Каталониянинг “Барселона” клуби ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини кучайтириш устида иш олиб бормоқда. Футбол инсайдери Решад Раҳмоннинг ёзишича, клуб “Ливерпуль” футболчиси Луис Диас ва “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Маркус Рэшфордни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилиб кўради.

Манбага кўра, “Барселона” Диасни сотиб олишга тайёр, бироқ Рэшфордни ижарага олишни режалаштирмоқда. Чунки “кўк-анорранглилар” инглиз футболчисининг ҳозирги ҳолатини яхши билади, шунинг учун катта маблағ сарфлаб, таваккал қилишни истамайди. Шу билан бирга, Рэшфорднинг ўзи ҳам Испания гранди сафига ўтишни истамоқда.
Агар бу трансферлар амалга ошмаса, клуб “Арсенал”нинг 23 ёшли футболчиси Габриэль Мартинелли ва “Бавария”нинг 28 ёшли ҳужумчиси Кингсли Команни захира вариант сифатида кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, якунига етган мавсумда “Барселона” Испания Ла Лигаси, Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Каталонияликлар Европа Чемпионлар Лигаси ярим финалида “Интер”га умумий 6:7 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.
Изоҳ (0)