Ҳамкасблари билан дуэт тарона куйлаш аслида янгилик эмас. Чунки бундай ҳамкорлик ҳар бир хонанданинг ижодида топилади. Аммо битта қўшиқ сабаб низога учраган ва муносабатлари ёмонлашган ҳолатлар ҳам бўлган.
Шаҳзода “Жоним” билан кўтарилишни истамаганми?
1999 йили ташкил этилган “Жоним” гуруҳи ўз даврининг энг ҳит қўшиқларини яратган ва қисқа муддатда мухлислар кўнглидан жой олган. Азиза Насриддинованинг фикрича, дуэтдоши Зилола Мусаева гуруҳ билан “кўтарилишни” истамаган. Ҳатто унга биргаликда куйланган қўшиқларни айтишни ҳам тақиқлашган.

— Гуруҳнинг тарқатилишига Зилола Мусаева сабабчи бўлган. “Қарама кўзларимга” қўшиғи ҳит бўлганидан кейин 2001 йилнинг 1 январь куни бир дугонам қўнғироқ қилиб, “Тинчликми? Нега бундай қиляпсан? Таниқли гуруҳ бўлганди-ку” деб сўраган. Кейин билсам, улар радиога яккахон хонанда бўлиб гуруҳни тарк этганим ҳақида интервью беришган экан. Бу хабарни эшитиб “шок”ка тушдим. Сабабини сўрасам, кулиб “Бу ҳаёт” деб жавоб беришган. У пайтлари ёш қиз эдим, шартномани аниқ ўқимай қўл қўйганман. Хуллас, гуруҳнинг барча муаллифлик қўшиқлари, номи компанияга тегишли деган банди бор экан. “Ахир қўшиқларнинг яратилишига пулни мен тикканман-ку”, деб сўраганимда “Бу ҳаёт”, деб кулиб жавоб беришган.
Тўғри тушунаман, продюсерлик компаниялари истеъдодли бўлган хонандаларга пул тикади, шу орқали фойда олади. Зиёда, Ойбек Нигора, “Божалар” ҳам продюсерлик компанияси орқали “кўтарилишган”. Аммо шартнома муддати тугагач, қўшиқ, клип ва саҳна либослари ҳам уларнинг ўзида қолган. Мана бу ҳақиқий мардлик. Бизда эса ҳамма нарсани ўзларида олиб қолиб, қўпол қилиб айтганда яланғоч ҳайдаб солишган. Ўз пулим эвазига яратилган қўшиқларни ҳам айтиш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. “Айтсанг жарима тўлайсан”, дейишганидан кейин жуда ёмон аҳволга тушганман.
“Жоним” гуруҳидан кейин иккита альбом ёздим. Аммо уларни оммага чиқариш имкони бўлмади. “Нега ишламагансиз, қўшиқларингизни эшитмаганмиз”, деб кўп сўрашади. Ҳамма ерга “запрет” қўйишганидан кейин қандай қилиб ишлайман. Шоира Отабекова ва “Сетора” гуруҳи ҳам худди шундай вазиятга тушган.
Мана шу воқеадан кейин 3-4 ой ўзимга келолмай, кўчага ҳам чиқмай қўйдим. Шу вазиятда бастакор Шаҳнознинг ёрдами катта бўлди. Ичимдаги дардларим асосида қўшиқлар яратиб берди.
Ўша вазиятда концерт ёки радиога борсам, “Узр, сизни чиқаролмаймиз, ишдан кетгимиз келмаяпти”, деб тушунтиришади. Лицензия бор, қўшиқ бор ва оммага чиқишга рухсат бўлмаган, дейди хонанда Азиза Насриддинова.
Рашид Холиқов: “Севара мени ранжитди”
Рашид Холиқов ва Севара Назархон ижросидаги “Бир кам дунё” таронаси ҳам энг муваффақиятли дуэтлардан бири ҳисобланади. Афсуски, бу ҳамкорликдан кейин ижодкорларнинг муносабати ёмон томонга ўзгарган. Рашид Холиқов ва Севара Назарова бир-бири билан гаплашмайди.

— Севарахон бу қўшиқнинг қандай яратилганини ҳам билмайди. Биз қўшиқ муаллифи Шуҳрат Зокиров билан кечалари ўтириб, айрим жойларини ўзгартириб, меҳнат қилганмиз. Бу қўшиқ йиллар давомида севимли бўлиб қоладиган қўшиқ бўлди. Ҳатто у ўзбек тилини билмайдиган чет элликларга ҳам ёққан.
Севара эса бу қўшиқни студия ёзиладиган куни ёки ундан бир кун аввал эшитган. Бошида қўшиқни бир ўзим ижро этишим керак эди. Бироқ сериал режиссёри Мадина Мўминова қўшиқни Севара Назархон билан куйлашимизни таклиф қилди. Шундай қилиб “Бир кам дунё” дуэтга айланди. Халққа жуда манзур бўлди бу қўшиқ. Орадан йиллар ўтиб Севаранинг концертларда, тадбирларда бу қўшиқни бир ўзи айтаётганини эшитдим.
Шуҳрат бу қўшиқнинг муаллифи, мен эса продюсер ва буюртмачиман, Севара эса бу қўшиқни бир ўзи куйлаяпти. Тўғрисини айтсам, бу ҳолат мени бир оз ранжитди. Нимагаки Шуҳрат менга “Рашид ака, менга телефон қилиб шу қўшиқнинг муаллифлигини сўрашди” деди. Шунча йилдан бери мен сўрамаганман бу қўшиқнинг муаллифлигини, дейди Рашид Холиқов.
Райҳон: “Дж Пилигрим инсон сифатида ҳурматини йўқотди”
Хонанда Райҳон Дж Пилигрим билан бирга “Муҳаббат” номли дуэтни ижро этганди. Аммо қўшиқ оммалашмай, хонанда Райҳон дуэтдошидан ранжигани ҳақида айтиб ўтди. Энг қизиғи, ундан кейин дуэтдошлар масаласи ички ишлар органларида ҳам ўрганилган. Бунга сабаб Райҳоннинг розилигини олмай, дуэтдоши қўшиқни оммага чиқариб юборган. Райҳон эса интервьюсидан бундан ранжигани ҳақида айтган. Турган гапки, бу Дж Пилигримга ёқмаган.

— Ростини айтсам, бу инсон кўз ўнгимда ҳам инсон, ҳам хонанда сифатида шунчалик ҳурматини йўқотдики, мен у ҳақда умуман гапиришни истамасдим. У томондан шу қадар паст ишлар бўлдики, бу ҳақиқий эркакларнинг иши эмас, нафақат ҳақиқий эркакларга, балки инсонларга ярашмайдиган ҳаракатлар. Мен унинг қайси динга эътиқод қилишини билмайман, лекин биз, алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз. Бу ҳолатда уни Оллоҳга топширдим, инсоф берсин унга!”, дейди Райҳон.
Кейинчалик Райҳонни ички ишлар органига чақиришган ва Илҳом Йўлчиев уни шахсиятга тегадиган гапларни айтиб ҳақорат қилгани ҳақида эътироз билдирган. Тўрт тилдаги жумлалар аралашмасидан яратилган қўшиққа клип суратга олинмади. Дж Пилигримнинг ўзи қўшиқни қайта ижро этиб, оммага тақдим этди. Аммо натижалар у қадар яхши бўлгани йўқ.
Мансур Агалиев: “У қўшиқ биз учун ўлди”
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Хаста” қўшиғи сабаб жавобгарликка тортилгани ва муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ортидан шоирга товон пули тўлаганди. Бу воқеага хонанданинг турмуш ўртоғи ва продюсери Мансур Агалиев қуйидагича муносабат билдирганди.

— Шоир Йўлчи Рўзиев билан келишиб олинди. Аммо судда ишлайдиганларни унчалик тушунмадим. Жиноят ишлари билан шуғулланадиган суднинг медиага нима алоқаси бор? Бу соҳа вакиллари қўшиқни ижодкордек тушунишмайди-ку. Шоир билан келишдик, “Бу қўшиқ биз учун ўлди!” дедим. Шу билан бирга у йигит ҳам ижодини ўлдиргандек бўлди. Чунки оммага чиқиб, “Шеър учун пул бермади”, дейиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Битта концертда иштирок этадиган оркестр учун 300-400 миллион пул бераётган одам шеър учун 200-300 АҚШ долларини беролмайманми? Менимча, душман билан уришгандан фойда йўқ. Уни яхшилик қилиб уялтириш керак. Аммо Юлдуз опангиз бўлган ишлардан қаттиқ хафа бўлди. Чунки суд иши бошланганидан кейин 4 ойгача унга билдирмасликка ҳаракат қилдик.
Аммо бир куни йўлда кетаётган “участкавой” тўхтатди. “Нима муаммо менга айтинг”, десам “Опани ўзлари билан гаплашишим керак”, деди. Дабдурустдан “Опа сизни устингиздан ариза тушган”, деганди Юлдуз йиғлаб юборди. Шунга ҳам йиғлайсизми, деб уни юпатдим, аммо у хафа бўлди.
Аслида бу қўшиқнинг яратилиш тарихи бор. Концерт арафасида “Халқлар дўстлиги” санъат саройидаги кассани баҳорий қилиб безатишга қарор қилдим. Сарой кассаси қанчалик совуқ ва зах эканини кўпчилик билади. Қишда эса янада совуқ бўлади. Дизайн тайёр бўлгунича ўша ерда туриб, тобим қочиб қолди. Қийналаётганимни кўргач, йиғлаб ўша шеърни қаердандир топиб қўшиқ қилган. Аммо шеърда “Касал бўлма, Моҳинур” деб ёзилганди. Қўшиқ чиройли чиқиши ва мусиқага мос бўлиши учун “хаста” сўзи билан боғлиқ нақаротни ёзган.
Шоир ёмон бола эмасди. Нима жин урди, билмайман бирдан ўзгариб қолди. Балки, ҳақиқатан ҳам пулга муҳтож бўлиб қолгандир, билмайман. Олган пулини яхши кунларига ишлатсин, дейди Юлдуз Усмонованинг турмуш ўртоғи Мансур Агалиев.
Хонанда қўшиққа янги шеър ёздириб, уни қайтадан ижро этди. Аммо натижа аввалгисидек бўлгани йўқ.
“Наргиз Зокирова ишончга кирган оддий ўғри”
Россиялик бастакор, продюсер Максим Фадеев хонанда Наргиз Зокированинг Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган концертида муаллифлик ҳуқуқи бузилиши эҳтимоли бўйича Ўзбекистон Маданият вазирлигига хат йўллаган. Бастакор Instagramъдаги саҳифасига хонанданинг “ўғри” эканини таъкидлаб, муаллифлик ҳуқуқининг бузилишига йўл қўйса, уни судга беришини айтган.

— Наргизнинг ўтказилиши режалаштирилаётган концертининг барча ташкилотчиларига мурожаат қилиб шуни маълум қилмоқчиманки, бу хонанда бировнинг мусиқасидан фойдаланиш ўғрилик эканлигини тушунмагунча, биз мурожаат йўллашда давом этамиз.
Менинг ҳуқуқларимни бузгани ҳақидаги фактларини ёзиб борамиз ва ҳар бир концерт ўтказилган жойни судга берамиз. Вақтни ҳам, ресурсларни ҳам аямаймиз. У 27 июль куни Тошкентда концерт ўтказишни режалаштиряпти, хатимиз зудлик билан у ерга юборилди, дейди бастакор.
2019 йилда хонанда ва Фадеев ўртасидаги шартнома бекор қилинган ва унга бастакор томонидан ёзилган қўшиқларни ижро этиш тақиқланган. Россияга қарши баёнотларидан сўнг, Фадеев Наргиз Зокировага нима сабабдан қўшиқларини айнан шу тилда ижро этишда давом этаётгани ҳақида савол берган. Наргиз Зокированинг собиқ продюсери хонанда муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда пул топадиган, концерт ўтказадиган барча жойни судга бермоқчилигини айтган.
Фадеевнинг сўзларига кўра, у билан Наргиз ўртасидаги можароларга бастакорнинг хонандага “сочи қириб ташланган бошини ёпиш” учун бош кийим кийишни маслаҳат бергани билан боғлиқ. Хонанда Ўзбекистонга қайтгач, дастлаб ўзини ўзгартириши ҳақида гапирган бўлса-да, бу ишни давом эттирмоқда. Продюсер хонанданинг “ишончга кирган оддий ўғри” эканлигини айтиб, у узр сўраш ўрнига бир неча йиллардан бери ўз уйи бўлган давлатга ва кўп пул топадиган жойига “туҳмат қилишда” давом этаётганини ҳам таъкидлаган.
Аввалроқ хонанда собиқ продюсери Максим Фадеев томонидан ёзилган бир нечта қўшиқни Ўзбекистондаги тадбирлардан бирида ижро этгани, бу эса муҳокамаларга сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
“Наргиз Зокирова Ўзбекистондаги тадбирларда Максим Фадеевнинг қўшиқларини куйлаб, пул ишлашда давом этмоқда. Аслида бу қўшиқлар Наргизга муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун бўйича тақиқланган”, деб ёзади россиялик журналист Алёна Жигалова.
Муниса Ризаева: “Шоҳрух билан келишолмагач, Констани танладим”
Констанинг ва Муниса Ризаева ижросидаги “Ўйламадим” дуэти ҳам аввал бошқа ижодкор билан куйланган. Негадир Муниса Ризаева дастлабки дуэтдоши собиқ “Уммон” гуруҳи хонандаси Шоҳрух билан бирга ижро этилган қўшиқ вариантидан воз кечган.

— Мени яхши кўрган ёки мен яхши кўрган инсон қўшиқни тарқатибди. Бу қўшиқ Конста билан ижро этилди, Шоҳрух билан айтилмади. Бу қўшиқни ҳақиқатан ҳам Шоҳрух билан ижро этмоқчи эдик. Лекин келишолмаганимиз учун қўшиқни Констага беришга қарор қилдим. Аммо Шоҳрух билан айтилган вариантини кимдир оммага чиқариб юборган, дейди хонанда Муниса Ризаева.
Изоҳ (0)