини халқаро ва профессионал консултантлар иштирокида амалга оширамиз. Бунга бевосита Rothschild инвестиция компаниясини жалб қилдик. Биз бу компания билан 2021 йилда Coca-Cola компаниясидаги 57 фоиз давлат улушини 252 миллион долларга сотиб, яхши натижага эришгандик. Яхши ният қиляпмизки, UMS компаниясидаги давлат улушини ҳам Rothschild ҳамкорлигида яхши инвесторга, муносиб баҳода сотамиз. Албатта, сотув жараёни маҳаллий ва халқаро инвесторлар, соҳа тадбиркорлари учун очиқ ва рақобат муҳитига таянган ҳолда амалга оширилади.
Яқин кунларда молия соҳасидаги активларимиздан “Ўзбекинвест” ва “Агросуғурта” суғурта компанияларидаги давлат улушларини халқаро савдога олиб чиқмоқчимиз. Бунинг учун ҳозир Big Four ва Deloitte консалтинг компаниялари ёлланган. Ҳозирда мазкур иккита йирик активни сотиш бўйича охирги тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.
Янги дастуримизда 29 та катта активлардан иссиқлик электр станцияларини сотиш режалаштирилган. Улар сони 10 та бўлиб, асосий электр ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз ҳисобланади. Биз мазкур станцияларни қандай қилиб хусусийлаштиришимиз керак, деган саволга жавоб бериш учун KPMG компаниясини ёллаганмиз. Улар бизга хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиб беряпти. Яқин кунларда якуний таклифларини тақдим этади ва сотув жараёнини бошлаймиз.
Дастур асосида меҳмонхона, кўчмас мулк объектлари ва автосаноат соҳасидаги корхоналар ҳам сотиляпти.
Кўпчиликда йирик компаниялар ҳисобланган UzAutoMotors ва UzAutoMotors Powertrain кабиларни сотишни қандай уддалайсизлар, деган савол бўлиши мумкин. Бунда ишимизни савдо белгиси ва ҳамкор General Motors компанияси билан бирга тузилган шартномаларга қатъий амал қилиб, юридик консултантларни жалб этган ва ҳар қандай чекловчи ҳолатларни ўрганган ҳолда ташкил қиламиз. Жараён юридик консултантлар берган тавсиялар асосида кечади.
Изоҳ (0)